Дэниел Розенблюм АҚШ ва Ўзбекистон учун қадрли бойлик ҳақида гапирди
АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм Мустақиллик куни муносабати билан халқимизни табриклади. Мамлакатимиздаги фаолиятини якунлаётган дипломат анъанага содиқ қолиб охирги табригини ҳам ўзбек тилида йўллади.
«Сўнгги уч йил ичида гўзал юртингизни кезиб, кўплаб одамлар билан ҳамсуҳбат бўлдим. Cизнинг бой маданиятингиз ва анъаналарингиз ҳақида кўп нарсаларни билиб олдим. Улар қайсидир маънода бизникидан фарқ қилади. Аммо мен биз учун умумий бўлган бошқа кўп жиҳатларни ҳам кашф қилдим. Ана шундай жиҳатлардан бири бу мустақиллик ва суверенитетни ардоқлашимизда кўринади. Бу – америкаликлар учун ҳам, ўзбекистонликлар учун ҳам бирдек қадрлидир. Ҳар бир халқ учун озод ва хавфсиз бўлишдан муҳимроқ нарса йўқ», – дейди АҚШ элчиси.
Дипломат икки мамлакатнинг янада тинч ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлидаги ҳамкорлиги бардавом бўлишига ишонч билдирган.
Аввал хабар берганимиздек, Д.Розенблюм АҚШ мустақиллигининг 246 йиллиги муносабати билан Тошкентда ташкил этилган маросимдаги нутқида ҳам суверенитетни асраш ҳаёт-мамот масаласи эканини таъкидлаган эди.
«Ўзбекистон мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаш АҚШнинг 1991 йилдан буён Ўзбекистонга нисбатан олиб бораётган сиёсатининг асосини ташкил этади», – деб таъкидлаган эди у.
Юртимизда 2019 йилдан буён АҚШ дипломатик ваколатхонасига раҳбарлик қилиб келаётган Д.Розенблюм ўрнини яқин фурсатда Жонатан Ҳеник эгаллаши кутилмоқда.
Д.Розенблюм эса фаолиятини АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси лавозимида давом эттиради.
Эслатиб ўтамиз, Д.Розенблюм куни кеча президент Шавкат Мирзиёев фармони билан Ўзбекистон Республикасининг «Дўстлик» ордени билан мукофотланди.
31 август куни эса Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов дипломатик миссиясини якунлаётган АҚШ элчисини қабул қилди ва унга миннатдорлик билдирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter