Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бу — емаган сомсага пул тўлаш. Энди бундай ҳолатга йўл қўйилмайди» — Абдулла Арипов

«Бу — емаган сомсага пул тўлаш. Энди бундай ҳолатга йўл қўйилмайди» — Абдулла Арипов

Фото: «uzreport.news»

Бугун, 11 январь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раислигида табиий газ бўйича дебитор қарздорликни камайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган.

«Kun.uz» манбасининг хабар қилишича, йиғилишда бош вазир Абдулла Арипов коммунал хизматлар учун маошдан тўлов ушлаб қолиниши масаласига тўхталди.

«Шу вақтгача корхона-ташкилотлар ходимларининг маошидан коммунал хизматлар учун ойма-ой маблағ ушлаб қолинган. Ўша истеъмолчи ҳақиқатан ҳам қарздорми, йўқми, бу бировни қизиқтирмаган. Буни емаган сомсага пул тўлаш, дейиш мумкин. Энди бундай ҳолатга йўл қўйилмайди.  

Масаланинг иккинчи томони ҳам бор, албатта. Кўплаб ҳудудларда аҳолининг коммунал тўловларни ўз вақтида амалга оширмаслиги натижасида жуда катта қарздорлик келиб чиқмоқда. Масалан, Сайхунобод, Дўстлик, Муборак, Оҳангарон туманларида аҳвол оғир. Истеъмолчи ўз вақтида тўловни амалга оширмаяпти, туман масъуллари, айниқса, МИБ ходимлари ҳам муаммони бартараф этишга шошилгани йўқ.

Шунинг учун тезроқ электрон ҳисоблагичларга ўтишимиз керак. Айтайлик, 2019 йилда 2,5 миллионта мана шундай замонавий ҳисоблагичлар ўрнатилган бўлса, жорий йилда яна 4,5 миллионта ҳисоблагичлар ўрнатилиши кўзда тутиляпти. Энди истеъмолчи худди мобил алоқа учун олдиндан тўлов қилгани каби, табиий газ ёки электр энергиясига ҳам шундай тўлов қилсин. Шундагина икки томонда ҳам бугунгидек сарсонгарчилик ҳолатлари кузатилмайди», — деган бош вазир. 

Видеоселекторда коммунал тўловлардан қарздорлик ҳолати юқори бўлган Сайхунобод ҳамда Дўстлик тумани масъуллари огоҳлантирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг