Бугун — Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни: сайёра биздан нимани кутяпти?
Онгли истеъмол нима? Онгли истеъмолнинг табиатга қандай алоқаси бор? Кўпинча экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш деганда кўз олдимизга катта заводлар тутуни, Орол фожиаси ёки глобал муаммолар келади. Биз “мен оддий бир одам бўлсам, табиатни асраш учун нима ҳам қила олардим?” деб ўйлаймиз. Лекин асл ҳақиқат шундаки, глобал ўзгаришлар катта қарорлардан эмас, бизнинг кундалик майда одатларимиздан бошланади. Ҳар бир инсоннинг бугунги кичик танлови сайёрамизнинг эртанги тақдирини белгилайди. Яъни истеъмолчилик маданиятимизга онгли ёндашишнинг ўзи табиатни асрашга қўшаётган ҳиссамиз.
Елим пакетнинг хизмати атиги 12 дақиқа...
Келинг, ҳар куни содир этадиган, лекин табиатга энг катта зарбани берадиган одатларимизни кўриб чиқайлик. Биринчи ва энг катта душманимиз оддий елим пакетлардир. Дўконга кирганимизда сотувчининг “пакет керакми?” деган саволига ўйлаб ҳам ўтирмай “ҳа” деб жавоб берамиз. Уйга келгач, ўша пакетни чиқинди қутисига улоқтирамиз.
Дунё миқёсида бир йилда тахминан 5 триллион дона бир марталик елим пакет ишлаб чиқарилади. Бу ҳар сонияда 160 000 та янги пакет дегани! Энг ачинарлиси, биз битта пакетдан ўртача 12 дақиқагина фойдаланамиз (дўкондан уйгача келишда), лекин унинг табиатда тўлиқ парчаланиши учун 400 йилдан 500 йилгача вақт керак бўлади.
Биз шунчаки ташлаб юборган ўша пакетлар кейинчалик тупроқ унумдорлигини йўқотади, канализация тизимларини тўсиб қўяди ва шаҳарларимиздаги чанг-бўронлар вақтида ҳавога кўтарилиб, соғлиғимизга зарар етказади. Дўконга битта матоли эко-сумка билан боришни одат қилиш орқали биргина инсон йилига юзлаб пакетларнинг чиқиндига чиқишининг олдини олиши мумкин.
Ахлат қутисига улоқтирилаётган пул ва сув
Онгли истеъмолдан энг узоқлашган яна бир нуқтамиз озиқ-овқат маҳсулотларини эҳтиёждан ортиқ, заҳираси билан сотиб олиш одатимиздир. Дўкондаги чегирмалар ёки “кўпроқ олсам, анчага етади” деган туйғу сабаб саватни тўлдирамиз, кейин эса улар музлатгич бурчагида муддати ўтиб чиқиндига кетади.
БМТ маълумотларига кўра, дунёда ишлаб чиқариладиган барча озиқ-овқатларнинг учдан бир қисми ейилмасдан, чиқиндихонага улоқтирилади. Бу нафақат молиявий зарар, балки улкан экологик ҳалокатдир. Кўринмас занжирга эътибор беринг, масалан бир дона ахлатга ташланган 250 грамм олма етиштирилиши учун 70 литр сув исроф бўлади. Маҳсулотни даладан дўконгача олиб келиш учун сарфланган ёқилғи, ишчилар меҳнати, ҳаммаси олма билан қўшилиб ахлат қутисига кетади.
Ёки бўлмаса кундалик истеъмолимизда энг биринчи ўринда турадиган нон маҳсулотини олайлик. Аслида бизнинг маданиятимизда нон энг азиз неъмат. Уни асло ерга ташламаймиз, ушоғини ҳам терамиз. Аммо аччиқ ҳақиқат шундаки, бугунги кунда чиқиндихоналарда энг кўп учрайдиган маҳсулот ҳам айнан нондир! Тўй-ҳашамлардан ортиб қолган, уйда захира билан ортиқча сотиб олиниб, кейин моғорлаб, қотган тонналаб нонлар ҳар куни ахлатга улоқтирилмоқда.
Нонни ахлатга ташлаганда, биз шунчаки ейилмаган нонни эмас, унинг ортидаги улкан меҳнат ва табиат ресурсларини улоқтирган бўламиз. Бир дона нон (тахминан 500 грамм) даладан то дастурхонга келгунча қанча сув талаб қилишини биласизми? Буғдойни экиш, суғориш, уни қайта ишлаш жараёнларини ҳисоблаганда, 1 дона нон ортида 800 литр сув исрофи турибди!
Қолаверса, деҳқоннинг машаққатли меҳнати, ёқилғи, новвойхонадаги электр ёки газ энергияси, ва албатта, ўз ҳамёнингиздан чиққан нақд пул нон билан бирга ахлат қутисига тушади.
Онгли истеъмол бу вазиятда жуда оддий: нонни фақат бугунги кунлик эҳтиёж учун сотиб олиш кифоя. Ризқни асрашнинг ўзи табиатни асрашнинг энг биринчи босқичи.
Кроссовкаларимиз ортидан қоладиган зарарли из...
Биз истеъмол ҳақида гапирганимизда нафақат озиқ-овқат, балки кийим-кечак, пойабзалга бўлган эҳтиёжимизни ҳам унутмаслигимиз керак. Гардеробимиздаги энг йирик ва хавфли экологик хатоларимиздан бири — бу оёқ кийимларга бўлган муносабатимиздир. Дўконда навбатдаги янги урфдаги оёқ кийимни кўрганимизда, уни шунчаки чиройли кроссовка деб ўйлаймиз, лекин унинг ортидаги яширин зарарлардан хабаримиз борми?
Бир жуфтгина оддий спорт пойабзали (кроссовка) ишлаб чиқарилиши жараёнида атмосферага тахминан 14 килограммга яқин карбонат ангидрид гази ажралиб чиқади. Бу бир дона лампанинг ҳафталаб тинимсиз ёниб туришига тенг зарар. Дунёда эса ҳар йили 24 миллиард жуфт пойабзал чиқарилади! Кийим-кечакни қайта ишлаш нисбатан осонроқ, лекин оёқ кийим бутунлай бошқа масала. Кроссовка таркибида камида 4-5 хил турли материаллар — пластик, резина, чарм, кўпик ва кимёвий елимлар бўлади. Уларни бир-биридан ажратиб, қайта ишлашнинг деярли иложи йўқ. Энг ачинарлиси, сиз улоқтирган бир жуфт кроссовка ахлатхонада 30 йилдан 100 йилгача чиримай, заҳарли моддалар ажратиб ётади.
Пойабзал учун ишлатиладиган чарм ва синтетик матоларни бўяш, уларга ишлов бериш учун минглаб литр тоза сув сарфланади ва улар хавфли кимёвий оқова сувларга айланиб, табиатга чиқарилади.
Онгли истеъмол бу вазиятда сизни пойабзалсиз юришга чақирмайди. У шунчаки ҳар мавсумда арзон ва сифатсиз 3-4 жуфт оёқ кийим сотиб олгандан кўра, бир марта сифатли, узоқ йиллар хизмат қиладиган ва классик услубдаги пойабзалга инвестиция қилишни таклиф этади. Эскирган пойабзални дарров ахлатга отмай, устага бериб таъмирлатиб кийишнинг ўзи сайёрамизга қилинган улкан яхшилик.
Сайёрамиз биздан глобал қаҳрамонликларни кутаётгани йўқ. Бугун дўконда “пакет керак эмас” дейишингиз, экохалталарни кўтаришга одатланишингиз, дастурхондаги нонни увол қилмаслигингиз ва шкафдаги кроссовкангизни қадрлашингизнинг ўзи ҳақиқий атроф-муҳитни асрашдир.
Барно Султонова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter