Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бош прокуратура Марғилон шаҳар бозоридаги ёнғин бўйича ахборот берди

Бош прокуратура Марғилон шаҳар бозоридаги ёнғин бўйича ахборот берди

Фото: Видеодан скриншот

Фарғона вилояти Марғилон шаҳар бозорида ёнғин бўлгани ҳақида хабар бериб ўтилган эди. Бош прокуратура томонидан ушбу ҳолат бўйича расмий баёнот берилди.

2019 йил 08 июндан 09 июнга ўтар кечаси соат 02:10 ларда Марғилон шаҳар, Пичоқчи МФЙ, Ҳиёбон кўчаси, 174А-уйда жойлашган «Марғилон умумий улгуржи савдо» МЧЖга қарашли улгуржи ва чакана товарлар сотишга ихтисослаштирилган 3-сонли савдо павильонида ёнғин содир бўлган.

Аниқланишича, павильонда тунги навбатчиликда қолган Ш.И. соат 02:00 ларда 3-сонли савдо павильони том қисмидаги электр симида қисқа туташув бўлиб, кучли чақнаш юз берганлигини ва натижада ёнғин келиб чиққанлигини кўриб, бинони электр тармоғидан узиб, бу ҳақда дарҳол Марғилон шаҳар ёнғин қутқарув қисмига хабар берган.

Соат 02:10 да ёнғин қутқарув ходимлари ҳодиса жойига етиб борган ва соат 04:20 да ёнғин бўлган ҳудуд қуршаб олинган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ёнғин соат 05:40 да бартараф этилган. Келиб чиққан ёнғин натижасида ҳалок бўлганлар ва тан жароҳати олганлар бўлмади. Ҳозирда ёнғинни келиб чиқиш сабаблари ва бунинг оқибатида тадбиркорларга етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.

Ёнғин оқибатида бозорнинг 1575 кв. метр майдонида томи ва ички қисми ва унда сақланаётган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ёниб зарарланган.

Ушбу бозорда жами 243 та якка тартибдаги тадбиркорлар савдо-сотиқ фаолияти билан шуғулланиб келади.

Мазкур ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Терговнинг бориши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг