Белгияда оғир хасталанган Ўзбекистон фуқаросининг ҳаёти сақлаб қолинди
Белгияда оғир хасталикни бошдан кечирган ва узоқ муддат даволанган Ўзбекистон фуқароси В.А. ватанига муваффақиятли қайтарилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Ушбу фуқаро Нидерландияда қурилиш соҳасида меҳнат фаолиятини олиб бораётган вақтида ўткир тиш инфекцияси юзага келган, аммо малакали тиббий ёрдам сўраб ўз вақтида мурожаат қилмаган. Оқибатда оғир яллиғланиш туфайли соғлиғида жиддий асоратлар пайдо бўлган.
Брюссель шаҳри орқали Ўзбекистонга кетаётган вақтда В.А.нинг аҳволи тўсатдан кескин ёмонлашган. У зудлик билан Брюсселдаги Сент-Люк университет клиникасига ётқизилган ва у ерда шифокорлар беморнинг аҳволини оғир деб ташхислашган.
Клиника мутахассислари томонидан иккита мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Узоқ вақт давомида бемор ўпкаcи сунъий шамоллатиш аппаратига уланган ва ҳушсиз ҳолатда, жонлантириш бўлимида ўта оғир аҳволда бўлган.
Бемор шифохонага ётқизилган лаҳзадан бошлаб Ўзбекистон элчихонаси ходимлари касалхона маъмурияти, даволовчи шифокорлар ва фуқаронинг қариндошлари билан доимий алоқани йўлга қўйганлар. Элчихона томонидан зарур консуллик ва ташкилий чора-тадбирлар ташкил этилиб, даволаниш жараёни ва ундан кейин фуқаронинг Ўзбекистонга қайтиши ҳар томонлама кузатиб борилган.
Сент-Люк клиникаси тиббий ходимларининг юқори профессионаллиги, ўз вақтида кўрсатилган ёрдам ҳамда Бельгия шифокорлари ва ўзбек дипломатларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли фуқаронинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлинди. Узоқ давом этган даволаниш ва реабилитация курсидан сўнг унинг аҳволи барқарорлашди, бу эса Ўзбекистонга хавфсиз қайтишини ташкил этиш имконини берди.
Ҳозирги вақтда В.А. Ўзбекистонда бўлиб, ўз оиласи даврасида соғлиғини тиклаш ва даволанишни давом эттирмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter