Айрим «заправка»лар хавфсиз ҳудудларга кўчирилиши мумкин
Ўзбекистонда фуқаролар ҳаёти ва хавфсизлигига таҳдид солувчи «заправка»лар хавфсиз ҳудудларга кўчирилиши мумкин.
Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, 2026 йил 1 апрелгача шаҳарсозлик, саноат ва ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган ёнилғи қуйиш шохобчалари бошқа жойларга ўтказилади.
Кўчириш харажатлари қонунчиликда белгиланган тартибда компенсация қилинади, янги жойлар эса инфратузилмага эга ҳудудлардан ажратиб берилади.
Ҳисоботга кўра, мамлакат бўйича ўтказилган хатлов давомида 6 196 та шохобчада 46 мингдан ортиқ камчилик аниқланган. Шулардан 464 таси вақтинчалик тўхтатилган.
Лойиҳага мувофиқ, ҳар бир шохобчада ходимлар билимини йилига камида бир марта текшириш, ускуналар ва сигимларни ўз вақтида синовдан ўтказиш, хавфли қурилмаларни аниқловчи махсус дастурий тизим жорий этилади.
Шунингдек, «Ўзэнергоинспекция» ва Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан йилда бир марта мажбурий текширувлар ўтказилиши белгиланган.
Лойиҳа муҳокамаси 11 ноябргача давом этади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter