Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«BYDми ёки GM фарқи йўқ: Ўзавтосаноат рақобатни мутлақо истамайди» — Электромобиллар импортини чеклаш мурожаатига тармоқ фаоллари кескин муносабатда бўлишди

«BYDми ёки GM фарқи йўқ: Ўзавтосаноат рақобатни мутлақо истамайди» — Электромобиллар импортини чеклаш мурожаатига тармоқ фаоллари кескин муносабатда бўлишди

BYD компанияси электромобилларнинг «маҳаллий иқлим ва йўл шароитларига мослаштирилмагани ҳамда расмий кафолатга эга бўлмагани учун тартибсиз импортни чеклаш» бўйича ҳукуматга мурожаат билан чиққан.

Бу ҳақда президентнинг «Ўзбекистон Республикасида электромобиль ва гибрид автомобиллар ҳамда уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш»инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги инвестиция шартномасини тасдиқлаш ҳақида»ги қарорида қайд этилган.

Шу муносабат билан Иқтисодиёт ва молия, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирликлари ҳамда «Ўзавтосаноат» компаниясига 2024 йил 1 июлга қадар BYD бренди остидаги электромобил ва гибрид автомобиллари импортини тартибга солиш бўйича Инвестор [BYD] талабини амалга ошириш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилган.

Бунда масъуллар қонунчилик ҳужжатлари, жумладан, рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда Жаҳон савдо ташкилоти принципларидан келиб чиқиб таклифларни тайёрлаши керак бўлади.

Ушбу хабарга ижтимоий тармоқлар фаоллари турлича фикрлар билдиришмоқда.

«Шу янгамга, шу поччам, деган мақол бежизга эмас. Бизга келадиган инвесторлар ҳам худди ўзимизнинг компаниялар каби ишини тақиқлашдан, чеклашдан бошламоқчи. Ажойиб, таърифлашга тил ожиз», дея изоҳ қолдирди Хушнудбек Худойбердиев.

«Ҳамма кириш йўлларини беркитиб, 25 сўмлик болтни 50 сўмдан сотишни «4 класс образования» чўпон ҳам эплайди. Бунинг учун Оксфорд, Ҳарвард ё МГУни тугатиш шартмас.

Электромобилни четдан ҳар ким истаганча, божсиз олиб келиб миниши мумкин бўлсин, деб турсак, униям чеклашмоқчи ва Ўзавтосаноат деган юҳо опкелганини ё (шу ерда отвёртка билан йиғилгангани) минишасан, дейишмоқчи.

ТТТ (тартибга солиш таъсирининг таҳлили) деган нарсалар бўларди», деб ёзади журналист Шуҳрат Шокиржонов.

Иқтисодчи Отабек Бакиров икки йил аввалги хавотирлар реаллашганини: ёрлиғи BYD'ми ёки GM, фарқи йўқ, Ўзавтосаноат рақобатни мутлақо истамаслигини ёзади.

«Ўзбек монополистлари, олигархлари ва чиновникларини нима бирлаштириб туради, биласизларми? Уларнинг ҳаммаси Рақобатдан ҳаддан ташқари қўрқишади. Чунки Рақобат уларнинг аслида ким эканини очиқ-ойдин кўрсатиб қўяди.

Ўзавтосаноат, албатта бу рўйхатда истисно эмас.

Ўзавтосаноат BYD билан электромобил ишлаб чиқариш ҳамкорлиги бошлангандаёқ бу хавотирларни билдирган эдик.

Шу маънода «маҳаллий иқлим ва йўл шароитларига мослаштирилмагани ҳамда расмий кафолатга эга бўлмагани учун тартибсиз импортни чеклаш»кўринишидаги жимжимадор формулировканинг ўзбекчаси бу — BYD автомобилларининг импортини фақат Ўзавтосаноат ва унинг шўъбалари ёки келишиб олинган олигархлар амалга оширади, дегани.

Ўзавтосаноат назаридаги «тартибли импорт» бу — Хитойда 10 минг доллар бўлган электромобиллар импортини тўхтатиш, 15 минг долларлик электромобилни эса 30 минг доллардан бир қўлли қилиб сотиш дегани. Яъни ўзбекистонликларни аёвсиз талаш, тинимсиз талаш, танловсиз талаш дегани.

Қолгани — ЖСТ, истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш деган важлар, узрку-я, қуриган 30 йиллик шимилдириқ.  Шимилдириқ», қайд этади Отабек Бакиров.

«Шу бизда нима қилишсаям охири бориб монополияга айланиб қолаверадия. «ЎзавтоМоторс»нинг халқ устидан кулишига энди BYD ҳам қўшилишини одамларимиз қандай қабул қилишаркин?

Демак, олдинда бизни танловсиз ҳолда сифатсиз, баъзи деталлари йўқ электромобилларга олдиндан пул тўлаб, ярим йиллаб кутиш каби кулгили шартлар кутиб турибди», дея мавзуга изоҳ қолдирди Расул Кушербаев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг