Бухорода тўрт эгизак дунёга келди
Чақалоқлар 25 кундан ортиқ вақтдан буён шифокорлар парвариши ва назоратида бўлган.
РИО ва БСИАТМДМ Бухоро филиали, яъни вилоят Перинаталь марказида 4 нафар эгизак дунёга келди. «Xabar.uz» манбаасига кўра, чақалоқлар жорий йилнинг 14 январида туғилган ва улар аҳволида бироз оғирлик борлиги учун 25 кун давомида неореанимация бўлимида, кейинчалик чақалоқлар бўлимида сақлаб келинган.
Билдирилишича, Ғиждувон туманида истиқомат қилувчи Қурсия Нажимова РИО ва БСИАТМДМ Бухоро филиалига иккинчи ҳомиладорлик ва иккинчи туғруқ, 30.5 ҳафталик, кўп ҳомилалик ташхиси билан ётқизилган. Ўтказилган текширувлар натижасида ҳомилалар сони 4 нафар экани аниқланган ва ҳомилани оператив йўл билан олиш чоралари кўрилган.
«Ҳамшира ва шифокорларимиз жуда сергаклик билан ишга киришишди. Она ва болалар ҳаётини сақлаб қолиш учун бор имкониятни ишга солишди. Вақтидан олдин оператив йўл билан туғилган чақалоқларнинг икки нафари ўғил ва икки нафари қиз. Зудлик билан чақалоқлар неореанимация бўлимига даволаш учун ўтказилди. Биринчи бола 1475.0 грамм, иккинчи бола 1555.0 грамм, учинчи бола 1465.0 грамм ва тўртинчи бола 980.0 грамм вазнда туғилди», — деди касалхона бош шифокори ўринбосари Гўзал Раҳмонова.
Неореанимация бўлимида 25 кун давомида ҳамшира ва шифокорларнинг қатъий назоратида бўлган эгизаклар айни пайтда соғлом ва меъёрий ўсувда. Тиббий муолажа ва тиббий ёрдамлар кўрсатиляпти.
«Иккинчи бор оналик бахтимни Аллоҳим тўрт нафар эгиз фарзанд билан сийлади. Соғлигим ва ҳаётим қил устида турганда, Бахтиёр Сайфиев, Жамила Авезова, Шойим Сафаров, Ферангиз ва Нигора Жўраевалар, Меҳриниса Муҳаммедова каби кўплаб болалар шифокорлари ва ҳамширалар бизга қайта ҳаёт бағишлашди. Ҳар бир фарзандим нигоҳида, уларнинг ҳар нафасида шифокорларнинг заҳматини ҳис қилиб яшайман. Борларига шукур!» — дейди тўрт эгиз фарзанднинг онаси.
Айни кунда чақалоқлар бўлимида парваришланишда давом этаётган эгизакларнинг аҳволи қониқарли. Чақалоқларнинг ўз уйига олиб кетилиши учун рухсат берилишига тайёргарлик кўрилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter