Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода хотинини қасддан ўлдирган фуқаро 14 йилга қамалди. У жиноятини яширишга уринган

Бухорода хотинини қасддан ўлдирган фуқаро 14 йилга қамалди. У жиноятини яширишга уринган

Жорий йилнинг март ойида Пешкў тумани, Шавгон қишлоғида содир бўлган қотиллик кўпчиликни саросимага солганди. Ҳолатга кўра, 40 ёшли эркак ўзининг юриш-туришидан рашк қилиб, жанжал чиқараверган турмуш ўртоғини уйида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, уни уриб, калтаклаб, қасддан бўғиб ўлдирган. Ҳеч нима кўрмагандек уйидан бамайлихотир чиқиб, фермер хўжалигидаги дала ишига кетган.

Жиноят ишлари бўйича Пешкў тумани суди раиси Фаррух Икромовнинг «Xabar.uz» га билдиришича, суд-тергов ишлари давомида аёлнинг қотили унинг турмуш ўртоғи экани аниқланган.

Пешкў тумани 36-сонли оилавий поликлиника патронаж ҳамшираси вазифасида ишлаб келган марҳума Ш.Н.нинг уч нафар фарзанди бўлиб, одоб-ахлоқли ва оилапарвар бўлган. Турмуш ўртоғи Қ.Ҳ.нинг нопок юришлари, бегона ва хулқи бузуқ аёллар билан ишқий муносабатлари маҳалла оғзига тушиб бўлган. У ҳар гал эрини тергаган ва тўғри йўлга чорлаган. Шунга қарамай, хотинининг танбеҳларини назар-писанд қилмаган Қ.Ҳ. ҳар куни уйда жанжал кўтариб, аёлини доимий калтаклайдиган одат чиқарган. Оилавий нотинчликдан безиккан аёл ўз дард-ташвишларини қайнсинглисига билдирган. Аёлнинг қайнсинглиси Р.Ҳ. тонг саҳарда акасининг уйига келиб, унга қаттиқ гапирган. Янгасига азоб бермаслигини, у фарзандларининг онаси эканини, яхши аёл эканини қайта-қайта тушунтирган. Синглисининг «ақл» ўргатаётганидан ғазабланган ака уни ҳам калтаклаб, уриб, тишларини синдириб юборган.

Шу куни қайнона-қайнотаси томорқа ишларига, болалари эса ўқишга жўнаб кетган аёл Қ.Ҳ. билан яна тортишиб қолган. Куни кеча маҳалласидаги хулқи бузуқ аёлникига қолиб кетгани, улар ўртасидаги гап-сўз аёллик қадрини букаётганини айтиб, жанжал кўтарган. Эркак аёлига нисбатан куч ишлатган. Унинг юз қисми ва танасининг бошқа жойларига бир неча маротаба уриб, тепган. Қўллари билан бўйин соҳасидан бўғиб, уни қасддан ўлдирган. Жиноятини ҳеч ким кўрмагани ва ҳеч ким гувоҳ бўлмаганидан фойдаланиб, уйидан фермер хўжалиги далаларига чиқиб кетган.

Орадан бир неча соат ўтгач, катта қизи мактабдан қайтган ва тўғри ота-онасининг хонасига ойисини чақириб кириб кетган. Ҳаял ўтмай, хонадан йиғлаб ва бақириб чиққан неварасининг саросимага тушганидан қўрқиб қолган бобо-буви унинг ёнига ошиқишган. Келинининг қайси сабаб билан ўлиб қолганига тушунолмаган қайнона-қайнота шошилинчда машъум хабарни Қ.Ҳ.га қўнғироқ қилиб етказишган.

Қ.Ҳ. гўёки ҳеч нима бўлмагандек уйига кириб келган ва ўзини хотинининг вафотидан қайғуга тушаётгандек тутган. Ҳаммаёғи кўкарган келинини бу кўйга ким солган бўлган бўлиши мумкинлигидан хавотирда қолган ота-она довдираб қолишган. Афсуски, ноқобил эркак ўз қилмишларини яшириш мақсадида ота-онасига хотинининг ўлими кўп ташвишлар келтириши мумкинлигини, милицияма-милиция юриш ёмонлигини, бўлар иш бўлганини айтиб, жасадни ювиб, уни оби-тобида кўмиб юбориш кераклигини ва бу ишга улар аралашмаслигини қаттиқ тайинлаган.

Улар маҳалладаги ўлик ювувчи аёлни ёллаб, жасадни ювишган. Жинояни хаспўшлаш мақсадида қишлоқ вакилига айтмасдан, жиноятни хаспўшлаш мақсадида ўша куннинг ўзидаёқ, ўзбошимчалик билан гўр қазиб, жаноза тайинлашган. Мурдани кўмишгандан кейин ота-онасига хабар беришга келишишган.

Бироқ, Ш.Н.нинг яқинлари етиб келган машъум хабар ортида қандайдир жиноят борлигини сезгандек зудлик билан ички ишлар органларига мурожаат қилишган. Воқеа жойига етиб келган орган ходимлари вазиятни қатъий қўлга олишган. Марҳуманинг бўйин ва кўкрак соҳаларига жуда кўп пахта қўйилгани, оғзидан қон кетган ҳолда экани, бўйин ва кўкрак соҳаларида бир нечта янги жароҳатлар борлигига гувоҳ бўлинган. Ўлик ювувчи ҳам жасадни юваётганда, ҳеч қандай жароҳат кўрмагани тўғрисида ёлғон гувоҳлик берган.

«Мен эрталаб соат 7:00 да фермер хўжалиги далаларига ишлаш учун чиқиб кетгандим. Соат 14:30ларда отам телефон қилиб, аёлим ўлиб ётганини айтди. Зудлик билан етиб келдим. Хотинимнинг нафаси тез-тез қисиб турарди, оёғида «ворикоз»и ҳам бор эди. Шкафни устини артаман, деб турганди. Балки, шунда йиқилиб тушган бўлиши мумкин»,-дея куракда турмайдиган баҳонани рўкач қилган.

Бироқ, Қ.Ҳ.нинг уринишлари зое кетган. Кирдикорлари фош этилган. Суд-тергов ишлари давомида қотил унинг ўзи экани аниқланган.

Куни кеча Жиноят ишлари бўйича Пешкў тумани суди биносида Қ.Ҳ.нинг хатти-ҳаракатларига нисбатан ўқилган ҳукмда унинг 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганини эълон қилди. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси (Қотиллик), 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли, деб топилган қотил жазо муддатиини оғир тартибли колонияларда ўтайдиган бўлди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг