Банан ширин эмас... нега? (1-мақола)

«Катта иш ташлашлар бошланди. Плантациядаги ишлар таққа тўхтади, мевалар чирий бошлади. Бир юз йигирма вагондан иборат эшелонлар темир йўл шаҳобчасида ҳаракатсиз. Шаҳар ва қишлоқлар ишчилар билан тўлиб тошди. Хосе Аркадио Иккинчи илк бор иш ташлашда иштирок этаётган эди.
Шу туфайли у ишчилар орасида улуғворлик билан кетар, бир пайтлар фақат вагон ювиб юрган одам – энди юзлаб ишчиларнинг умидидек кўринарди.
Улар станцияга жамланишди. Қора булутлар осмонни тўсган, қариялар, болалар, аёллар йиғилганди. Улар кутмоқда эдилар. Аммо у ерга поезд келмади. Унинг ўрнига ҳарбийлар келди. Улар автоматлар билан келдилар. Капитан халққа тарқалиш кераклигини айтди:
– Хонимлар ва жаноблар, тарқалишингиз учун беш дақиқа бор, агар қимирламасангиз ўт очилади.
Бир неча дақиқа ўтди, ҳеч ким силжимади. Шу онда отишма бошланди. Хосе Аркадио Иккинчи оёғи остига йиқилаётган таналарни, босиб кетилаётган болаларни, қўрқувдан бақираётган аёлларни кўрди. Ҳаво қон ва даҳшат ҳиди билан тўлди. У вагонларга тиқилган ўликлар орасида ухлагандай бўлиб ётди. Кўзини очганда, поезд ҳаракатланаётган эди – жасадларга тўла вагонлар Макондони тарк этаётганди.
У уйига қайтиб келганида, оиласи унга ишонмади – Макондода ҳеч қандай отишма бўлмаган. Ҳеч ким ўлмаган. Сен туш кўрибсан.»
Бу эпизод бадиий тўқима эмас, балки ҳақиқат. Габриэль Гарсиа Маркес буни ўз бобосидан эшитган. Унга кўра, 1928 йили Колумбиядаги Сиенага компаниянинг банан плантациялари ишчилари адолатсиз меҳнат шароитларига қарши тинч намойишга чиққан. Жавоб сифатида ҳукумат қўшинлари уларни отиб ташлаган. Маркес бу воқеани «Ёлғизликнинг юз йили» романида унутилмас тасвир билан абадийлаштирди.
Ўша пайтлари газеталар бу қонли воқеа ҳақида сукут сақлаган, «ҳеч ким ўлмаган», деган фикрни олға сурган. Расмий ҳужжатларда ҳам бу қирғин ҳақида фактлар келтирилмаган. Гўё ушбу воқеа бўлмаган. Лекин бу Лотин Америкасининг тарихга муҳрланган ҳақиқати эканлигини интернет замонида яшириб бўлмайди.
Мевалар подшоҳи, калий манбаи банан бутун дунёнинг энг севимли меваси. У ҳар куни дастурхонимизда – бойлар, оддий оилалар, боласи ёшлигидан витаминга тўйишни хоҳлаган она, соғлом турмуш тарзини танлаган спортчи учун доимо мавжуд ва истаганча ейиш мумкин.
«Banana Republic» – бу хунук ибора Америка сиёсатида ҳам, журналистикасида ҳам йирик жараёнларга ишора қиларди. Банан республикаси – сиёсий беқарорликни бошдан кечирган ва чекланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қарам бўлган Лотин Америкаси мамлакатларини тавсифлаш учун ишлатиладиган атама. Унинг асосий белгилари миллий маҳсулотни тақсимлашда сезиларли тенгсизлик, ривожланмаган инфратузилма, таълим ва иқтисодиёт, хорижий капиталга кучли қарамлик, нисбатан юқори инфляция, бюджет тақчиллиги, миллий валюта курсининг пасайиши, диктатура ва коррупциядир.
Бу атама XIX-XX асрлардаги Лотин Америкаси давлатларида – айниқса, Гондурас, Гватемала ва Панамада юзага келган вазиятни англатади.
Chiquita компаниясининг Лотин Америкадаги бошқа фаолияти ҳам шубҳали ва қонли воқеаларга бой. Жумладан, 2007 йили АҚШ Адлия вазирлиги Chiquita Brands International компаниясини Колумбиядаги «AUC» (United Self-Defense Forces of Colombia) деб номланган ҳарбийлашган гуруҳни молиялаштиргани учун айбдор деб топди. Бу гуруҳ халқаро даражада террорчи тузилма сифатида тан олинган ва кўплаб фуқароларнинг ўлимига сабабчи бўлган. Chiquita ушбу гуруҳга камида 1,7 миллион доллар тўлагани исботланган. Бу маблағлар меҳнат шароити ва мулкни ҳимоя қилиш баҳонасида берилган бўлса-да, амалда минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган гуруҳни қўллаб-қувватлаш эди.
Банан етиштирувчи етакчи давлатлар қаторига Ҳиндистон, Хитой, Индонезия, Бразилия, Эквадор ва Филиппин киради.
Банан экспорти маълумотларига кўра, бутун дунё бўйлаб экспорт қиймати 2022 йилдан 6,7 фоизга ошиб, 2023 йилда 14,4 миллиард долларга етди.
Ҳа, бананга талаб кучайгандан кучаймоқда, унинг қурутилгани, шарбати, кукунига ҳам талаб ошиб бормоқда.
Яхши-ку иқтисод ривожланади, севимли бананимиз арзон бўлади, деб ўйлаймиз экспортнинг шиддат билан ўсаётганини кўриб...
Аммо унинг ортидан бугун урушсиз, отишмасиз қандай қурбонликлар берилмоқда?
Халқаро Меҳнат Ташкилоти ва Юнисефнинг 2021 йил ҳисоботига кўра, болалар меҳнатига жалб қилинганлар сони дунё бўйлаб 160 миллионга етди – сўнгги тўрт йилда 8,4 миллион болага кўпайди. Шу болаларнинг камида 70%и қишлоқ хўжалигида, жумладан, банан, қаҳва, какао каби экспортбоп маҳсулотларда меҳнат қилмоқда. Болалар кўп ҳолларда узоқ соатлар давомида кимёвий моддалар билан заҳарланган муҳитда ишлашади. Бу жараёнларда улар таълимдан узоқлашади, соғлигига зарар етади ва болалик ҳуқуқларидан маҳрум бўлади.
Банан тўлиқ етилиб, Қўшма Штатлар ёки Европа бозорига етиб бориши учун уни териш, саралаш, ювиш, эски бананларни ажратиш, юкламоқ керак. Бу ишларни ким қилади: кўпинча болалар ва пулга муҳтож ёшлар.
Коста-Рикада 14 ёшли болалар банан далаларида 12 соатлаб ишлаётгани кузатилган. Улар заҳарли ҳаводан нафас олади, оғир юк кўтаради, мактабга боришга вақт ҳам, имконият ҳам тополмайди. Бир килограмм банан учун ишчи тахминан 4-6 сент (0.04-0.06 доллар) олади. Бир банан учун, демак, одамнинг 5 дақиқалик меҳнати ва соғлиғи қурбон қилинади. Болалар меҳнати коалициясининг амалиётчиси Элли Мерфи томонидан ўрганилган мақолада АҚШ дунёдаги энг йирик банан импортчиси бўлиб, йилига киши бошига 28 дан 30 гача банан истеъмол қилиши таъкидланган. «Дунё бўйлаб банан ҳар йили 100 миллиард истеъмол қилинадиган энг машҳур мева ҳисобланади.
АҚШ Меҳнат Департаментининг USDОL Болалар меҳнати ёки мажбурий меҳнат орқали ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхатига кўра, банан ишлаб чиқариш учун болалар меҳнатидан фойдаланадиган мамлакатлар қаторига Эквадор, Бразилия, Никарагуа ва Филиппин киради.
2002 йил апрель ойида эълон қилинган Human Rights Watch ҳисоботида Эквадор банан плантацияларида кенг кўламли меҳнат ва инсон ҳуқуқлари бузилиши, саккиз ёшли болалар хавфли ишларни бажараётгани аниқланган. Ҳисобот муаллифлари 45 нафар ишчи билан суҳбатлашди ва уларнинг 41 нафари саккиз ёшдан 13 нафаргача, уларнинг аксарияти 10 ёки 11 ёшда ишлай бошлаганини аниқладилар.
Рафикуллоҳ, Афғонистоннинг Урузгон вилояти маркази Таринкот шаҳрида банан сотади. У мактабда ўқимайди.
«Болалар ишлаш асносида заҳарли пестицидларга дучор бўлишди, ўткир пичоқлардан фойдаланишди, оғир юкларни ташишди, антисанитария сувини ичишди ва баъзилари жинсий зўравонликка учради», деб таъкидланган ҳисоботда.
Аниқланишича, болаларнинг қарийб 90 фоизи тепада учаётган самолётлардан заҳарли фунгицидлар сепилган пайтда ишлашда давом этишган. Улар заҳарли кимёвий моддалардан сақланиш учун турли усуллардан фойдаланишган – банан барглари остига яшириниш, бошларини эгиш, юзларини кийимлари билан бекитиш, қўлларини ва оғизларини ёпиш учун бошларига картон қутиларини соябон қилишган.
АҚШ меҳнат департаменти 2019 йилдаги «Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари бўйича хулосалари» ҳисоботига кўра, 5-14 ёш гуруҳида ҳар 20 та эквадорлик болалардан бири ишлайди ва уларнинг ҳар бешинчи тўрт нафари фермер хўжаликларида меҳнат қилади.
Кейинги вақтларда Эквадор иш билан таъминланишнинг минимал ёшини 15 ёшга кўтарган, болаларни хавфли ишларда ишлашни тақиқлаган ва болаларни ишга олган иш берувчилар учун жарималарни оширган. Болалар меҳнатига мойил бўлган болалар учун кўпроқ ижтимоий дастурларни, жумладан, туғилишдан заиф болаларга шартли нақд пул ўтказмаларини таъминлайдиган «Умр бўйи режаси»ни яратган. бироқ ижобий рейтингга қарамай, банан секторидаги болалар меҳнати барибир кенг тарқалган – камида бешта йирик экспорт қилувчи мамлакатларда гуллаб-яшнамоқда.
Албатта мева ўз-ўзидан фақат меҳнат орқалигина ҳосил бермайди, унга пестицидлар қўшилади. Лотин Америкасидаги банан плантацияларида заҳарли кимёвий моддалар жуда катта миқдорда қўлланилади: ҳар гектарга йилига 200 кг гача. Бу кўрсаткич бошқа қишлоқ хўжалиги экинларига нисбатан ўн баравар кўп. Колумбия ва Коста-Рика каби мамлакатларда самолёт орқали ҳаводан пестицид сепиш кенг тарқалган бўлиб, бу фақат бананни эмас, балки яқин атрофдаги маҳаллаларни, мактабларни ва болаларни ҳам заҳарли моддалар таъсирига дучор этади. 2016 йилда Коста-Рикалик тадқиқотчилар йилига биргина банан қопларидан тахминан 49 600 фунт инсектицид табиий муҳитга ажралиб чиқишини аниқладилар. Қоплар ичидаги инсектицидлар ва тупроққа қўлланиладиган немацидлар – мия ва марказий асаб тизими учун заҳарли ҳисобланади.
2022 йилда Human Rights Watch ҳисоботларида қайд этилганидек, банан даласи яқинида яшовчи болаларда нафас олиш муаммолари, тери ёрилишлари ва ҳомиладор аёлларда ҳомила тушиш ҳолатлари тез-тез кузатилган. Банан плантациялари яқинида яшовчи 451 ҳомиладор аёлларни ўрганиш шуни кўрсатдики, уларнинг барчасида юқоридан далаларга сепиладиган фунгицидининг юқори консентрацияси бор.
Маълумот учун: Коста-Рика банан экспорти бўйича дунёда учинчи ўринда туради. 2021йилда банан экспорти 1,23 миллиард долларга етди ва бугунги кунда бутун мамлакат бўйлаб 28 мингга яқин одам банан фермаларида ишлайди.
Коста-Рика ҳақида эслатмалар кўпинча булутли, тоза ҳаволи ўрмонлар ва ажойиб пляжлар тасвирларини келтириб чиқаради.
Aммо ўзининг экологик қиёфасидан фарқли ўлароқ, Коста-Рика дунёнинг исталган нуқтасида аҳоли жон бошига пестицидлардан фойдаланиш бўйича энг юқори кўрсаткичлардан бирига эга.
Валдивиесо Миллер Коста-Риканинг ушбу минтақасидаги банан фермаларида кимёвий пакетлар билан 33 йил ишлаган. «Мен узоқни кўра олмайман, кўзимни тутун билан тўсиб қўйгандек ҳис қиляпман. Одамларни узоқдан таний олмайман ва бу кимёвий моддалар билан ишлашдан эканлигини биламан. Улар айтишлари мумкин, йўқ, афсуски буни исботлашнинг иложи йўқ. Лекин бу кимёвий моддалар туфайли эканлигини биламан», – дейди у Sierra нашрига берган интервюсида.
Касаба уюшмаси раҳбарларининг таъкидлашича, банан қоплари билан ишлайдиган эркакларнинг 10 фоиздан ортиғи кўзлари билан боғлиқ муаммоларга эга: катаракта ёки қисман кўрлик, эҳтимол кимёвий моддалар туфайли. Бошқа жойларда ферма ишчиларининг айтишича, уларнинг тирноқлари кимёвий таъсирдан тушиб кетган.
Сан Педро деЛанинг қишлоқларидан бирида яшовчи Сара 40 ёшда, 13 йилдан бери шу қишлоқда яшайди. У акаси ҳақида гапирганда кўз ёшларини тия олмайди. Ва кейин у банан пальмалари орасида бу қишлоқдаги бошқа кўплаб болалар каби ногирон туғилган ўғли ҳақида гапиради. Саранинг ногирон ўғли Брандон ўн ёшда. Узоқдан у беш ёшли болага ўхшайди.
Сара ва унинг ўғли. фото: Danwatch
Саранинг эри ҳам бу ердаги ягона иш – банан плантациясида ишлайди. Сара ҳеч қачон мактабга бормаган ва ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайди. Сара тадқиқотчиларга шифокор ва шифохонанинг ҳужжатларини кўрсатмоқчи бўлади, аммо уларнинг нима деётганини тушунолмайди. Тиббий ҳужжатларда пестицидлар ва унинг ўғлининг аҳволи ўртасидаги тўғридан-тўғри боғлиқлик тасвирланмаган...
Унинг эри ва икки фарзанди ҳамон плантацияда ишлайди. У Данwatchга интервю беришдан бош тортди, чунки у ишини йўқотишдан ёки журналист билан бундай мавзуларда гаплашгани учун муаммога дуч келишдан қўрқади.
Ёки яна бир воқеа: 2022 йил 4 ноябрда Кампонг Чам провинциясининг Стунг Транг туманидаги банан плантациясидан уч киши ҳалок бўлган ва ўнлаб одамлар касалхонага ётқизилган.
Оммавий касалхонага ётқизилишдан олдин одамлар мунтазам равишда ҳушидан кетишган ва бошлари айланаётганини ҳис қилишган, аммо уларнинг аломатлари дангасалик белгиси эканлиги айтилган.
30 ёшли Эак Мансот қўшни плантацияда банан қадоқловчи сифатида кунига тахминан 7 доллар ишлаб топади. Унинг ўзи пестицидлар сепишга масъул эмас, бироқ кимёвий ҳид туфайли унинг боши айланади, нафас олиши қийинлашади.
Кампонг Чамдаги дори сепадиган ишчи, 2022 йил ноябрь(Fiona Kelliher/VOD.)
Банан катта дарахтда эмас, балки қалин пояли ўсимликда етиштирилади ва у жуда кўп сув талаб қилади. Бир килограмм банан етиштириш учун FAO маълумотларига кўра 790 литр сув керак бўлади.
Банан етиштириладиган жойлар, одатда тропик мамлакатлар – бу сув танқислигига дуч келадиган минтақалар. У ерда маҳаллий аҳоли ичимлик сувига муҳтож бўлиб турганда, экспорт учун мўлжалланган банан плантациялари сувни шиддат билан ютиб тугатмоқда.
Банан экспорт қилувчи мамлакатларда, масалан, Эквадор, Коста-Рика ёки Колумбия маҳаллий аҳолиси ичида ичимлик сувига муҳтожлар жуда кўп. Лекин бу ерлардаги плантациялар сув манбаларини ўзига тортиб, табиий ресурслар танқислигини янада оғирлаштирмоқда.
Хўш, бу оғриқли муаммоларни бартараф қилиш учун биз қандай ёрдам бера оламиз, ҳеч қандай. Унда нимага бу мақола ёзилди?
Fair trade (адолатли савдо) бананлари бор, уларни танлаш билан биз кимнидир ҳимоя қилган бўламиз. Fairtrade – бу халқаро сертификатлаш тизими бўлиб, у фермер ва ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва адолатли иш ҳақи тўланишини кафолатлашга қаратилган. Fairtrade сертификатига эга бананлар ишчиларнинг эксплуатациясиз, хавфсиз шароитда меҳнат қилишини таъминлайди ва болалар меҳнатига қарши қатъий сиёсат юритади, уларни танлаш билан биз кимнидир ҳимоя қилган бўламиз.
Ушбу мақолани ёзишдан мақсад инсонларни банан истеъмолидан қайтариш эмас. Мақсад – биз кимнинг ҳисобига завқ оляпмиз, шуни билиш. Мақсад – ҳар бир мева ортидаги кўринмас инсонни англаш.
Банан шунчаки мева эмас. Унинг ортида монополия, эксплуатация, қон тўкилган тарих ва геосиёсий манфаатлар ётади. Банан «тропик мева» деган «экзотик» атамалар ортида бутун халқларнинг тақдири ва қурбонлиги яширинган. Фақат шуни ҳис қилсангиз бўлди... Истеъмолчилар ўзининг ички овозларини эшитишлари керак: энг ширин банан – бу болалар меҳнатисиз етиштирилган банан.
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter