Бухорода ҳоким ёрдамчисига икки йиллик жазо тайинланди
Бухоро шаҳридаги «Моҳи Хоса» маҳалла фуқаролари йиғинидаги ҳоким ёрдамчисига икки йил ахлоқ тузатиш ишлари тайинланди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди раиси Нодир Ашуров маълум қилди.
«Алло, ойижон, мен Ўзбекистонга қайтаяпман. Ёшлар учун жуда катта имкониятларга йўл очилибди. Кредит маблағлари олиб, аввал мотокултиватор оламан, аста-секин оёққа туриб, тадбиркорликни бошлайман. Кейин йирик лойиҳаларга қўл уриб, катта-катта ишлар қиламан»,- деди икки йилча Россияда меҳнат қилган фуқаро Ш.Х. онасига телефон орқали.
Орадан кўп ўтмай, Ш.Х. Бухорога қайтган ва катта мақсадлар билан имтиёзли кредит маблағлари олиш учун маҳаллага мурожаат қилган. Афсуски, Д.А. фуқаро Ш.Х.га ваъдалар берган ва унга тегишли бўлган электрон калитдан фойдаланиб, унинг номидан 33 миллион сўмлик кредит маблағларини олишга эришиб, талон-тарож қилган. Ш.Х.ни эса «ишинг ҳали эрта, ҳали индин ҳал бўлиши мумкин» дея алдаб келган.
Ҳуқуқ-тартибот органларига ушбу юзасидан келиб тушган мурожаат эса ҳоким ёрдамчиси кирдикорларининг фош этилишига туртки бўлган.
Суд ҳужжатларига, 2022 йил 11 январидан 2023 йил 29 мартига қадар Бухоро шаҳар «Моҳи Хоса» МФЙда ҳоким ёрдамчиси вазифасида ишлаб келган фуқаро Д.А. фаолияти давомида маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ёшларга кредит маблағлари ажратиш сингари мақсадли амаллардан ўз манфаати йўлида фойдаланиб келган.
У ушбу маҳалла ҳудудида яшамайдиган ва ҳеч қаерда фаолият кўрсатмайдиган Бухоро шаҳрилик фуқаро О.Ҳ.нинг электрон калитидан фойдаланиб, унинг номидан «Лимончилик фаолиятини кенгайтириш» мақсадида имтиёзли кредит ажратиш тўғрисида ариза расмийлаштирган. АТБ «Микрокредитбанк» Бухоро филиали орқали ушбу кредит шартномасини расмийлаштиришга эришиб, банк ходимларининг ишончига кириб, уларни алдаб, ажратилган 33 миллион сўмлик кредит маблағларини ўзлаштиришга эришган. Турли расмий ҳужжатларни ҳам сохталаштириб, гўёки «Bobirxonbaraka» МЧЖдан метал қувурлар олувчига маҳсулот етказиб берган. Бошқа шахсга тегишли иссиқхона олдида О.Ҳ. билан фотосуратга тушиб, далолатномаларга сохта маълумотлар киритган.
Худди шунингдек, фуқаро Ж.Ҳ.нинг ҳам электрон калитидан фойдаланиб, «Mirzabek Ozodbek Feruzbek» МЧЖдан метал маҳсулотлари олувчига етказиб берилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тайёрлаган. Бундан ташқари, фуқаро Ф.С. номидан «Иссиқхона фаолиятини кенгайтириш» мақсадида ариза расмийлаштириб, оилавий тадбиркорлик ниқоби остида бошқа шахслар номидан АТБ «Микрокредитбанк» Бухоро филиали томонидан ажратилган 33 миллион сўмлик кредит маблағларига эга бўлишга эришган.
Нафси ҳакалак отган Д.А. ўзининг бу ҳатти-ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилмай, энди ўз танишлари ҳамда яқин қариндошлари номидан ҳам «иш» кўриб, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ёшларга кредит маблағлари ажратиш важи билан банкларга чап бериб, йирик миқдордаги маблағларни ўзлаштиришга эришган. Фуқароларнинг ҳуқуқларига ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ҳамда давлат манфаатларига жиддий зарар етказган.
«168-модданинг (Фирибгарлик) 5-қисмига мувофиқ, жиноят иши бўйича етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда, абдорга озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги кўрсатилган. Суд-тергов ҳаракатлари давомида Д.А.дан етказилган зарарларни ундириш масаласи муҳокама қилинди. Зарарларнинг тўлиқ қоплангани ва фуқароларнинг айбланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, айбига иқрорлиги ва пушаймонлиги инобатга олинди»,-деди суд раиси.
Суд ҳукмига кўра, Д.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси, 168-моддаси билан айблов қўлланилган. Иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш йўли билан икки йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter