Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Айрилиқ

Айрилиқ

– Дада, ойимни касалхонага олиб кетгандингиз нега келмаяпти?

– ...

– Ойинг укача олиб келади, дегандингиз укача келди, ойим келмадику.

– ...

Салкам бир ҳафтадан бери 3 ёшли Муҳаммад отасига шу каби саволлар беришни тўхтатмайди. Ўзи кутилмаган жудоликдан боши гангиб қолган ота эса қандай жавоб беришни, жондай фарзандини нима деб овутишни билмасдан тили ожиз...

Шу йилнинг 16 июль куни Хатирчи тумани Чиғатой маҳалласида яшовчи 1998 йилда туғилган Санобар Хўрозова иккинчи фарзандига тўлғоқ тутиб, Хатирчи тумани шифохонасига боради.

Якшанба дам олиш куни бўлганлиги учун аёлнинг соғлиги ва аҳволи жойидалигини кўрган шифокорлар операцияни душанбага белгилайди. Эртаси, яъни 17 июль куни врач Шойим Шодиев раҳбарлигида операция (кесарча кесиш) қилинади.  Ўғил фарзанд туғилди, ҳамма хурсанд. Шу куни бемор соат 11-12 ларда операциядан чиқарилиб, палатага олинади. Ҳаммаси кўнгилдагидек. Лекин минг афсуски, тўсатдан беморнинг аҳволи оғирлашиб, кеч соат 17.00 лардан кейин яна қайта операцияга олиб кирилади. Бироқ...

Туғилибоқ онасини кўриш армон бўлиб қолган чақалоқ, 3 яшар гўдак ҳамда ёш оила эгаси бўзлаб қолди. Осмон баланд, ер қаттиқ. Янги меҳмонни ёруғ дунёга келтиришни истаб, ўз оёғи билан юриб келган 25 ёшли Санобар бу ёруғ оламни тарк этди.

Бир қарашда тақдир экан, пешонасига шундай ёзилган экан, куни калта экан дейишингиз мумкин. Лекин бугунги ривожланган тиббиётда юртимизда, қолаверса, жаҳонда кўплаб мураккаб жарроҳлик амалиётлари самарали ўтказилиб, одамлар ҳаётга қайтарилаётган бир пайтда юқоридаги каби аянчли ҳолатни изоҳлаб бўлмайди.

Бу соҳа ислоҳотга, ўз касбига садоқатли, малакали ва тажрибали шифокору ҳамшираларга муҳтожлигини кўрсатади. Эндигина операциядан чиққан аёл врач ва ҳамширанинг доимий назоратига олинганида балки бундай кўнгилсиз воқеа содир бўлмасмиди? Операциядан яхши чиққан бемор палатага ўтганидан кейин оғир аҳволга тушиб қолишига сабаб нима? Ёки операция жараёнида хатолик бўлдими?! Бу каби адоғи йўқ саволларга жавоб топиш энди соҳага алоқадор ташкилотларнинг масъуллари виждонига ҳавола...                      

БахтиёрТошназаров, журналист.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг