Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ботаника боғи Фанлар академияси ихтиёрида қолади – Саида Мирзиёева

Ботаника боғи Фанлар академияси ихтиёрида қолади – Саида Мирзиёева

Бир неча кундан буён Тошкент шаҳридаги Ботаника боғининг пойтахт ҳокимлиги ихтиёрига ўтказилишини ва ундан тижорий мақсадларда фойдаланиш мумкинлигини назарда тутувчи ҳужжат лойиҳаси муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳам мазкур янгиликка ўз муносабатини билдириб, боғдан «тижорий мақсад»ларда фойдаланиш мумкин эмаслигига урғу берди.

«Ботаника боғи – бу кўнгилочар жой эмас. Бу – бутун шаҳримиз ҳар куни нафас олаётган Тошкентнинг «ўпкаси». Бу - биз ғурурланадиган тарих. 70 йилдан ортиқ вақт давомида истеъдодли олимларимиз ушбу боғда бебаҳо дарахтлар ва ўсимликларни етиштирдилар, уларга ўз меҳр-муҳаббатини бағишладилар.  Юртимизда бундай маскан бошқа ҳеч қаерда йўқ.

Табиатнинг ана шу бир парчасини асраб-авайлаш, уни ҳимоя қилиш ва болаларимизга етказиш бизнинг бурчимиздир. Мен Ботаника боғини тижорий тузилмалар бошқарувига топширишга қатъиян қаршиман. Унинг бир сантиметри ҳам ижарачи ёки қурувчиларга берилмаслиги шарт», – дейди Мирзиёева.

У, шунингдек, боғнинг Фанлар академияси ихтиёридан олиб қўйилаётганини қоралайди.

«Боғни олимлар яратган ва у олимлар ихтиёрида бўлиши, бутун ўзбекистонликлар учун хизмат қилиши лозим. У Фанлар академияси ихтиёрида қолади», – дейди у. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг