«Бу Европада Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йирик қатлиом» – Ҳикмат Ҳожиев
Бундан 32 йил аввал Хўжали шаҳрида Озарбайжоннинг тинч аҳолиси қатлиом қилингани инсониятга қарши жиноят саналади. Бу ҳақда Озарбайжон президенти маъмурияти ташқи сиёсат бўлими раҳбари Ҳикмат Ҳожиев ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзди.
«1992 йил 25 февралдан 26 февралга ўтар кечаси Арманистон қуролли кучларининг собиқ СССР 366-полки ёрдамида Хўжали шаҳрига ҳужум уюштириши ва уни эгаллаши оқибатида 613 нафар озарбайжонлик тинч аҳоли вакили, жумладан, 106 нафар аёл, 63 нафар бола ва 70 нафар қария шафқатсизларча ўлдирилди. Яна 1000 киши жароҳатланди, 1275 киши гаровга олинди. Ҳозирга қадар 150 нафар хўжалилик дараксиз йўқолган деб ҳисобланади», – дейди Озарбайжон президенти ёрдамчиси.
Қайд этилишича, Хўжалида содир этилган жиноят қўшни давлат томонидан амалга оширилган этник тозалаш сиёсатининг бир қисми эди.
«Хўжали қатлиоми Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европада бегуноҳ аҳоли вакилларининг оммавий равишда, даҳшатли тарзда ўлдирилиши сифатида тарихга кирди. Хўжали қатлиоми халқаро ҳамжамиятнинг тамоман бефарқлиги шароитида содир этилди. Хўжали қурбонларига нисбатан адолатли муносабатни Озарбайжон давлатининг ўзи тиклади. 2023 йил сентябрь ойида Хўжали ишғолдан озод қилинди. Ушбу жиноятларнинг ташкилотчилари ва ижрочилари яқинда судда жавоб беради. Аммо биз учун энг катта таскин шуки, Хўжали фожиасидан омон қолганлар ва ҳар бир Озарбайжон фуқароси эндиликда нафақат озод этилган Хўжалига, балки бутун Қорабоққа, жумладан, Шарқий Зангезурга бемалол, бошини тик тутган ҳолда сафар қилиши мумкин», – деб ёзди сиёсатчи.
Озарбайжон 32 йил аввал рўй берган фожиани геноцид ҳамда халқаро ҳуқуқ меъёрларининг қўпол равишда бузилиши деб билади. Шунингдек, дунёнинг 17 давлати ҳамда АҚШнинг 24 штатида Хўжали фожиаси геноцид деб тан олинган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди 2010 йил 22 апрель куни қарорида Хўжалида содир этилган қилмишларни ҳарбий жиноят деб малакалаган. Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти ушбу қирғинни қоралаб баёнотлар бериб келади.
Аввалроқ Озарбайжоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Сабина Алиева қатлиом айбдорлари халқаро маҳкама томонидан жазоланишини талаб қилиб чиққан эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter