Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Cаудия уруш кечаётган Судандан 157 кишини олиб чиқди

Cаудия уруш кечаётган Судандан 157 кишини олиб чиқди

Фото: SPA

Саудия Арабистони Судан ҳудудидан 157 кишини эвакуация қилишга муваффақ бўлди. Улар орасида нафақат подшоҳлик, балки бошқа давлатлар фуқаролари ҳам бор. Бу ўн кундан буён уруш кечаётган мамлакатда амалга оширилган илк қутқарув амалиётидир.

Подшоҳлик ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, Судандан 91 нафар Саудия фуқароси олиб чиқилган.

Саудия ҳарбий денгиз кучлари томонидан амалга оширилган қутқарув амалиёти доирасида Кувайт, Қатар, БАА, Миср, Тунис, Покистон, Ҳиндистон, Болгария, Бангладеш, Филиппин, Канада, Буркина-Фасо каби биродар ва дўст мамлакатларнинг 66 нафар дипломатлари ва фуқаролари ҳам эвакуация қилинган.  

Қуролли ихтилоф ҳудудидан олиб чиқилганлар кемада Қизил денгиз орқали Жидда шаҳрига келтирилган.

Суданнинг бош ҳаво бандаргоҳи ёпилган ва қонли тўқнашувлар кечаётган бир пайтда хорижликларни олиб чиқиш мушкул вазифа бўлиб қолмоқда.

Сўнгги хабарларга қараганда, АҚШ ҳам Судан пойтахти Хартумдан ўз дипломатлари ва уларнинг оилаларини эвакуация қилишга муваффақ бўлди. Президент Жо Байден қутқарув амалиётида кўрсатган кўмаги учун Жибути, Эфиопия ва Саудия Арабистонига миннатдорлик билдирган. 

АҚШ раҳбари бегуноҳ инсонлар ўлимига олиб келаётган қуролли тўқнашувларни тўхтатишни талаб қилган.

Шунингдек, Германия, Буюк Британия ва Испания Судандан ўз фуқароларини олиб чиққан. Франция, Италия, Хитой каби давлатлар ҳам қутқарув амалиёти ўтказиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 13 апрель куни Судан  пойтахти Хартум шаҳрида генерал Абдулфаттоҳ Бурҳон қўмондонлигида мунтазам армия ва генерал Муҳаммад Ҳамдан Дагало бошчилигидаги Тезкор ҳаракат кучлари ўртасида қуролли тўқнашувлар бошланиб кетди.

Суданни узоқ йиллар идора этган Умар Башир 2019 йилда ҳокимиятдан четлатилган эди. Шундан кейин ҳарбий ва фуқаровий гуруҳлар ўтиш даври ҳукуматини тузишга келишган. Аммо мамлакатдаги турли сиёсий, ҳарбий гуруҳлар ўзаро тил топиша олмади.

Сўнгги кунларда генераллар Абдулфаттоҳ Бурҳон ва Муҳаммад Ҳамдан Дагало ўртасидаги зиддият эса росмона урушга айланиб кетди. Ўн кундан буён давом этаётган жангларда 600 дан зиёд киши ҳалок бўлди, жароҳатланганлар сони 3500 дан ошди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг