«Coca-cola» давлат улушининг савдоларга чиқарилиши бўйича Аксилмонополия қўмитаси баёнот берди
Ўзбекистондаги Coca-Cola заводи давлат улушининг арзон нархлангани шубҳа келтириб чиқаргани ҳақида хабар берилганди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ушбу ҳолат бўйча баёнот берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида» ПФ–6096-сон Фармонининг 3-иловасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 июлдаги 324-ф-сон фармойишига асосан «Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» МЧЖ (кейинги ўринларда - Компания) устав капиталидаги давлат улушини хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш орқали сотиш белгиланган.
Компаниядаги давлат улушини сотишни халқаро амалиёт қоидаларига мувофиқ, шаффоф тарзда ташкил этиш мақсадида, «Rothschild & Co» инвестиция банки молиявий маслаҳатчи сифатида, «Dentons» юридик фирмаси юридик маслаҳатчи сифатида танлаб олинган. Шунингдек, Компаниянинг молиявий ва солиқ масалаларини ўрганиш учун «KPMG» халқаро компанияси жалб қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги талабларидан келиб чиқиб, компаниядаги давлат улушини ошкора сотув механизми асосида савдога чиқариш бўйича Давлат тендер комиссиясининг 2020 йил 15 декабрдаги 5-сон қарори қабул қилинган.
Компаниядаги давлат улушини ошкора сотув механизми орқали савдога чиқариш бўйича ҳужжатлар Қўмита томонидан ўрганиб чиқилган.
Аввал чоп этилган эълонга мувофиқ, бугунги кунда ошкора сотув механизмининг биринчи босқичида компаниядаги давлат улушини сотиб олиш бўйича кўплаб талабгорлардан таклифлар келиб тушган бўлиб, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан кўриб чиқилмоқда.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни талабларига асосан Монополияга қарши курашиш қўмитаси ваколати доирасида савдо жараёнларини очиқ ва шаффоф ўтказилиши тарафдори эканлигини ҳамда бу жараёнларда қонунчилик талаблари асосида ҳаракатларни амалга ошираётганлигини билдиради, — дейилади баёнотда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter