«Бу – мамлакат келажагига болта уриш билан баробар!» Шерзод Қудратхўжаев жиддий муаммоларга муносабат билдирди
Депутат ва сенаторларимиз қачон чинакам маънода халқ вакилига айланади? Сиёсатга аралашувдан ҳадиксирашимиз сабаби не? Мамлакатимиз илм-фанида муаллифлик ҳуқуқи ва олимлик ахлоқи талабларига қай даражада риоя этилмоқда? ЎзЖОКУ ректори, сиёсатшунос олим Шерзодхон Қудратхўжаев билан суҳбатда шу каби долзарб масалалар муҳокама этилган.
– Давлат ҳокимиятининг уч бўғини – қонунчилик, ижроия ва суд ҳокимияти бири бирига кўз-қулоқ бўлиб фаолият юритиши лозим. Фуқаролик жамиятини барпо этишда, айниқса, парламент зиммасига залварли юк тушади. Афсуски, янги сайланган парламентимиз ҳозирча ижроия ҳокимияти устидан етарли назорат ўрната олмади, коррупция сингари ҳаёт-мамот аҳамиятига эга муаммоларни ҳал этишда ҳам депутату сенаторлар фаоллиги сезилмаётир. Бармоқ билан санарли депутатларни инобатга олмаганда, кўп сонли халқ ноибларининг бор-йўқлиги ҳам билинмаяпти. Айримлари эса, “Мени сиз сайламагансиз, мендан амалий кўмак кутманг” қабилида баёнот бериб, аллақачон электорат ҳафсаласини пир қилди. Дунёдаги нуфузли таҳлил марказларидан бири – Standard & Poor’s агентлиги Ўзбекистонга бағишланган сўнгги ҳисоботида ҳам айнан институционал вазиятни танқидий баҳолади. Агентлик хулосасига кўра, мамлакатимизда муҳим қарорлар марказлашган ҳолда қабул қилинмоқда, ҳокимият бўғинлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати заиф. Шерзодхон ака, депутат ва сенаторлар чинакам маънода халқ вакилига, Олий Мажлис эса ижроия тизимини жиловлаб турадиган қудратли идорага айланиши учун яна қанча қовун пишиғи бор деб ўйлайсиз?
– Аввало, саволнинг бундай тарзда берилишини ёқламайман. Тўғри, ҳали парламентимиз биз орзу қилган, дунёдаги нуфузли таҳлил марказлари белгилаган қай бир мезон-стандартларга тўлиқ жавоб берадиган даражага етгани йўқ. Ҳокимият бўғинлари ўртасидаги тийиб туриш ва ўзаро манфаатлар мувозанати ҳам бир қадар заиф бўлиши мумкин. Лекин бир жиҳатни унутмаслигимиз керак: биз қарийб чорак аср халқ ҳокимиятчилиги ҳақида бонг урдик, йўлимизнинг тўғри ва демократик эканини таъкидлашдан чарчамадик. Амалда эса “демократия-демократия” ўйинини ўйнадик, холос. Бошқарув услубимиз нафақат марказлашган шаклда, балки бир шахс яккаҳокимлиги, барча ўзгаришларга унинг ўзи бош-қош бўлиши тамойилига бўйсундирилган эди. Мустақилликнинг дастлабки оғир даврларида бу йўл ўзини оқлаганини инкор этмайман. Аммо мазкур услуб кейинги йиллар учун тамоман зарарли бўлди. Шундай сиёсий тизим, сиёсий элита яратилдики, пировардида бошқарувнинг барча институционал шакллари аста-секин фалажланди. Сиёсий ҳаёт ҳам шунга мувофиқ тарзда кечди.
Оқибатда нима бўлди? Одамлар сиёсатга ишонмай қўйди. Сиёсатга қизиқиш-да сўнди. Одамлар сайловга номигагина борадиган бўлди. Хонадоннинг биттагина вакили бутун бошли оила учун сайлов участкасида ўтирган қай бир валламат кўрсатган номзодга овоз берди. Кўп сонли аҳоли сайловга чиқмас, “барибир кимнинг сайланиши аниқ-ку” деган қараш кенг тарқалган эди. Жамият аъзолари давлат бошқарувида иштирок этиш ҳуқуқидан аввалига элита тарафидан мосуво этилган бўлса, кейинчалик ўзини ўзи четга тортди.
Бу ҳол 2016 йилга келиб ўзгарган бўлса, 2019 йил декабрь ойидаги парламент сайлови вазият мутлақо бошқа ўзанга бурилгани, сиёсий жараёнларда оддий фуқароларнинг фаоллиги кучайганини кўрсатди. Мен бунга Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси сифатида шахсан гувоҳ бўлдим ва ўзгаришлардан ғоят қувондим.
“Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтган охирги сайлов халқимизнинг онгу тафаккури, сиёсий билими ва маданияти ўсиб, жамиятимизда демократик тамойиллар изчил қарор топиб бораётганини исботлади.
Сўнгги сайловда бешта партиядан кўрсатилган номзодлар соғлом сиёсий рақобат муҳитида кураш олиб борди. Жонли телеэфирдаги дебат-тортишувларда номзодларнинг дастури жиддий таҳлил-тафтиш қилинди; танқидий фикрлар, қарама-қарши ёндашувлар очиқчасига айтилди. Партия вакиллари ўз дастурини оммага содда, тушунарли тилда баён этди. Партияларнинг стратегик мақсадлари муштарак бўлса-да, уни оммага тақдим этишда турфа шакллардан фойдаланилди.
Энди ўзингиз айтинг, лоақал 2014 йилги парламент сайловида муаммолар очиқ айтиладиган ана шундай муҳитни тасаввур қила олармидик? Йўқ, албатта.
Халқимизнинг “мусулмончилик асталик билан” деган ҳикматини яхши кўраман. Яъни ҳар бир воқелик пишиб етилгач, табиий маром билан юз бериши керак. Араблар эса, “Кечикиш – кулфатдир” дейди. Ҳа, демак, қўл қовуштириб ўтириш ҳам ярамайди. Партиялар, сиёсатшунослар, жамият – ҳаммамиз бир муштга дўниб, эзгу мақсаднинг тезроқ рўёбга чиқиши учун ҳаракат қилишимиз лозим. Сирасини айтганда, вазиятнинг пишиб етилишини илмий ёндашув асосида жадаллаштиришимиз керак.
Атоқли давлат арбоби Теодор Рузвельт таъкидлаганидек, “Фақат ҳеч бир ишга қўл урмайдиган одамгина хато қилмаслиги мумкин. Хато қилишдан эмас, балки уни такрорлашдан қўрқиш керак”. Юқори доиралар ҳозирлаб берган “демократия” халққа мутлақо фойда келтирмаслиги борасида аччиқ тажрибамиз бор. Алқисса, ташаббуслар халқнинг ўзидан чиқиши, ўзгаришлар фуқаролар онгу тафаккури ўсиши ортидан юз бермоғи муҳимдир.
– Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссасида қизиқ бир лавҳа бор. Ҳожи бобонинг такяси. Гиёҳвандлар манқалдон атрофида тизилганча, “Гермон дегани балои азим экан, фаранг шаҳрига осмондан тўп ташлабди” дея сиёсатдан лоф уриб ўтирган маҳал Қоравой кишибилмас кўмиб қўйган шиша портлаб кетади. Шунда Ҳожи бобо “Сизларга ҳукуматнинг ишига аралашманглар демаганмидим” дея ёзғиради. “Шум бола” ёзилганига неча замонлар ўтди. Аммо кенг омманинг сиёсатга муносабати ўзгармагандек. Ота-оналаримиз ҳали ҳам “сиёсатга аралашма” дея қулоғимизга қуйишади. Россиялик таниқли видеоблогер Юрий Дудь Иосиф Сталин сиёсатига бағишланган ҳужжатли фильмида рус халқининг салтанат эгаларидан қўрқувини шафқатсиз қатағонлар билан боғлайди. Ҳам сиёсатда суяги қотган журналист, ҳам мазкур соҳада илмий изланиш олиб бораётган олим сифатида айтинг-чи, бизнинг сиёсатга аралашувдан ҳадиксирашимиз сабаби не?
– Инсон сўзининг луғавий маъноси “унутгувчи”дир. Замонавий руҳий таҳлил (психоанализ) илмида инсон хотираси ҳис-туйғуларга чамбарчас боғлиқ экани исботланган. Туйғуларимизга кучли таъсир этган яхшилигу ёмонлик онгости хотирамизга ўрнашади. Қизиқ жиҳати, бизга яхшилик қилганларни дарров эсдан чиқарамиз, аммо зулм, золим ва қўрқув ҳеч қачон унутилмайди. Тўғри, инсон эркинликни теран ҳис этгани сари қўрқувни енга боради; лекин онгимиздан сиқиб чиқарсак-да, у онгости шууримизга яширинади ва қулай вазиятда юзага чиқади.
Ёш болалар нега чақмоқ ёки шамолдан қўрқади? Чунки уларнинг хотираси оппоқ қоғоздек тоза, чақмоғу шамолни ўзича хатарнок деб билади. Табиат ҳодисалари моҳиятини англай бошлагач эса қўрқмай қўяди. Буюк файласуф Ҳегель “Билимсизлик – эрксизликдир” деган. Ҳа, инсон борлиқ қонуниятларини билиб боргани сайин ўзини эркин ҳис эта бошлаши шундан. Демак, табиат ва жамият қонуниятларини фақат илм орқалигина кашф этиш мумкин. Сиёсат масаласида ҳам шундай...
Бир неча ой олдин Халқаро пресс-клуб дастурида қатағон қурбонлари мавзусида салмоқли изланишлар олиб бораётган академик Наим Каримов билан суҳбатлашдик. Ўша кўрсатувни кўришни тавсия қилган бўлардим, чунки унда айтилган фикрлар, келтирилган фактлар Юрий Дуднинг ҳужжатли фильмидагидан зиёд бўлса зиёдки, асло кам эмас. Устоз адабиётшунос суҳбат давомида неча ўн йиллар мобайнида темир сандиқларда сақланган, истиқлол даврига келибгина юзага чиққан ҳужжатларга таяниб, ўтган асрнинг 30-йилларида миллатимизнинг асл фарзандлари қандай қириб юборилгани ҳақида сўзлаб берди. Қатағон даврида сиёсатга аралашганларни қўятурайлик, “халқ душмани” дея бадном қилинганлар билан бир дастурхон атрофида ўтирганлар ҳам уруғ-аймоғи билан сургун қилинган, қамоққа ташланган. Шу тариқа халқимиз сиёсий масалаларни муҳокама қилиш, умуман, сиёсат ҳақида гапиришдан юрак олдириб қўяди.
Бир эсланг-а, сиз тилга олган “Шум бола” асари қачон ёзилган ўзи? Ҳа, балли, 1935 – 1936 йиллар. Ҳали Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев сингари арбобларимиз ватанни Совет Иттифоқидан озод қилиш ҳақидаги ғояларини ошкор этмаган, мустақиллик учун ҳаракатлар бошланмаган, ҳали зиёлиларимиз собиқ марказга “Ўзингиз ёзган Конституцияга биноан озодлик истаймиз!” дея дадил гапирмаган даврда! Ким билсин, ёзувчи ўша сюжет орқали “сиёсатга аралашма, оқибати вой” демоқчи бўлганмикан?
Михаил Горбачёвнинг “қайта қуриш”и даврида нафақат биз, балки бошқа совет республикаларида ҳам аҳолининг сиёсий фаоллиги кучайди. Компартияга муқобил партиялар тузилди. Зиёлилар халқнинг сиёсий онгини ошириш, ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи учун курашга киришдилар. Аммо... бу ҳаракатлар тез фурсатда барҳам топди. Тобора иҳоталаниб борган мамлакат алалоқибат ҳамма учун бир одам ўйлаши, ҳамма учун бир одам қарор қабул қилишидек номақбул йўлдан кетди. Жаҳон тарихидан маълумки, бу ҳол ҳеч қачон яхшилик келтирмаган. Алҳосил, биз нафақат Сталин қатағонлари, балки яқин ўтмишимиздаги “Давлат бу – мен!” деган қараш асорати туфайли ҳам сиёсатга аралашиш ва ўзимиз учун ўзимиз қарор қабул қилишдан қўрқиб қолган эдик.
Халқнинг сиёсий маданиятини ошириш учун эса ҳали кўп иш қилиниши керак деб ҳисоблайман. Бунинг учун сиёсатчиларнинг ўзи соғлом танқидга танти, бардошли бўлмоғи даркор. Конституцияда белгиланган эркинликдан фойдаланиб сиёсат борасида фикр айтган фуқаро таъқиб этилмаслиги керак. Шу билан бирга, жамиятда бошбошдоқлик, қонунсизлик авж олмаслиги, манфаатлар мувозанати қарор топиши учун оммавий ахборот воситалари эмин-эркин фаолият юритмоғи лозим. Ана шундагина одамлар сиёсатга аралашиш, бошқарув жараёнларини муҳокама қилиш, нима яхшию нима ёмон эканини баралла айтишдан ҳадиксирамайди.
– Глобаллашув ва янги мустамлакачилик (неоколониализм) даври миллат сифатида ўзбекларни ҳам жиддий имтиҳондан ўтказмоқда. Сердолға замонимизда миллий ўзликни асраш, сиёсий мустақилликни сақлаб қолиш осон кечмаслиги кундек равшан бўлиб бораётир. Аччиқ ҳақиқат шуки, аввал чор Русияси, кейин собиқ Иттифоқ таркибида бўлган юртимиз мустақилликка эришганидан буён қарийб 30 йил ўтса-да, ҳали-ҳамон постколониал тафаккурдан тўлиқ халос бўла олмадик. Бунга амин бўлиш учун ижтимоий тармоқда ўзбек тилининг мақоми борасида кечаётган баҳс-мунозараларни кузатишнинг ўзи кифоя. Ўз тили ва маданиятидан ор қилаётган ҳамқавмларимизнинг қийлу қолини ўқиб, улуғ маърифатпарвар Абдурауф Фитратнинг “Бу шундай миллатки, ҳақини ғорат этсалар, ўзи ана шу яғмогарлар оёғига бош қўйишни фазилат деб билади” деган танбеҳи ёдга келади. Дарвоқе, ўзингиз ҳам давлат тили ҳимояси борасида билдирган фикрларингиз учун ижтимоий тармоқда хўб маломатга қолдингиз-ку... Сизнингча, постколониал тафаккур, мутелик руҳияти, инилик (укалик) кайфиятидан қутулишимизга нима халал беряпти?
– Мени ижтимоий тармоқда бир неча юз чоғли киши маломат қилгандир, аммо бу бутун бошли халқ бугун укалик кайфиятида юрибди деб айтишга асос бўлолмайди. Қолаверса, тил масаласидаги тортишувлар қачон тинибди денг. Қай бир мамлакатга қараманг, тил масаласида келишмовчиликни кўрасиз. Нафақат постсовет, балки постколониал давлатларнинг ҳар бирига хос ҳолат бу. Масалан, Лотин Америкасида испан ва португал тиллари, Африканинг шимолий қисмида француз тили, Жануби-шарқий Осиёда инглиз тили, Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатларида рус тилининг таъсири шу жиҳатдан анча кучли.
Халқимиз мутелик руҳиятидан, укалик (инилик) кайфиятидан қутулолмаётгани ҳақидаги иддаонгиз Евроосиё иқтисодий иттифоқи теграсидаги гап-сўзлар юзасидан бўлса, бу борада ҳаммага аллақачон маълум бўлган бир жиҳатни айтиб ўтишни истардим. Маълумотларга кўра, 2006 – 2016 йилларда Ўзбекистонда ҳар йили ўртача 500 мингдан 1 миллионгача иш ўрни очилганига қарамасдан, мамлакатимиз Россия ва бошқа қўшни давлатларга арзон ишчи кучи етказиб берувчи ўлкага айланиб қолган эди. Истаймизми-йўқми, Россияга бориб ишловчи юртдошларимизнинг аксариятида инилик туйғуси, рус миллатига биродарларча муносабат шаклланган. Аммо бу улар онгида қуллик кучайганини англатмайди.
Масаланинг иқтисодий жиҳатига назар ташлайлик. Давлатимиз раҳбарияти бугун халққа нима фойдаю нима зарар эканини назарда тутган ҳолда сиёсат юритмоқда. Хусусан, “ЕОИИга кузатувчи ёки тўлақонли аъзо бўлиш бизга нима беради?”, “Аҳоли учун қай бири кўпроқ манфаатли?” деган саволлар бўйича тажрибали иқтисодчилар билдираётган фикрларга қулоқ тутилаётир. Яна бир омилни эътиборда тутиш керак: асосий савдо ҳамкорларимиз бўлган ЕОИИ мамлакатлари бугун биз билан савдо алоқаларини мазкур тузилманинг низом ва қоидалари асосида ўрнатмоқда. Маҳсулотларимиз учун тайёр бозор ҳам шу минтақа. Импорт маҳсулотларнинг асосий қисми ҳам айнан ЕОИИга аъзо давлатлар орқали кириб келади. Хўш, бундай шароитда биз худди кечагидек халқ манфаатини четга суриб, шахсий ғуруримизга таяниб иш тутамизми ёки одамлар учун кўпроқ наф келтирадиган йўлни танлаймизми? Ўзбекистоннинг ушбу тузилмага кузатувчи давлат мақомида қўшилиш ниятида эканининг ўзи ҳам бу саволга янада аниқроқ жавоб топиш, келгуси мақсад-мўлжалларни равшанлаштириб олиш истагининг кучли эканидан.
“Нон аввалгидек 35 тийин бўлади” деса, ғурурни унутиб, миллату давлатини сотишга тайёр турадиган, қорин-қурсоқ ғамини дунёдаги барча ташвишлардан устун қўядиган оломондан Ўзи асрасин! Айни чоқда, халқни янада қийин аҳволга солиб қўйишдан ҳам эҳтиёт бўлишимиз керак. Бу – “олтин оралиқ”ни топиш талаб этиладиган мураккаб масала.
Тил масаласига қайтсак. Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда давлат тили мақомини ошириш бўйича талай ишлар қилиняпти. Барча расмий ташкилот ва идораларда ҳужжатларнинг давлат тилида юритилишини назорат этишга масъул бўлган маслаҳатчи лавозимининг таъсис этилиши, қонунчилик ҳужжатларини аввало ўзбек тилида, сўнг бошқа тилларда тайёрлаш талабининг қўйилиши она тилимиз аҳамияти ва нуфузини янада оширади. Энди ҳар биримиз оилада, ишда, кўча-кўйда тилимиз обрўсини кўтаришга интилишимиз керак. Ўзбек бўлатуриб рус тилида гаплашишни афзал кўрадиганлар, боласини русча синфга берадиган ота-оналар, таассуфки, ҳали ҳам оз эмас. Аммо мен бу ҳолатни укалик кайфияти ёки мутелик руҳиятидан деб билмайман. Бу шунчаки ўз кори-амалининг оқибатини ўйламаслик натижасидир.
– Карл-Теодор цу Гуттенберг бундан ўн йиллар аввал Германиядаги энг бообрў сиёсатчилардан бири эди. Мудофаа вазири лавозимида фаолият юритаётган арбоб тез фурсатда канцлер Ангела Меркелнинг ўрнини эгаллаши кутилаётган эди. Аммо матбуот жаноб Гуттенберг ҳуқуқшунослик бўйича докторлик диссертациясида бошқа олимлар фикрини ўғирлаганини фош этди. Истиқболи порлоқ дея таърифланган арбоб плагиаторлик – кўчирмакашлик айбловидан кейин истеъфо беришга мажбур бўлди. Сиёсатчининг кўп йиллик “тоат-ибодати” бир зумда йўққа чиқди. Олмон вазири-ку бир неча иқтибослар манбаси ва муаллифини аниқ кўрсатмагани важидан шармисор бўлди. Бизда эса бутун бошли диссертациялар ўзга муаллифлар томонидан ёзиб берилгани ҳақида гап-сўзлар юради... Сизнингча, мамлакатимиз илм-фанида муаллифлик ҳуқуқи ва олимлик ахлоқи талабларига қай даражада риоя этилмоқда?
– Қўлимда аниқ далил бўлмаган масалада ҳукм чиқармасликни маъқул кўраман. Аслида, плагиаторлик бу – ўғрилик. Ўғрилик дунёвий жамиятда ҳам, самовий динларда ҳам қораланади. Ўзганинг фикр ёки ғоясини “меники” дея эълон қилиш, яъни илмдаги кўчирмакашлик эса ўғриликнинг энг тубан кўринишидир. Балки кимдир муайян ҳақ эвазига диссертация ёки илмий рисола ёзиб берар. Балки бировлар буни шунчаки ўзаро келишув, савдолашув деб билар. “Фикр (ғоя) меники, уни истасам ўзим эълон қиламан, истасам бошқа бировга сотаман” деб ўйлайдиганлар ҳам бордир. Афсуски, улар арзимаган пул эвазига илмсиз, истеъдодсиз касларга фан салтанати эшикларини ланг очиб бераётганларини тушунмайди. Хўш, ўша кимса кейин нима қилади? Аввал-бошлаб атрофига ўзи кабиларни йиғади. Куч-қувватга эга бўлгач эса, тиш-тирноғи билан чинакам илм аҳлига қарши курашади.
Ҳамма нарсага чидаш мумкиндир, аммо диссертация-рисола ёздириб, аллаким қоралаб берган маърузаларни академик давраларда ҳижжалаб ўқиб бергувчи, илмнинг кўчасидан ҳам ўтмаган “олим”ларга тоқат қилиб бўлмайди. Бу мамлакат ва миллатнинг келажагига болта уриш билан баробар!
Техника имкониятлари ортган ҳозирги замонда кўплаб давлатларда плагиатликни тезкор аниқлаш бўйича тизимлар фаолият юритаётир. Аммо улар ҳам бировнинг ғоя ёки фикрини кўчириб олганларга қарши курашади, холос. Моддий манфаатдорлик эвазига ўз фикри, ғоясини ўзгага сотадиганларга қарши замонавий техника билан ҳам курашиб бўлмайди. Демак, қолгани – виждон иши.
– Афсуски, жамият муаммоларини кўтариб чиққан журналистларни ватанбезориликда айблашдек хунук иллат ҳали йўқолганича йўқ. Сизга АҚШ журналистика дарсликларига киритилган бир савол-жумбоқни бермоқчимиз. Тасаввур қилайлик, журналист ўзи мансуб мамлакат мудофаа вазиридан интервью оляпти. Иттифоқо, вазирга қўнғироқ бўлади ва у журналистдан узр сўраб бир муддат хизмат хонасини тарк этади. Касбий ахлоқ талабига кўра мезбон ҳужжатларига журналистнинг рухсатсиз тегиниши мумкин эмас, албатта. Аммо зийрак журналист вазирнинг иш столида очиқ ҳолда қолдирилган қоғозга кўзи тушади. “Мутлақо махфий” тамғаси урилган ҳужжатда бир неча кундан кейин қўшни мамлакатга уруш эълон қилиниши баён этилган эди. Хўш, бу ҳолатда журналист қандай йўл тутгани маъқул? Қимматли ахборотни жамоатчиликка ошкор этиши керакми ёки ватанпарварлик талабига кўра махфий маълумотни сир тутиши лозимми? Умуман, сиз ватанпарварликни қандай англайсиз? Дейлик, ҳукумат сиёсатига қарши бўлган журналистни ватанга хиёнатда айблаш тўғрими?
– Муайян ҳукумат сиёсатига қарши бўлган журналистни ватанга хиёнатда айблаш ҳар қандай демократик мамлакатда номақбул иш деб баҳоланади. Аммо бу борада айрим мезонлар борки, уларга ҳам диққат қаратиш лозим. Масалан, журналист матбуотда бирон бир муаммони ёритишга бел боғлади-ю, шахсий бир илтимоси ҳал этилиши ортидан муаммони босди-босди қилди – ундай журналистни ватанпарвар деб бўлмайди, албатта. Ҳақиқий ватанпарвар инсон ўз манфаатидан миллати ва мамлакати манфаатини устун қўяди.
Биз яқин тарихимизда хориждан туриб шахсий манфаат йўлида Ўзбекистонга тош отганларни ҳам; мамлакатда яшаб, ҳукумат олиб бораётган сиёсатни холис баҳолаган – керак вақтда эътироф этган, керак пайтда танқид қилган журналистларни ҳам кўрдик. Журналистикани фақат мақташ, шарафлаш дея биладиган ҳамкасбларимиз ҳам борки, улар миллий журналистика ривожига четдаги “дўст”лардан-да кўпроқ зиён келтирдилар.
“Мутлақо махфий” маълумотнинг ошкор қилинишига келсак, аввало, нима давлат сирини ташкил қиладию қандай ахборотни бемалол тарқатиш мумкинлиги устидаги баҳсларни тезроқ тугатиб, қонунчилик ҳужжатларини шунга мослаштириш даври келди. Журналист фаолият чегараси қаерда тугашини аниқ билиши керак. Акс ҳолда, фикр-қарашлари биров-яримга ёқмай қолган ҳар қандай журналист ёки блогер давлат сирини ошкор қилиш баҳонасида жиноий жавобгарликка тортилиши ҳеч гап эмас. Бунга эса асло йўл қўйиб бўлмайди.
АҚШ журналистика дарсликларига киритилган жумбоқ борасида ҳар ким ўзича фикр билдириши турган гап. Мен мамлакат қонунчилиги қандай йўл тутишни тақозо этса, шунга амал қилиш керак, деб ҳисоблайман. Чунки қайноқ ҳиссиётлар эмас, “совуққон” қонунчилик тизимигина энг тўғри йўлни кўрсата олади.
Аммо бошқа бир масала ҳам бор-да: ўша уруш миллионлаб бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилиши ва ҳатто бутун дунё барқарорлиги издан чиқишига олиб келса-чи? У ҳолда халқни ҳам, дунёни ҳам бу хатардан, ҳеч шубҳасиз, огоҳ этмоқ керак. Демак, оқибатни назарда тутган ҳолда йўл тутмоқ даркор.
Бугунги пандемия даври журналистлар зиммасига қабул қилинаётган қарорларнинг халқчиллигини таъминлаш, давлат ва жамият ўртасида кўприк бўлишдек масъулиятли вазифаларни юкламоқда. Аммо бу – халқ манфаатига зид қарорлар қабул қилинса кўз юмиш кераклигини англатмайди. Оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳар қандай ҳолатда ҳам халқ манфаатларига зид қарор ёки лойиҳа ҳақида бонг уриши лозим.
– Мамлакатимиз мансабдорларининг сўз эркинлигига кўникиши хийла оғир кечяпти. Афсуски, ҳали у-ҳали бу ҳудудда журналистнинг касбий фаолиятига тўсқинлик бўлгани, ОАВ ходими ички ишлар бўлимига олиб кетилгани ҳақидаги нохуш хабарлар тарқалмоқда. Ҳокимларнинг анча-мунча гуноҳи битта “узр” билан ювилиб кетаётган бир паллада эндигина “тили чиқаётган”, сўз айтиш масъулиятини ўрганаётган журналист ва блогерларга кескин чоралар кўрилаётгани, анъанавий матбуотга қараганда эркинлик ҳавосини кўпроқ симираётган интернет сайтларида чоп этилган қалтисроқ мавзудаги мақолаларнинг сирли равишда ўчаётгани… кишини ўйга толдиради. Журналистикамиз эски ўзанга – уч-тўрт йил аввалги ҳолатга қайтмасмикан, деган хавотирлар қанчалик асосли? Энди-энди баравж ўсишга шайланаётган сўз ва матбуот эркинлиги ниҳоли бевақт эсган шамолда синиб қолмасмикан?
– Биз неча ўн йиллар мобайнида “халқ ҳали демократияга тайёр эмас” деган қарашда яшадик. Аммо бизга сўз, фикр эркинлиги, қалтис саволларни ҳам бемалол айтиш имкони берилгач, кўрдикки, аслида бунга халқ эмас, давлат идораларида фаолият юритаётган аксар амалдорларимиз тайёр эмас экан. Бу эса одамларда “мана, бизни кимлар бошқаряпти” сингари эътирозлар уйғотгани ҳам бор гап.
Ҳақиқатни тан олишдан уялмаслигимиз, ҳайиқмаслигимиз керак. Суҳбатимиз аввалида айтиб ўтганимдек, ҳамма соҳанинг истиқболини ягона сиёсатшунос, ягона иқтисодчи, ягона қурувчи белгилаб берган мамлакатда бундан бошқача бўлиши мумкин эмас эди. Ана шундай муҳитда “вояга етган” амалдорларнинг ҳам омма олдида сўз айтиши оғир кечмоқда. Хатолар, янглишишлар учрамоқда. Бироқ бу ҳолларнинг кўпи фикрсизликнинг эмас, ўз фикрини аниқ-равшан тушунтириб бера олмаслик натижаси.
Тўғри, аксар ҳудудларда ҳали-ҳамон ОАВ вакилларига душмандек муносабат қилиняпти. Журналистни долзарб масалани кўтариб чиқиб, унинг ечимини топишга кўмаклашувчи хайрихоҳ дўст деб эмас, муаммони оламга достон қилиб обрў олишга интиладиган шахс деб билувчилар ҳам топилади. Бу хил янглиш қараш жойларда журналистлар фаолиятига тўсқинликни келтириб чиқаряпти.
Айни чоқда, қарс икки қўлдан чиқишини ҳам унутмаслигимиз керак. Афсуски, ҳамкасбларимиз орасида ҳолатни шахсий манфаати учунгина танқид қилиб, раҳбарларни атайин обрўсизлантиришга уринаётганлар ҳам бор. Қолаверса, журналистик фаолиятни ҳимоя этишга қаратилган қонунларга терс ҳаракат қилиб, касб этикасини менсимасдан иш кўрадиганлар-да йўқ эмас.
Сўнгги вақтларда кузатилаётган айрим нохуш вазиятларни журналистикани уч-тўрт йил олдинги ўзанга қайтаришга уриниш деб баҳоламаган бўлардим. Бу ҳол журналистиканинг холислиги, шаффофлиги, ҳаққонийлигини таъминлаш, журналистлар фаолияти хавфсизлигини кафолатлаш борасида яна қандай ишларни амалга ошириш зарурлигини кўрсатмоқда. Ана шу кўзгуга боқиб биз хатоларимизни билиш баробарида, журналистикани янада ривожлантирмоқ учун нималар қилишимиз лозимлигини теранроқ англаётирмиз.
С.Ёқубов суҳбатлашди.
“Тафаккур” журналидан олинди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter