Бухорода II-гуруҳ ногиронига озодликни чеклаш жазоси тайинланди
Жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани суди судьяси Дилмурод Қуллиевнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, бир оёғидан айрилган II –гуруҳ ногиронига нисбатан бир йилга озодликдан чеклаш жазоси қўлланилган.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг июнь ойи охирги кунларининг бирида 47 ёшли Қоракўл туманилик аёл Г.Ж. «Шакарбек» маҳалласида яшовчи Ҳ.Ҳ. ҳамда Б.Р.ларнинг жинсий алоқада бўлишлари учун ўз яшаш хонадонида шароит яратиб берган.
Ҳолатга кўра, ҳар учала шахс туман марказидаги чойхоналардан бирида овқатланишган. Фуқаро Б.Р. бир йилдан буён ишқий муносабатда бўлиб келган маъшуқаси Ҳ.Ҳ. билан хилват жойда учрашиши кераклигини ва бунинг учун Г.Ж.дан ўз хонадонида шароит яратиб беришини сўраган. Г.Ж. бу таклифни ҳеч қаршиликсиз қабул қилган ва уларни ўз яшаш хонадонига олиб борган.
Орадан бир соатчалар вақт ўтгач, Г.Ж.нинг хонадонига ички ишлар ходимлари етиб келишган ва ҳолат расмийлаштирилган. Г.Ж.нинг ўз «хизмати» эвазига Б.Р.дан 250 минг сўм олгани аниқланган. Тергов жараёнида Г.Ж. шу турдаги бошқа «учрашув»ларга ҳам алоқадорлиги ўрганилган.
«Автоавария туфайли ўта оғир жароҳат олганман. Танам жароҳатланган, бир оёғим кесиб ташланган. Даволанишим керак. Ҳақиқатан ҳам пулга муҳтожман ва шунинг ортидан пул топмоқчи бўлдим»,-дея айбига иқрорлик билдирган Г.Ж.
Маълум бўлишича, Г.Ж.нинг хонадонига икки нафар бегона: бир аёл ва бир эркакнинг кириб келиши қўшниларда шубҳа уйғотган ва бу ҳақда ички ишлар органларига мурожаат келиб тушган бўлган.
Г.Ж. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 131-моддаси (Қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилган. Унга шу модда билан бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter