Британия томони ўзбекистонлик 1,7 минг меҳнат муҳожирини рад этган: сабаблари айтилди
Бандлик вазирлиги Буюк Британиянинг «Telpasc» (Ethero) ташкилоти ҳамда ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари билан боғлиқ вазиятга аниқлик киритди.
Гап шундаки, жорий йилнинг 1 март санасида Буюк Британия иш берувчиси Ўзбекистондан вақтинча ишга юбориш бўйича 2,5 мингдан ортиқ фуқаро орасидан 1 822 нафарини танлаб олган ва шундан 1 687 нафари уларга кўрсатиладиган турли хизматлар учун шартномага асосан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳисобрақамига 1,7 млн сўмдан тўловни амалга оширишга ҳам улгурган.
Шунга кўра, уларнинг 229 нафарига виза расмийлаштирилган ҳамда 46 нафари март-апрел ойларида Буюк Британияга жўнаб кетган. 183 нафари эса май-июн ойларида бориши керак эди.
Бироқ, апрел ойига келиб, суҳбат жараёнидан муваффақиятли ўтган фуқароларнинг электрон почталарига уларни ишга қабул қилиш рад этилгани тўғрисида хабарлар келган. Бу эса «Telpasc» орқали ишга кетиш учун рўйхатдан ўтганларнинг ҳақли эътирозларини келтириб чиқарди.
Ўз навбатида Бандлик вазирлиги ҳамда вазирлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан ҳолат назоратга олиниб, иш берувчи компаниядан изоҳ сўралди.
Сўровга жавобан Британия томони мамлакат фермер хўжаликларида кузатилган кучли жала оқибатида қишлоқ хўжалиги экинларини сув босгани, натижада Ўзбекистондан танлаб олинган фуқароларнинг асосий қисмини жорий йилги мавсумда ишга жойлаштириш имконияти пасайгани ҳақида маълум қилган.
Вазирлик, рўйхатдан ўтган ва тўловларни амалга оширган фуқароларга мазкур масалада айрим ечимларни таклиф қилиб, жумладан, ишчи виза ёки компания томонидан меҳнат шартномасининг лойиҳаси юборилмаган бўлса, Агентликнинг ҳудудий филиаллари ходимлари билан боғланиб, тўланган пулни ҳеч қандай тўсиқсиз пластик картага ўтказиб олиш имконияти борлигини эслатмоқда.
Шунингдек, фуқаро шартномада кўрсатилган пул маблағларини қайтариб олмасдан кутиши ва имконият бўлиши билан ундан фойдаланиши ҳам мумкин.
«Вазирлик масъуллари фақатгина «Telpasc» рекрутинг компанияси билан чекланиб қолмасдан, зудлик билан ишчи гуруҳ шакллантириб мутахассисларни Британияга хизмат сафарига юборади. У ерда бошқа иш берувчилар билан ҳам музокаралар ўтказиб, имконият бўлиши билан биринчи галда рўйхатдан ўтган, тўловларни амалга оширган юртдошларимизни Англияга вақтинча ишлаш учун жўнатиш чораларини кўради. Табиийки, бу жараён бироз вақт олади», – дейилади расмий хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter