Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Bukhara Night Race-2025»: Замонавий санъат ва спорт уйғунлигидаги марафон (фото)

«Bukhara Night Race-2025»: Замонавий санъат ва спорт уйғунлигидаги  марафон (фото)

фото: Xabar.uz

Қадимий шаҳар – Бухорода бўлиб ўтаётган халқаро замонавий санъат биенналесининг бошлангани хусусида илгарироқ хабар берган эдик.

Тадбир доираси бўлиб ўтган халқаро «Bukhara Night Race-2025» тунги югуриш марафони 20 мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижий меҳмонларни атрофига чорлади.

Мусобақа 60, 300, 600, 1000, 5000, 10 000 метр, жами бўлиб 21 км масофага ташкил этилди. Марафондан 2000 дан зиёд иштирокчи қатнашди.

Бухоро вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Ўткир Нажмиддиновнинг «Xabar.uz»га билдиришича, ҳар бир масофа «World Athletics» стандартлари бўйича ўлчаниб, сертификатланган.

«Nordic Walking» орқали чопқирлар «Арк» қалъаси атрофидан ўтган янги манзарали югуриш йўлагида ўз маҳоратларини кўрсатишди. «Kids run»да эса 3-4 ёшли болалар 60 метр, 9-12 ёшли болалар 1000 метр масофага югуришди.

Иштирокчилар Арк қўрғони ён қисмидаги майдондан бошлаб, Бухоронинг тарихий масканлари ёритилган кўчалар бўйлаб ўтишди. Тунги пойгага қўшимча равишда сайёҳлар учун ҳам алоҳида муносиб йўлаклар яратилди», – деди Ўткир Нажмиддинов.

«Bukhara Night Race-2025» югуриш марафони минглаб иштирокчилар ва меҳмонларни бирлаштирган спорт байрамига айланди.

Шахсан халқаро замонавий санъат биеннале учун келганман шариф шаҳарга. Югуриш марафонида ўзимни синаб кўрдим. Анчадан буён, тўғриси, югурмаган эканман. Аммо, шундоққина ён йўлакда завқ-шавқ билан югуриб бораётган болажонларни кўриб, бирам хурсанд бўлдимки, югураётганимни унутдим. Болаларга мухлислик қилдим, – дейди 63 ёшли германиялик сайёҳ Анна Сим.

Афғонистонлик заргар Фарид Аҳмадзаи халқаро замонавий санъат биенналеда ўзи тайёрлаган тақинчоқлар билан иштирок этаётганини сўзлади.

Бундан илгари ҳам Бухорода бўлиб ўтган йирик халқаро фестивалларда қатнашганман. Унда фақат савдо ярмаркаларида маҳсулотларимизни харидоргир қилиб қайтардик. Бу гал эса ўзгача. Югуриш марафонида чиниқдим. Турли рангдаги ва турли масофадаги йўлаклар инсон саломатлигини тиклашга хизмат қилиши, нақадар ажойиб. Қўшниларимиз бор бўлишсин, кўз тегмасин! – дейди Фарид Аҳмадзаи.

Соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва тинчликни мустаҳкамлашдек эзгу ғоя атрофида жамиятнинг турли қатламларини бирлаштирган марафонда давлат хизматчилари, олий таълим муассасалари талабалари, умумтаълим мактаблари ўқувчилари, ҳарбийлар, имконияти чекланган шахслар ҳамда турли ёшдаги фуқаролар иштирок этишди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг