Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Буханка» нон атрофидаги миш-мишлар – «нарх ошмади, балки у мувозанатлаштирилди» (фото)

«Буханка» нон атрофидаги миш-мишлар – «нарх ошмади, балки у мувозанатлаштирилди» (фото)

Фото: Xabar.uz

Ижтимоий тармоқларда, тўй-маъракаларда, ўзаро суҳбатларда 1 июндан буён тарқалган қолипли нон мавзуси ҳамон тинганича йўқ. Буханка ноннинг 2800 сўмда сотилиши ортидан аҳоли ўртасида ваҳимали гап-сўзлар ҳам кузатиляпти. Нон нархи шу залда ўсиб бораверадими? Ун захиралари тугаяптими?

Аҳоли саволларига жавоб сифатида «Тошкент нон» нон ишлаб чиқарувчилар уюшмаси пойтахтдаги нон ишлаб чиқарувчи корхоналарга пресс-тур уюштирди.

«Боғистон нон» корхонаси технологи Гулчеҳра Ҳошимованинг маълум қилишича, комбинат одатдаги меъёрда ишламоқда. «Буюртма ўша-ўша, хавотирга ўрин йўқ. Иккита печка 24 тонна қувватга эга. 30 мингга яқин нон бера оламиз. Буюртмага кўра, 22 минг тона қолипдаги нон ишлаб чиқаряпмиз. Фарқ деярли сезилмайди. Одамлар тушуна бошлашди»

Технологдан қолипли нон таннархи белгиланиши тартибини сўраймиз. Гулчеҳра опага кўра, 100 кило унга 1 килою 300 грамм туз ва 1 кило хамиртуруш солинади. Шундан 228 нон келиб чиқади. У 1 июнгача ва ундан кейинги нархни қиёслайди. «Буғдой 1525 сўм эди, 3000 сўмга айланди. Бир кило унимиз 2255 сўм эди, энди биржадан 4300 сўм нархда сотиб олинаяпти. Ноннинг ҳозирги кундаги таннархи 2700 сўмга тушяпти» дейи у. Савдо шохобчалари ҳам ўз улушларини қўшганда 2800 сўм келиб чиқаяпти».

Корхонада яна 27 хилдаги маҳсулот ишлаб чиқилади. Бошқа маҳсулотлар таннархи ҳам табиийки, ун баҳосига кўра ўзгарган.

Маълум қилишларича, Тошкентдаги 55 та нон корхоналари сирасида «Боғистон нон» корхонасида ҳам 4 кунлик ун захиралар мавжуд. Ишлаб чиқариш қоидалари кўра, аслида 2-3 кунлик захира нормал ҳисобланади. Хомашё ҳар куни янгитдан олиб келинади.

Иқтисодий тараққиёт ва кимбағалликни қисқартириш вазирлиги мутахассиси Шаҳобиддин Ортиқов қолипли нон 2018 йилги иқтисодий ислоҳотлардан сўнг нархи пандемия туфайли эркинлашмагани ортидан бугунда ниҳоят ун ва нон нархи мувозанатлаштирилди, деб айтди.

«Ун нархига қараб нон нархи шаклланиб қолди. Энди табиийки, биржадаги нарх ўзгариб туради, биржадаги нархга кўра, нон нархи ҳам пасайиши мумкин Лекин нон нархида кескин кўтарилиш бўлмайди, хавотирланишга ҳожат йўқ». Мутахассис Ўзбекистонда буғдой йиғими бошлангани ва бу йилги ҳосил ўтган йилгидан ортиши тасдиқланганини таъкидлайди.

«Ўзбекистонда буғдойга йиллик эҳтиёж 8,5-9 миллион тонна атрофида. Ўтган йили 3 миллион тонна импорт қилган. Ўзбекистоннинг ўзида 6 миллион етиштирилган. 2022 йилги буғдой ҳосили 7,5 миллион тонна бўлиши тасдиқланаяпти». Шаҳобиддин Ортиқов Қозоғистондан импорт қилинадиган ун миқдори ошиб бораётганини ҳам айтди. Айни вақтда Ўзбекистоннинг ўзи ҳам ортган унни қўшни давлатларга экспортга чиқариб келади.

Журналистларнинг аҳолининг кам таъминланган қисми аҳволи билан боғлиқ саволга мутахассис Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 майдаги 258 сон қарори билан: Эҳтиёжманд кишиларга Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — 300 минг сўмдан; Тошкент шаҳрида — 400 минг сўмдан, кам таъминланган сифатида моддий ёрдам олувчи оилаларга ҳамда кам таъминланган сифатида болалар нафақасини олувчи оилаларнинг ҳар бир 18 ёшга тўлмаган боласига — 200 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилганини эслатди. «Шунингдек, кам таъминланган оила аъзоларининг ҳар бири ҳисобига 20 килограммадан ун бериш тизими иш бошлади» деди Шаҳобиддин Ортиқов.

Буғдой ва ун нархининг эркинлашуви аввало қишлоқ хўжалигидаги кемтикликни тўдиришга хизмат қилади. Зеро, Ўзбекистоннинг барча вилоятларида фермерлар етиштирган буғдойларини узоқ йиллар давомида давлатга аслидан анчайин арзон нархда сотиб келган.

Пресс-тур эртага ўз ишини давом эттиради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг