Бахт индекси: Истеҳзо ва ҳақиқий ҳаёт орасидаги 53-поғона
«World Happiness Report 2026» (Бахтли мамлакатлар ҳисоботи) рейтингида Ўзбекистон 147 та давлат орасида 53-ўринни сақлаб қолди. Мамлакатда бахт даражаси 10 баллик тизимда 6,283 балл деб баҳоланган. Рейтинг ижтимоий қўллаб-қувватлаш, яшаш давомийлиги, эркинлик ва коррупция даражаси каби кўрсаткичларни ўз ичига олади. Финляндия тўққизинчи йил кетма-кет дунёнинг энг бахтли мамлакати, деб топилди. Энг қизиқ парадокс шундаки, биз муҳожирларимиз ишлаётган Россиядан (79-ўрин) бахтлиликда олдиндамиз.
Икки хил бахт тарозиси
Бахт индексига кўра, бахт бу моддий фаровонлик, Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ), сифатли тиббиёт ва коррупциянинг йўқлиги билан ўлчанади. Агар сенинг чўнтагингда пулинг кўп бўлса ва давлат сени ҳар томонлама ҳимоя қилса, демак сен бахтлисан. Масалан, финлар учун бахт — бу тизимнинг мукаммаллиги. Бу ерда инсон давлатга, судга ва полицияга ўз яқинидек ишонади. Улар учун бахт бу текин ва дунёдаги энг сифатли таълим, касал бўлганда чўнтакка оғирлиги тушмайдиган тиббиёт ва ҳар бир дарахт ардоқланадиган тоза экологиядир.
Аммо бахт индекси рейтингида умуман кўринмаса-да халқи ўзини бахтли ҳисоблайдиган яна бир давлат бор. Ҳимолай тоғлари орасидаги Бутан давлатида бахтнинг манбаи руҳий мувозанат, табиат билан уйғунлик ва жамоавий бирдамликдир. Бу ерда инсон ўзини табиатнинг ажралмас бўлаги деб билади ва уни асрашни бахтга эришишнинг асосий калити деб тушунади. Ғарбдагилар «мен истеъмол қиламан ва бахтлиман» деса, бутанликлар «мен уйғунликдаман, демак бахтлиман»деб яшайди. Бутан аҳолиси учун бу ғоя 1972 йилда тўртинчи қирол Жигме Сингье Вангчук томонидан илгари сурилган. Унинг машҳур гапи бор: «Ялпи миллий бахт ялпи ички маҳсулотдан муҳимроқдир», яна Бутан дунёда Бахт вазирлигига эга бўлган ягона мамлакатдир. Бутанда тенглик ҳурмат қилинади ва баъзи ҳудудларда аёллар ҳатто эркакларга қараганда кўпроқ ҳуқуқларга эга. Масалан, ерга эгалик қилиш ҳар доим матриархатда қолади. Бутанда асосий касб қишлоқ хўжалиги бўлиб, эркаклар ҳам, аёллар ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлайди. Уй ишлари ҳам оилалар ўртасида тенг тақсимланади.
2022 йилги сўров натижаларига кўра, бутанликларнинг 93,6% ўзини бахтли деб билади. Шунга қарамай мамлакат глобал рейтингларда етакчи ўринлардан бирини эгалламаслигини ҳисобга олсак, улар ўзига хос бахт ўлчов бирлигига эга эканлиги аниқ.
Бутанда бахт ўлчови 4 та асосий устунга таянади: Бойлик фақат бир гуруҳда эмас, ҳаммада бўлиши керак. Таълим ва тиббиёт мутлақо бепул, қонун бўйича мамлакат ҳудудининг камида 60% қисми доимо ўрмон билан қопланган бўлиши шарт.
Бутан дунёдаги ягона «манфий карбонат ангидрид» чиқарадиган (ҳавони ифлослантирмайдиган, аксинча тозалайдиган) давлат, миллий кийиниш, анъаналар ва тилни сақлаб қолиш давлат даражасидаги вазифа, ҳукумат халққа хизмат қилиши ва коррупциядан ҳоли бўлиши шарт.
Аҳолиси ўртасида сўровнома ўтказилганида «пулингиз кўпми» деб эмас, балки қуйидагича саволлар берилади: «охирги марта қачон кимгадир ёрдам бердингиз? Оилангиз билан қанча вақтингизни ўтказаяпсиз? Ўзингизни нечоғлик хотиржам ҳис қиляпсиз? Табиат қўйнида қанча вақт бўласиз?»
Бутанда кўчаларда реклама баннерлари деярли йўқ, чунки улар одамларда «менда шу нарса йўқ» деган ҳиссиётни (яъни бахтсизликни) уйғотмаслиги керак. У дунёдаги тамаки маҳсулотлари сотилиши ва чекилиши бутунлай тақиқланган биринчи мамлакатдир. 2016 йилда шаҳзода туғилганда, халқ байрам қилиб фестиваллар ўтказмаган ёки мушакбозлик қилмаган, балки бутун мамлакат бўйлаб бир кунда 108 мингта дарахт экилган.
Барча ҳукумат қарорлари, ҳатто барча қонунлар ҳам табиатни ҳимоя қилишга қаратилган. Фақат тоза энергия ва электр транспорт воситаларига рухсат берилади, чиқинди газлари чиқарадиган заводлар йўқ ва пестицидлардан фойдаланиш тақиқланган. Барча деҳқончилик табиийдир ва ҳеч ким ГМО ҳақида эшитмаган. Мамлакатнинг экспорт даражаси жуда паст ва бу ерда бир парадокс бор, мамлакат бой ҳисобланмасада, аммо унинг аҳолиси фақат энг яхши ва экологик тоза овқатни истеъмол қилади, тоза сув ичади, электр энергияси билан боғлиқ муаммоларга дуч келмайди. Ва ажабланарлиси шундаки, бу мамлакатда жиноятчилик, очлик ва тиланчилар йўқ.
Бутанда коррупция ва жиноятчилик деярли йўқлиги сабабли, мамлакатда адвокатлар унчалик муҳим касб эгалари ҳисобланмайди. Қироллик фармонларидан бирида «қора рангни оқ, оқ рангни қора қила оладиган» ҳар бир кишига суд залига кириш тақиқланганлиги айтилган.
Хулоса қилиб айтганда, Ғарб модели моддий ва ҳуқуқий кафолатлар орқали фаровонликка интилса, Бутан модели маънавий бойлик ва табиий мувозанат орқали ички хотиржамликка эришишни кўзлайди.
Хўш, биз қайси йўлдамиз?
Финляндиядагидек коррупциядан ҳоли, таълим, соғлик тизимида муаммолар йўқми, қурилишлар, йўлларимиз бўйича бахтлимизми, балки ишсизлар сони кам мамлакатга кирармиз? Ёки Бутандагидек ички хотиржаммизми, экологиямиз тозами, тиббиёт ва таълим текинми, балки ичаётган сувимиз тозадир? Ёки жиноятчилар, тиламчилардан ҳолимизми? Адолат ҳар доим ғалаба қозонадими? Эҳтимол кам ойликлар, кам нафақалар безовта қилмаётгандир?...
Бахтлимиз деган саволга кўпчлик «ҳа хотиржамман, болаларим соғ-омон, осмонимиз мусаффо», деган жавобни бериши табиий. Ўзбек хонадонида дастурхон атрофида оила-аъзоларининг жамланиши, қариндошлик ришталари ва қўни-қўшничилик меҳри айнан бахтнинг кичик кўринишидир. Бизнинг одамлар Ғарб стандартлари бўйича «камбағал» ёки «муаммоси кўп» кўринса-да, ички оламида бахтсиз эмаслар. Бахт индекси рейтингни аниқлашда статистикага ва сўровларга таянади. Агар қишлоқдаги уйсиз ёки ўртаҳол одамдан сиз бахтлимисиз деган савол берилса, шукр ҳаммаси жойида дейиши аниқ. Ҳеч қачон бизнинг йўллар ёмон, газимиз йўқ, коррупция ёки адолатсизлик менинг бахтли бўлишимга чанг солаяпти демайди. Ҳа бизнинг давлатда яхши ўзгаришлар билан бирга камчиликлар ҳам етарли...
Масалан, ғарб давлатларида инсон муаммога дуч келса кўпинча ёлғиз қолади. Бизда эса маҳалла, қариндош-уруғ, дўст-биродарлар бор. Тўй-ҳашамлар ва ҳатто таъзиялардаги жипслик инсонга «мен ёлғиз эмасман» деган ички хотиржамликни беради. Бу туйғу иқтисодий камчиликлардан келиб чиқадиган стрессни юмшатади.
Иккинчидан, ўзбек халқининг бахт формуласида «шукр» тушунчаси марказий ўрин тутади. Бу шунчаки оддий тушунча эмас, балки психологик ҳимоя механизми ҳамдир. Инсон борига қаноат қилиш орқали ички депрессиядан ўзини асрайди. Мақолани шу еригача ўқиб оббо... дейишга шошилманг...
Бироқ бу ерда асосий хавф шундаки, бизнинг ички бахтимиз кўпинча «ташқи бахтсизлик» ҳисобига қурилади. Яъни ёмон йўллар, чироқсиз кечалар, газсиз қишлар ёки адолатсизликка мослашиш орқали ўзимизни бахтли деб ҳис қила бошлаймиз.
Бу «мослашган бахт» феномени...
Муаммо шундаки, жамиятнинг бундай «қаноатли» кайфияти ислоҳотларни секинлаштиради. Сабр-тоқат ва шукр фазилати айрим ҳолларда нотўғри талқин қилиниб, тизимдаги камчиликларни яширишга хизмат қилади.
Озгина маош билан ҳам фарзандларини ўқитиб, юзида табассум билан юрган ота-онанинг фидойилиги, ўзини бахтли ҳис қилиши бу фахрланарли ҳолат. Аммо бу ҳолат мутасаддилар учун муаммоларни оқлашга сабаб бўлмаслиги керак.
Ўзбекистоннинг «Бахт индекси»даги 53-ўрни — бу аввало иқтисодий фаровонлик эмас, балки халқимизнинг ички психологик кучи: шукр ва сабр маданияти натижасидир. Биз иқтисодий бой яшаганимиз учун эмас, бой кўнгилли бўлганимиз учун бахтлимиз. Аммо шу ерда энг муҳим савол туғилади: «Одамлар шундоқ ҳам бахтли-ку» деган қараш орқали паст сифатли ҳаётни одатий ҳолга айлантириш — маънавий жиноят эмасми?
Инсоннинг ички матонати унинг сифатли ва муносиб ҳаётга бўлган ҳуқуқини бекор қилмайди. Биз ростдан ҳам бахтсиз халқ эмасмиз. Лекин биз бундан-да яхшироқ, сифатлироқ ва муносиброқ ҳаётга лойиқмиз.
Барно Султонова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter