Дастурчи қизлар форуми ташкил этилди
Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан «Рақамли авлод қизлари-2021» форуми ташкил этилди.
Қизларнинг ахборот-технологиялари бўйича билим ва кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, танқидий фикрлаш, етакчилик қобилиятларини шакллантириш, тадбиркорлик ва инновацион йўналишларда лойиҳаларни бошқариш малакаларини ривожлантириш, шу билан бирга, ўз олдиларига қўйган мақсадларига эришишда уларни (ёшидан ва тажрибасидан қатъи назар) қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган форумда 1241 нафар қизлар қатнашиш истагини билдирганди.
Улардан 45 нафари 2 босқичли саралаш асосида танлаб олинди. Бунда уларнинг билим ва тажрибаси, жамоада ишлаш қобилиятлари, ташаббускорлигига алоҳида эътибор қаратилди. Чунки улар форумдан сўнг, ҳудудларда IТ соҳасига қизиқадиган қизларга таълим беришади. Шу орқали ўз ўрганганларини улашадилар.
Қатнашчилар ҳафта давомида малакали менторлардан веб-дастурлаш, график дизайн, лойиҳаларни бошқариш йўналишларида билим олишди ҳамда гуруҳларга бўлинган ҳолда, таълим, тиббиёт, туризм соҳаларида маълум ижтимоий муаммо ечимига йўналтирилган лойиҳа ишлаб чиқишди.
Форумнинг ёпилиш маросимида 15 та жамоа ўз лойиҳаларини ҳакамлар ҳайъатига тақдим этдилар. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, энг долзарб ва инноватив деб топилган лойиҳалар рағбатлантирилди.
Нафосат Тожибоева
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter