Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

Бир ҳақиқатни тан олишимиз керак...

Бир ҳақиқатни тан олишимиз керак...

Foto: Xabar.uz

Дунё саҳнасидаги геосиёсий тўлқинлар гоҳ шарқдан, гоҳ ғарб ва шимолдан қалқиб турибди. Бир қарашда бу хавф айрим давлатларгина дахлдордек кўринади. Лекин у ҳаммага, бизга ҳам жиддий таъсир қилади: иқтисодиётимизга, савдо йўлларимизга, юртдошларимиз тақдирига... Мисол, сўнгги пайтларда Россияда ишлаётган кўп сонли ҳамюртларимизнинг кундалик ҳаётидаги турли салбий ҳолатлар ҳам ушбу жараёнлар таъсирида содир бўляпти.

Шундай мураккаб вазиятда Ўзбекистоннинг иқтисодиёти 6 фоиздан ортиқ суръат билан ўсаётгани катта натижа. Кейинги саккиз йилда ялпи ички маҳсулот икки баробарга ўсди ва 115 миллиард доллардан ошиб, йил якунида 130 миллиард долларга етиши кутиляпти. Давлатимизнинг олтин-валюта захиралари илк бор 48 миллиард доллардан ошган. Сўнгги саккиз йилда юртимизга қарийб 130 миллиард доллар хорижий инвестициялар кириб келган. Бу албатта халқимиз ҳаётида янгиланишларга, турмуш тарзининг яхшиланишига олиб келади.

Расмий статистикага кўра, йил бошидан бери 5 миллион аҳолининг бандлиги таъминланган. 700 минг нафар фуқаро меҳнат миграциясидан қайтиб, юртда иш топибди. Бунинг иқтисодий аҳамиятидан ташқари, юз минглаб хонадоннинг бағри тўлгани, ота ёки онадан айро улғаяётган қалби ўксик болаларнинг соғинч азоби аригани, ота-оналарнинг эса фарзанд дийдорига тўйгани каби катта маънавий юки ҳам бор.

Агар янги иш ўринлари яратишга, ёшларга билим ва касб беришга ўз вақтида жиддийроқ эътибор берганимизда, балки ҳозир миллионлаб юртдошларимиз ўзга диёрда синовли дамларга, оғир меҳнатга мажбур бўлмасмиди... Ҳечдан кўра кеч яхши, дейдилар. Ҳали ҳам вазиятни ўнгласа, тўғриласа бўлади. Меҳнаткаш халқмиз, яхши даромадли иш бўлса, панд бермаймиз. Масалан, АҚШга “грин-карта” билан ишлашга кетиб, қийналиб қолган ўзбекистонлик ҳақида деярли эшитмаганмиз. Демак, муносиб шароитдаги даромадли иш бўлса, борини бериб ишлайди халқимиз.

Ёки тадбиркорлик учун имкониятлар очиқ бўлса, бюрократик тўсиқлар бўлмаса, инфратузилма, электр ва энергиядан муаммолар кузатилмаса, ўз оиласи эҳтиёжларини бемалол қондира оладиган, ҳатто қўшимча иш ўринлари яратадиган ишбилармонлар кўп орамизда. Мана исботи — сўнгги йилларда тадбиркорликка кенг йўл очилди, бугун кичик ва ўрта бизнесда 10 миллиондан ортиқ инсон меҳнат қилмоқда. Давлат раҳбари таъбири билан айтганда, ҳозир Ўзбекистонда тадбиркорлик иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи, олдинга бошловчи катта кучга айланган. Шундай экан, масъуллар, жойлардаги раҳбарлар тадбиркорлик учун янада кенг имконият ва шароит яратишса, меҳнаткаш халқимизнинг ўзи қолганини эплаб кетади.

Кейинги йилларда дунёга очилаётганимиз ҳам иқтисодий имкониятларимизни оширмоқда. Ўзбекистонни дунё янгича қиёфада кўра бошлади. Туристлар оқими ортиб, ўтган йили 10 миллион киши мамлакатимизга ташриф буюрди. Туризм хизматлари экспорти 3 миллиард доллардан ошди. Бунинг замирида фақат бой тарихимиз ёки меъморий ёдгорликларимиз эмас, балки юртимизга нисбатан ортиб бораётган ишонч, тинчлик ҳамда хавфсизлик, дунё билан очиқ мулоқот турибди.

Ўзбекистон паспорти Henley Passport Index’да бир йил ичида 8 поғона кўтарилиб, 72-ўринга чиққани ҳам бежиз эмас. Бугун ўзбекистонликлар 62 давлатга визасиз кириши мумкин. Эътибор беряпсизми, сўнгги пайтларда юртдошларимизнинг хорижга саёҳатлари кескин кўпайди. Умра зиёратими, денгиз соҳилларида ҳордиқ чиқаришми ёки тарихи бой, ривожланган мамлакатларга саёҳат дейсизми... Яқинларингиздан кимдир, танишларингиз ёки ҳамкасбларингиз, балки ўзингиз ҳам бир йилда камида бир маротаба саёҳатга чиқишни одат тусига айлантирмоқдасиз. Бу бир жиҳатдан аҳолининг даромади ошаётгани билан боғлиқ бўлса, иккинчи томондан фақат тўй-томошаларга пул сарфламай, дунёни кўриш иштиёқи ошиб бораётганидан ҳам дарак.

Иқтисодиёт ўсиши билан энергоресурсларга талаб ҳам ошиб бормоқда. Бир пайтлар асосан газга суянган мамлакатимиз энди барқарор “яшил” энергетикада етакчи бўлиш ниятида. 2016 йилда 59 миллиард киловатт-соат электр ишлаб чиқарилган бўлса, бугун 85 миллиардга етди. Яқин келажакда бу кўрсаткич 97 миллиарддан ошиши кутилмоқда. Энг муҳими, ишлаб чиқарилаётган электрнинг қарийб 30 фоизи “яшил” манбалар ҳиссасига тўғри келмоқда. 2030 йилга қадар бу улуш 54 фоизга етказилади. Хоҳиш бўлса, истак бўлса, энг оғриқли муаммоларга ҳам ечим топилади.

Бир ҳақиқатни тан олишимиз керак, Ўзбекистоннинг ютуқлари ҳам, муаммолари ҳам умумий, барчамизга алоқадор. Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси ҳаммага бирдек тегишли. Раҳбарлардан тортиб, оддий фуқароларгача ўзаро ҳамжиҳатлик, масъулият бўлса, албатта тараққий этган мамлакатга айлана оламиз. Бу йўл осон эмас, катта ирода талаб қилади. Аммо интилган бахт топади, курашган эса ғалаба қозонади. Умид қиламиз, Ўзбекистон ана шу йўлдан боради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг