Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода Аёллар спорт фестивали ўтказилди (видео, фото)

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси «Ўзбектелеком» АК Бухоро филиали билан ҳамкорликда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллигига бағишлаб, Бухорода «Соғлом она ва соғлом авлод гарови» шиори остида Аёллар спорт фестивалини ўтказди.

Ойи, ойижон, илтимос, биз ҳам иштирок этайлик! — она нонушта тайёрлаётганида қизалоқлари унинг қўлларидан тортқилай бошлашди.

– Тушунмадим, нимада иштирок этмоқчисизлар? — ҳайратланди она.

– Ҳозиргина дадам айтдилар, сиз ишлаётган жойда спорт ва санъат байрами бўлар экан, — деди 8 ёшли Ферузабону.

– Қўйсанг-чи, қизим, бошқа ишларим кўп!

– Йўқ, мен ҳам қатнашаман, расмлар чизишни ёқтиришимни биласиз-ку, ойи-и-жон.., — чувиллади кичик қиз Рухшона ҳам.

«Қизларимнинг қистови билан Аёллар спорт фестивалида қатнашишга қарор қилдим. Ҳар икки қизалоғим ҳам спорт ва санъат йўлини танлашган. Қизларим менданмас, мен улардан мотивация олдим, десам адашмайман. Улар туфайли фестивалнинг туман-шаҳар, вилоят босқичларида ғолибликка эришиб, республика босқичи иштирокчисига айландик. Финал учрашувларида ҳам қизалоқларимнинг «Фестивал юлдузи»га айланишгани мени бахтиёр қилди», — деди «Ўзбектелеком» АК Жиззах филиалининг абонентларни сақлаб қолиш гуруҳи тижорат агенти Робия Султонова.

Дарҳақиқат, Жиззах шаҳридаги 30-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Ферузабону ва унинг синглиси Рухшона сингари мамлакатнинг турли вилоятларидан тўпланган барча болалар учун фестивал спорт ва санъат майдонига айланди.

***

Сўнгги йилларда аёллар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш орқали саломатлигини мустаҳкамлаш, қизларимизни маънавий-ахлоқий камолотга йўналтириш, жамиятда, оилада ўз ўрнини топиш ва соғлом авлодни тарбиялаш, оилада соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Шу нуқтаи-назардан, Бухорода ўтказилган «Соғлом она ва соғлом авлод гарови» шиори остидаги аёллар спорт фестивалида Ўзбекистон Рақамли технологиялари вазирлиги тизимидаги алоқа  корхона, ташкилот ва муассасаларида 20 ёшдан кичик бўлмаган ҳамда 45 ёшдан юқори бўлган аёллар, ишчи-ходимлар ва уларнинг 7-13 ёшгача бўлган фарзандлари иштирок этишди.

«Соғлом авлодни тарбиялаш, оилада соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган «Соғлом она ва соғлом авлод гарови» шиори остидаги аёллар спорт фестивалининг 2014 йилдаги беллашувларида 1500 дан зиёд, 2015 йилдагисида 3000 дан зиёд, 2016 йилдагисида 4000 зиёд аёллар ва уларнинг фарзандлари жалб қилинган эди. Жорий йилги мусобақаларда иштирок этганлар сони  7 500 нафардан ошди», — деди ташкилий ишлар бўйича мутахассис Гулчеҳра Гулямова.

Касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллигига бағишлаб ташкил этилган мазкур фестивал ғоятда кенг тус олди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилган саралаш мусобақаларида энг юқори натижаларни кўрсатган иштирокчилардан иборат 14 ҳудуддан 28 та терма жамоа Бухорои Шарифнинг Ситораи Моҳи Хоса санаториясига жойлашишди.

Маълумот ўрнида: санаторияда барча иштирокчиларнинг тиббий кўриги ташкил этилди. Мусобақалардан бўш бўлган иштирокчилар санаторийнинг тиббий хизматидан фойдаланиб, соғломлаштирилган. Шунингдек, кечки пайтда иштирокчилар учун санатория ҳудудидаги кутубхона, кинозал, тренажор хонаси, фитобар, тузли ва хвойли ванналар, массаж каби хизматлардан фойдаландилар ҳамда маданий ҳордиқ олишлари учун концерт дастурлари ташкил этилган.


«Бухорога биринчи келишим. Иссиқ, жазирама, деб кўп эшитганларим бор. Бизни тоза ва салқин, ёмғирли ҳаво қаршилади. Яшил олам бағрига тушдик гўё. Боғу роғлари, сўлим табиати лол қолдирди. Шижоатимизга шижоат қўшди. Айниқса, зиёратгоҳларидаги хотиржамликдан ором топдик. Кўз тегмасин», — деди «Ўзбектелеком» АК Қорақалпоғистон Республикаси филиали станция иншоотлари» гуруҳи етакчи муҳандиси Улзира Сержанова.

Ситораи Моҳи Хоса санаториясидаги илк тадбир марафон билан бошланди.  Унда 7 ёшдан 50 ёшгача бўлган барча қатнашишди.

Шундан сўнг аёллар ва уларнинг болалари шашка, шахмат, стол тенниси мусобақаларида куч синашди. «Олам болалар кўзида» мавзусига бағишланган расмлар танлови ҳам қизғин тус олди. Болалар ўз чизган расмлари орқали тинчлик, дўстлик ва ватанга бўлган муҳаббатларини намойиш этишди.

Андижондаги «Brilliant Edusation» нодавлат таълим муассасиси 1-синф ўқувчиси Робия Пўлатжонованинг  чизгилари, айниқса, ҳақамларда илиқ таассурот қолдирди.

«Мен ўз чизган расмим орқали бутун дунё болалари учун Тинчликка овоз бергим келди. Бутун олам болалари биздек яшашсин!», — деди Робия.

Наманган вилояти, Уйчи туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Улуғбек Алиқулов, Бешкент шаҳридаги Президент тасарруфидаги ихтисослашган мактаб ўқувчиси Оғабек Чориев, Когон шаҳридаги 3-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Сирож Ботиров каби 30 нафардан ортиқ болалар шахмат, шашка ва стол тенниси беллашувларида жонбозлик кўрсатишди.

Бухоро шаҳридаги «Ҳумо» спорт мажмуасида бўлиб ўтган «Қаддимизни ростлаймиз, сакрашни боплаймиз!» шиори остидаги қувноқ стартларда оналар ва болалар ғолиблик учун кураш олиб бордилар.

Спорт мусобақаси сўнгида иштирокчилар маданий тадбирлардан баҳраманд бўлишди. Бухоро шаҳри бўйлаб, саёҳат ва зиёратларга чиқишди.

«Бухоронинг эски шаҳри бўйлаб саёҳатга чиқар эканмиз, ўзимизни худди эртаклар оламида юргандек ҳис қитлдик. Ёмғир ёғишига қарамасдан, кайфиятлар аъло, руҳлар тетик эди. Лаби ҳовуз, Арк қўрғони, Чор Минор, айниқса, Минораи Калон каби қадимий обидалари бизни ҳайратга солди», — деди Сирдарё филиали Гулистон савдо ва хизмат кўрсатиш офиси алоқа оператори Дилафрўз Эргашева.

Фестивалнинг иккинчи куни Ромитан туманидаги «Варнет» иссиқхона академиясида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши  раиси Асрор Ишонхаджаев спорт ва санъат байрами иштирокчиларини тантана билан қутлар экан, фестивал хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида спорт-соғломлаштириш маданиятини оширишга улкан ҳисса эканини таъкидлади.

«Умумбашарий демократик, ҳуқуқий талабларга жавоб бера оладиган фуқаролик жамиятини барпо этиш, халқаро талаб ва андозаларга мос келадиган ижтимоий, иқтисодий, маънавий, жисмоний муносабатларни вужудга келтириш, халқимиз учун фаровон турмуш тарзини барпо этиш, заминимизда тинчлик, осойишталик, ҳамжиҳатлик, тотувлик ва барқарорлик бўйича шукуроналикни ҳисларини уйғотиш энг олий мақсадлардан. Мазкур фестивал оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш, ёшларимиз, айниқса қизларимизни маънавий-ахлоқий камолотга йўналтиришда катта ҳисса бўлди, дея оламан. Қалбингиз одамийлик, инсонпарварлик, юртпарварлик, меҳр-оқибат, саховат ва келажакка ишонч фазилатлари, дўстлик туйғулари билан лиммо-лим бўлган бўлса, биз мақсадга эришдик. Ўзаро ҳамжиҳатлик ва тотувлик уйингизнинг мезбонига айлансин!», — деди Асрор Ишонхаджаев табрик сўзида.

Аёллар спорт байрамида бухоролик хонандалар ва фолклор жамоаларнинг мусиқий чиқишлари фестивалнинг янада файзли кечишини таъминлади. Иштирокчи болаларнинг ҳам қўшиқ ва рақслар ижроси билан томошабинларни ҳайратлантирди.

«Синглим Рухшона бугун 7 ёшга қадам қўйди. Бугун биз учун қўшалоқ байрам бўлди. Ойимизга ваъда берганимиздек, биз фестивалнинг юлдузига айландик», — деди ҳиндча, сурхонча ва бухороча рақслари билан олқишларга сазовор бўлган жиззахлик иштирокчи Ферузабону.

Барча иштирокчи аёллар ва болалар тантанани миллий либосларда қаршилашди. Федерациянинг қимматбаҳо соврин ва мукофотлари билан тақдирланишди.

«Ҳа, спорт инсон саломатлиги ва иродасини мустаҳкамлайди. Давлатимиз раҳбарининг спортнинг оммавий турларини ривожлантириш орқали ҳар бир оила аъзосини спортга жалб этиш ишларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини такрор ва такрор таъкидлаши бежизга эмас. Она — оила гултожи, фарзанд — оила қувончи, дея бежизга айтилмаган. Уларнинг саломатлиги — жамият хотиржамлиги. Уч кунлик йирик фестивал ана шу олий қадриятларни мустаҳкамлай олди», — деди Федерациясининг Бухоро вилоят кенгаши раиси ўринбосари Адолат Акрамова.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг