Бразилиядаги сув тошқинида 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро штатининг тоғли ҳудудида кучли ёмғир сабаб юзага келган сув тошқини оқибатида камида 23 киши ҳалок бўлди.
Бу ҳақда Globo телеканалига асосланиб, «Мир 24» маълум қилди.
Сув тошқини асосан Петрополис муниципалитетига зарба берган.
«Мен Петрополисдаги фожиа ҳақида Москвадан билдим. Минтақавий ривожланиш вазири Рожерио Маринью ва иқтисодиёт вазири Пауло Гуедес билан жабрланганларга зудлик билан ёрдам кўрсатиш учун телефон орқали суҳбатлашдим, шунингдек, Россияда менга ҳамроҳлик қилаётган мудофаа вазири генерал Брага Нето билан суҳбатлашдим», — деб ёзган ҳозирда Россияда расмий ташриф билан бўлиб турган Бразилия президенти Жаир Болсонаро ўзининг Twitterдаги саҳифасида.
Мамлакат жануби-шарқида ёмғир бошланганидан бери олти соат ичида кучли сув тошқини юзага келган. Автомобиллар ва кичик ҳажмдаги уйларни тошқин оқириб кетмоқда. Дарёлар қирғоқларидан тошиб, бутун маҳаллаларни вайрон қилган. Элликдан ортиқ кўчкилар қайд этилган. Кўчалар, майдонлар, уйларнинг ҳовлилари сув остида қолган. Сув тошқинида қолганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида 200 га яқин қутқарувчилар жалб қилинган.
Ўтган йилнинг ноябр ойида ёмғирли мавсум бошланганидан бери минтақада 70 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter