Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Беҳрузбек Ботиров: “Маълумотлар хавфсизлиги — рақамли иқтисодиёт қалқони”

 Беҳрузбек Ботиров: “Маълумотлар хавфсизлиги — рақамли иқтисодиёт қалқони”

фото: Xabar.uz

Суҳбатдошим Беҳрузбек Ботировнинг тажрибаси ниҳоятда салмоқли: у Ўзбекистонда инновациялар ва халқаро рейтинглар билан ишлаш жараёнида давлат бошқарувида маълумотлар таҳлили  бўйича муҳим ислоҳотларнинг иштирокчиси бўлган.

Беҳрузбек дастлаб Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида молия йўналиши бўйича таҳсил олган бўлса, кейинчалик Хитойнинг Пекин фан ва технологиялар университетида (USTB) менежмент магистри даражасини қўлга киритди. Унинг академик изланишлари АҚШнинг Жанубий Калифорния университетида (USC) бизнес бошқаруви магистри даражаси билан давом этди.

Хитой ва АҚШ университетларида икки хил таълим — Шарқ ва Ғарб ёндашуви фаолиятингизга қандай таъсир қилди?  

 — Хитой ва АҚШда таҳсил олишим менда муаммоларга ҳам тизимли муҳандис, ҳам стратегик бошқарувчи нигоҳи билан қараш кўникмасини шакллантирди.

Хитойда давлат бошқаруви ва маълумотлар билан ишлаш жараёни аниқ иерархия ҳамда юқори даражадаги тизимли интизомга асосланади.

АҚШда эса бошқарув тизими регулятор назорати остидаги эркин хусусий сектор рақобатига таянади. Ушбу икки хил қутбнинг уйғунлиги масалаларга кенг қамровли ва универсал ёндашишимга замин яратди.

— Рақамли таҳлил (Data Analytics) яқин 5-10 йилда давлат бошқаруви ва молия секторини қай даражада трансформация қилади?

Кейинги 5-10 йил ичида Рақамли таҳлил (Data аnalytics), AI шунчаки техник восита эмас, балки давлат бошқаруви ва молиявий архитектуранинг марказига айланади.

Давлат бошқарувида маълумотлар таҳлили ҳисобот бериш босқичидан олдиндан кўриш ва бошқариш босқичига ўтади. Бюджет маблағлари статик жадваллар асосида эмас, балки реал вақтдаги ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжларга қараб ақлли алгоритмлар орқали йўналтирилади. Бу ресурсларнинг исроф коэффициентини минималлаштириб, ҳар бир сўмнинг ижтимоий самарадорлигини максимал даражага кўтаради.

Хитойнинг “Digital Twin” (рақамли эгиз) шаҳарлар тажрибасидаги каби, транспорт, энергия ва коммунал тизимларнинг ягона дата-марказга боғланиши шаҳар бошқаруви харажатларини 30% гача қисқартиради.

Маълумотлар оқими давлатга инқирозлар (пандемия, табиий офат ёки иқтисодий шок) юз берганда эмас, уларнинг илк белгилари пайдо бўлгандаёқ тезкор қарор қабул қилиш имконини беради. Марказий банклар пул-кредит сиёсатини белгилашда эскирган статистик маълумотлардан воз кечиб, Nowcasting (ҳозирги вақтни прогноз қилиш) моделига ўтади. Рақамли валюталар (CBDC) эса иқтисодиётдаги пул айланишини 100% шаффоф қилиб, яширин иқтисодиётга барҳам беради.

Банклар анъанавий кредит муассасасидан юқори технологик дата-компанияларга айланади. Кредит хавф-хатарини баҳолашда нафақат расмий даромад, балки мижознинг рақамли излари (хулқ-атвори, тўлов интизоми) таҳлил қилинади. Сунъий интеллект фирибгарлик (fraud) ҳаракатларини сониянинг минг улушида аниқлайди ва молиявий жиноятларни блокировка қилади. Ҳар бир мижоз учун унинг эҳтиёжига мос индивидуал инвестицион ва жамғариб бориш портфеллари автоматик тарзда шакллантирилади.

—  Мамлакат миқёсида инновацион ривожланиш нимани англатади?

— Инновацион ривожланиш шунчаки техник янгиланиш бўлмай, балки жамият ва иқтисодиётнинг мураккаб муаммоларига топилган энг самарали ҳамда янгича ечимлар йиғиндиси ҳисобланади. Бу жараён тўртта асосий йўналишда намоён бўлади.

Биринчи навбатда, институционал инновациялар давлат бошқарувининг шаффофлиги ва бюрократиянинг йўқлигида кўринади, яъни  бир муаммо инсон омилисиз ҳал бўладиган тизимни ифодалайди. Инсон капитали йўналишида эса таълимнинг эски қолиплардан воз кечиши, мустақил фикрлайдиган ва ечим топа оладиган авлодни етиштириш муҳим ўрин тутади. Иқтисодий эркинлик бизнес учун тўсиқларнинг камлиги ва стартапларнинг рақобат муҳитида ривожланиши билан белгиланса, ижтимоий маданият жамиятда хато қилишдан қўрқмаслик ва доимий изланиш муҳити шаклланишини англатади. Инновацион ривожланишни ўлчаш учун бир нечта муҳим кўрсаткичлардан фойдаланилади. Буларнинг биринчиси илмий-тадқиқот ишларига ажратилаётган маблағларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушидир. Шунингдек, инновация самарадорлиги киритилган инвестицияларнинг янги иш ўринлари ёки экспорт ҳажми каби реал иқтисодий фойдага айланиши билан баҳоланади. Рақамли иқлим даражаси давлат хизматларида инсон омилининг камайгани билан ўлчанса, билимлар тижоратлашуви олийгоҳлардаги ихтироларнинг патент ҳолида қолиб кетмасдан бозорда реал маҳсулотга айланишини кўрсатади.

Ўзбекистоннинг Глобал инновацион индексдаги (GII) ўрнини яхшилашдаги улушингиз ва жараёндаги тўсиқлар, эришилган муҳим натижалар ҳақида...

—  Глобал инновацион индекс (GII) билан ишлаш жараёни шунчаки рақамларни ўзгартириш эмас, балки бутун тизимни трансформация қилиш эканини кўрсатди. Кўп ҳолларда давлат органларида маълумот бор, лекин у халқаро стандарт ва даврийликка мос эмас, эски статистика методлари замонавий индикаторларни акс эттира олмасди. Хусусий сектордаги (илмий-тадқиқот) харажатлари, венчур инвестициялар ва стартап экотизими каби муҳим йўналишларни ўлчаш механизми умуман мавжуд эмас эди. Маълумотларнинг турли идораларда сочиилиб ётганлиги, ягона стандарт ва манба йўқлиги сабабли халқаро ташкилотларга зиддиятли рақамлар тақдим этиларди. IT инфратузилмасидан кўра, кадрларнинг маълумотларни тозалаш ва халқаро методология асосида таҳлил қилиш кўникмалари етишмасди.

Тизимли мониторинг натижасида илк бор кўплаб индикаторлар бўйича маълумот йиғишнинг институционал механизми яратилди. Давлат идоралари рейтингга шунчаки рақам эмас, балки ислоҳотлар самарадорлигини ўлчайдиган диагностика воситаси сифатида қарашни бошлади. Маълумотлар шаффофлиги ва сифати ошиши натижасида Ўзбекистоннинг GIIдаги позицияси сунъий пасайишлардан қутилиб, реал динамикани акс эттирган ҳолда барқарор яхшилана бошлади.

 — Нима учун давлат органлари ўртасидаги маълумотлар алмашинувининг сифати халқаро рейтинглардаги ўрнимизга бевосита таъсир қилади?

 — Маълумотлар алмашинувини мамлакатнинг “рақамли асаб тизими”га қиёслаш мумкин. Унинг сифати рейтингларга иккита асосий канал орқали таъсир қилади: биринчиси ишонч ва тасдиқлаш орқали. Бу жараёнда халқаро ташкилотлар фақат давлат берган рақамга ишониб қолмайди. Улар маълумотларни мустақил сўровлар ва бошқа идораларнинг рақамлари билан солиштиради. Агар вазирликлар ўртасида маълумотлар бир-бирига мос келмаса ишончсиз деб топилади ва кўрсаткич энг паст балл билан баҳоланади.  

Иккинчиси, бу қарор қабул қилиш самарадорлиги. Агар рейтингларни ойна деб тасаввур этсак, ундаги тасвир (маълумот) хира ёки хато бўлса, давлат нотўғри қарор қабул қилади. Яъни бюджет маблағлари эҳтиёж бўлмаган соҳага йўналтирилиши мумкин.

Яна бир томони, сифатсиз статистика инвесторлар учун хавф сигнали ҳисобланади, чунки улар реал бозор ҳолатини кўра олмайдилар.

 — Credit Suisse каби дунёнинг энг йирик банкларидан бирига ишга қабул қилиниш жараёни қандай кечган ва у ерда орттирилган энг асосий тажриба нима?

— Мен Credit Suisse жамоасига 2023 йилда — банк тарихидаги энг кескин бурилиш нуқтасида, яъни UBS билан бирлашиш жараёни бошланган пайтда қўшилдим. Ушбу банкка ишга қабул қилиш жараёнида номзоднинг математик моделлаштириш, маълумотлар билан ишлаш ва молиявий таҳлил қобилияти синовдан ўтказилади. Юқори босим остида қарор қабул қилиш ва мураккаб корпоратив вазиятларда мувозанатни сақлаш кўникмаси текширилади.

Икки йил давомида мен иккита турли корпоратив маданият, икки хил технологик платформанинг қандай қилиб ягона тизимга айланишини ичкаридан кузатдим ва иштирок этдим. Энг катта тажрибам — маълумотларнинг шаффофлиги ва тизимларнинг мутаносиблиги нақадар ҳаётий муҳимлигини англаш бўлди.

Молиявий барқарорлик бевосита бошқарув сифати ва хавф-хатарни баҳолаш маданиятига боғлиқ. Ҳисоботлардаги шаффофликнинг таъминланиши нафақат техник талаб, балки бозор ишончини ушлаб туришнинг кафолати. Замонавий маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, рақамли асрда маблағларнинг чиқиб кетиши анъанавий бошқарув механизмларига қараганда анча тезроқ содир бўлади. Бу эса менежментдан тезкор ва маълумотларга асосланган қарор қабул қилишни талаб этади.

 Ушбу инқироздан сўнг АҚШ Федерал резерв тизими банкларнинг бардошлилигини текшириш учун стресс-тест амалиётларини тубдан кучайтирди. Эндиликда тестлар нафақат классик молиявий кўрсаткичларни, балки экстремал бозор шароитларида ликвидликнинг сақланиб қолишини ҳам қатъий назорат қилади. Бу эса банклардан ҳар қандай кутилмаган шок ҳолатларига қарши етарли капитал захирасига эга бўлишни талаб этадиган янги даврни бошлаб берди.

 — Шахсий маълумотларнинг чиқиб кетиши мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигига ва рақамли иқтисодиётга бўлган ишончга қандай таъсир қилади?

— Йирик хорижий инвесторлар (айниқса FinTech ва IT соҳасида) мамлакатга киришдан олдин маълумотлар ҳимояси ва ҳуқуқий кафолатларни текширади. Агар тизим заиф бўлса, инвестор ўз капитали ва технологиясини хавф остига қўймаслик учун бошқа бозорни танлайди. Агар фуқаро ўз маълумотлари хавфсизлигига ишонмаса, у рақамли хизматлардан (онлайн тўловлар, давлат хизматлари) воз кечади ва анъанавий “нақд пул ва қоғоз” тизимига қайтади. Шахсий маълумотларнинг сизиб чиқиши (data breaches) аҳолининг рақамли ислоҳотларга ва давлат тизимига бўлган ишончини сўндиради.

Бу эса рақамли иқтисодиёт ўсишини йиллаб орқага суриши мумкин.

Киберхавфсизликни фақат энг қиммат ва кучли дастурлар  билан таъминлаш мумкинми?  

— Дунё статистикаси шуни кўрсатадики, киберҳужумларнинг 80-90% инсон омили (Human Error) билан боғлиқ. Сиз дунёдаги энг кучли ҳимоя тизимини ўрнатишингиз мумкин, лекин биргина ходим номаълум фишинг ҳаволасини босса ёки паролини “123456” деб қўйса, тизим ичкаридан қулайди.

Бу ерда икки томонлама ёндашув зарур, яъни давлат идоралари ва банкларда маълумот билан ишловчи ҳар бир ходим “рақамли гигиена” қоидаларини билиши шарт. Маълумотлар сизиб чиқиши кўпинча техник хатодан эмас, балки ички ходимларнинг эътиборсизлиги ёки ижтимоий инженерия қурбони бўлиши натижасида содир бўлади.

Аҳолининг рақамли саводхонлиги ҳам жуда муҳим. Фойдаланувчилар ўз маълумотларини қаерга киритаётганини, икки босқичли аутентификация (2FA) нима эканлигини ва фишинг сайтларини фарқлай олиши керак.

Бугунги вазиятда бизга мудофаа учлиги керак. Қонуний жавобгарлик, яъни маълумотларнинг сизиб чиқишига йўл қўйган ташкилотларга нисбатан қатъий иқтисодий ва ҳуқуқий санкциялар бўлиши лозим (масалан, Европанинг GDPR стандарти каби). Техник аудит, яъни давлат ва молиявий тизимлар мунтазам равишда бузиб кириш синовидан ўтказилиши шарт. Киберхавфсизлик бу шунчаки IT соҳасининг иши эмас, бу бутун жамиятнинг маданиятига айланиши керак.

— Молиявий ташкилотлар мижозларнинг маълумотларини ҳимоя қилишда энг кўп қайси хатоларга йўл қўйишади?

—  Маълумот — рақамли иқтисодиётнинг “қони”. Агар бу қон сифатсиз бўлса ёки тизимдан сизиб чиқса, бутун давлат организми фалажланади.

Давлатнинг макроиқтисодий прогнозлари, бюджет тақсимоти ва пул-кредит сиёсати бевосита кирувчи маълумотлар сифатига боғлиқ. Нотўғри ёки «шовқинли» маълумотлар асосида қабул қилинган қарорлар иқтисодий инқирозга ёки ижтимоий ресурсларнинг нотўғри йўналтирилишига сабаб бўлади. Шу боис, маълумотларнинг софлиги ва уларнинг локализация қилиниши (Ўзбекистон ҳудудида сақланиши) мамлакатни ташқи ахборот хуружлари ҳамда кибер-манипуляциялардан ҳимоя қилувчи стратегик қалқондир.

Молиявий ташкилотларнинг маълумотлар ҳимоясидаги энг катта хатолари техник эмас, балки стратегик ва инсон омилига боғлиқ. Банклар ички тизимларни кучли ҳимоя қилса-да, кўпинча маркетинг ёки таҳлил учун мўлжалланган ташқи скриптлар ва учинчи томон хизматларини назоратсиз қолдиришади. Бу “орқа эшик” орқали мижоз маълумотлари бегона қўлларга ўтиб кетади.

Яна бир муҳим жиҳат: кўпчилик банклар янги тизимларни синашда ҳақиқий мижоз маълумотларидан фойдаланади. Бу катта хавф! Профессионал ёндашувда тест муҳитида фақат синтетик ёки анонимлаштирилган маълумотлар ишлатилиши шарт.

Бундан ташқари, маълумотларнинг турли бўлимларда (кредит, маркетинг) алоҳида базаларда (data silos) сақланиши ягона назоратни имконсиз қилади ва ички фирибгарлик хавфини оширади.

— Ўзбекистонда маълумотлар таҳлили (Data Analytics) соҳасига қандай ҳисса қўшмоқчисиз?

—  Йирик халқаро банклардаги Regulatory Reporting (ҳисобот бериш тизими) ва стресс-тестлар бўйича тажрибам мамлакатимиз молиявий барқарорлигини таъминлашда асқотади деб ўйлайман.

Барно Султонова суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг