Битта воқеа — икки хил нигоҳ, икки хил баҳо

Иллюстратив фото.
Африкада яшовчи қабилалардан бирининг вакили билан суҳбатда «яхши ва ёмон деганда нимани тушунасан?» дея савол берилган. Готтентот қабиласидан бўлган бир эркак «Агар қўшни қабиладаги босқинчи уйимга ҳужум қилиб, хотинимни зўрласа ва молларимни ҳайдаб кетса — бу ёмон» дея жавоб берган. Яхши нималиги тўғрисидаги саволга эса: «Агар мен қўшнимнинг чайласига ҳужум қилиб, унинг хотинию молларига эгалик қилиб олсам — бу яхши» деб жавоб қайтарган. Агар икки хил стандартлар фақат онги ҳаминқадар бўлган аборигенлар иши, деб ўйласангиз қаттиқ адашасиз. Бундай услуб дунё катта сиёсатига шу қадар сингиб кетганки, эшитиб ҳайрон қоласиз.
Тарих бундай воқеаларга жуда кўп гувоҳ бўлган. Ўн биринчи асрда Рим папаси Урбан II ҳаммани Салб урушларига чорлаганида бу юришларни «Муқаддас уруш» дея атайди ва барча қатнашчилар гуноҳларидан кечирилишини эълон қилиб юборади. Шарқда кўплаб қирғинларга сабаб бўлган бу ҳаракатларга нафақат рицарлар, балки оддий деҳқонлар ва ҳатто болалар ҳам жалб этилган эди ҳамда уларнинг аксарияти нима муқаддаслигини тушунмай қурбон бўлиб кетишди. Александр Дюманинг «Дартанян ва уч мушкетёр» асаридаги энг ёвуз образ бўлган кардинал Ришелье ҳаётда ҳам яшаб ўтган. Бир куни унга қарата «хоинсан» дейишганида «Хоинлик – эртами кечми албатта содир этилади, фақат масала унга қачон ва қаерда баҳо беришда холос» дея жавоб берган.
Замонавий сиёсатда ҳам бундай машҳур иборалар талайгина — «улар учун — уруш, биз учун — тинчлик учун кураш; улар учун — интервентлар, биз учун — байналмилалчи жангчилар; биз учун — разведкачилар, улар учун — жосуслар» шулар жумласидандир.
Икки хил стандартлар — бир хил вазиятга бир баҳо берувчи томонидан айни шу вазиятни содир этувчилар икки томон бўлганида икки хил баҳо бериш бўлиб, давлат раҳбарлари, йирик сиёсатчилар томонидан амалга оширилса-да, одатда ҳеч қачон тан олинмайди.
Дунё сиёсатида ким энг фаол бўлса, шу икки хил стандартларга ҳам кўпроқ йўл қўяди. Бу борада Россия ва АҚШ ўртасидаги тортишув жараёни яққол мисол бўла олади. «Терроризмга қарши кураш» деган ғоянинг ўзи шу қадар турлича талқин қилинадики, гўё бунинг охири йўқдек. Аслида терроризмга қарши кураш бўйича ишлар Ислом динини ниқоб қилган экстремистларга қарши ҳаракатлардан анча олдинроқ АҚШ томонидан бошланган. Фарқи шундаки, президент Рейганнинг бу ғоя остидаги ҳаракатлари асосан совуқ уруш даврида СССРга қарши қаратилган ва собиқ иттифоқ қайси давлатни қўлласа ёки қайси давлат иттифоқни қўлласа, шу давлатларда «террорчиликка қарши кураш» бошланган. Яққол мисол – Афғонистон. Собиқ иттифоқ бу давлатда ҳарбий ҳаракатлар олиб борганида АҚШ СССРга қарши кучларни фаол қўллаб-қувватлаган. Йиллар ўтиб, АҚШнинг ўзи ҳам айни шу давлатда уруш очди ва бу уруш ҳануз давом этяпти. Энг қизиғи, ҳозир ҳам «террорчиликка қарши кураш» ғояси остида ҳаракат қилинмоқда.
Сурияни олайлик. Айни шу давлатга ИШИДга қарши Россия ҳам, АҚШ ҳам қўшин киритди. Бир қарашда душман ҳам, мақсад ҳам битта. Аммо икки томонга тегишли оммавий ахборот воситаларини кузатсангиз, шунчалик чалкашиб кетасизки, гўё ҳар бир давлатнинг ўзи терроризмни енгиб ташлаётган қаҳрамон-у, рақиби фақат тинч аҳолини бомбалаётган ёвуздан ўзга эмас.
Россия террорчи дея ҳукм чиқарган Аҳмад Закаевга Англия, Илёс Аҳмадовга АҚШ сиёсий бошпана бергани қизиқ бўлса, АҚШнинг сирларини ошкор қилган ва давлатнинг биринчи рақамли душманига айланиб қолган Эдвард Сноуденни Россия ўз паноҳига олгани ундан-да қизиқ.
Ёки Ироқ урушини таҳлил қилсак. Саддам Ҳусайннинг ўта шафқатсизлиги, террорчиларни қўллаши ва оммавий қирғин қуролига эга эканлиги важ қилиниб, бу давлат тузумини ўзгартириб, демократик жамият қуриш ғояси билан уруш бошланди. Саддам Ҳусайн қатл этилди, оммавий қирғин қуроли сифатида БМТ кенгашига тақдим этилган шишачадаги модда шунчаки оддий кукун эканлиги маълум бўлди, Саддам Ҳусайн даврида қаттиқ назорат издан чиқиши билан ҳосил бўлган вакуумни ИШИД каби террорчиларнинг ғоялари эгаллади. Ҳозир демократиянинг ҳиди ҳам келмаётган бу давлат узлуксиз терактлар ва урушлар гирдобига тортилиб кетди. Табиийки, рақиблар бир воқеага икки хил нигоҳ услубидан воз кечмадилар.
Уста сиёсатчилар ҳар қандай урушни оқлай биладилар, ҳар қандай ғояни олдга сура оладилар. Аммо қўшстандартлар жабрини одатда фақат оддий одамлар кўришади.
Аброр Зоҳидов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter