Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Депутат Қозоғистон билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишини айтди

Депутат Қозоғистон билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишини айтди

Ўзбекистон Қозоғистон билан кўплаб соҳалар қатори сунъий интеллект ва рақамли технологиялар йўналишида самарали ҳамкорлик қилиши мумкин, деб ҳисоблайди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳсинжон Холмуҳаммедов.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг жорий йил 8 сентябрь куни мамлакат халқига йўллаган мурожаатига муносабат билдирган қонун ижодкори мазкур мурожаатда нафақат миллий, балки минтақавий аҳамиятга молик масалалар кўтарилгани, бинобарин, ушбу стратегик ҳужжат Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ҳамкорликнинг янги уфқларини очиши мумкин эканини айтади.

“Қозоғистон президенти ўз мурожаатида рақамлаштиришни яқин йилларда мамлакат тараққиётининг асосий вектори ўлароқ белгилаган. Бу нафақат янги юқори технологиялар соҳасини шакллантириш, айни чоқда, соғлиқни сақлаш, таълим, саноат, қишлоқ хўжалиги каби анъанавий иқтисодий соҳаларда қайта тақсимотни тақозо этади. Ўзбекистон ҳам рақамли технологияларни ривожлантириш ва иқтисодиётга инновацион ёндашувларни татбиқ этишга интилмоқда. Демак, бу борада Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро фаол тажриба алмашиши мумкин. Сунъий интеллект, улкан маълумотлар базаси, булутли технологиялар каби йўналишларда ҳамкорликда лойиҳаларни амалга татбиқ этиш иқтисодий ўсишни таъминлаб қолмай, икки мамлакатнинг глобал бозордаги рақобатбардошлигини ҳам оширади”, – дейди Муҳсинжон Холмуҳаммедов.

Қозоғистон президенти мурожаатида давлат бошқаруви тизимига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масаласи ҳам кўтарилган.

“E-government йўналишида фаол равишда лойиҳаларни амалга жорий этаётган Ўзбекистон Қозоғистон билан тажриба алмашиши, давлат рақамли инфратузилмаларини такомиллаштириш бўйича биргаликда янги ечимлар ишлаб чиқиши мумкин. Шунингдек, маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида шаффофликни ошириш бўйича ҳам ҳамкорлик истиқболи порлоқ”, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси аъзоси.

Депутатнинг фикрича, икки қардош давлат рақамли технологиялар ва сунъий интеллект тизимлари бўйича малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳам яқиндан ҳамкорлик ўрнатиши мақсадга мувофиқдир. Бу эса давлатлараро робиталарни мустаҳкамлаб қолмай, фуқаролар ва ишбилармон доиралар учун ҳам янги имкониятлар эшикларини очади.

Аввал хабар берганимиздек, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов ҳам икки қардош мамлакат сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бўйича алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши зарур эканини таъкидлаган эди.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистонда ҳам сунъий интеллект ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 14 октябрдаги қарорига мувофиқ, Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси қабул қилинган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 1 июль куни рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва телекоммуникация соҳаларидаги режалар тақдимотида бу бўйича бир қатор вазифаларни белгилаб берган эди.

Ўзбекистон президенти жорий йил 21 август куни имзолаган ПФ-140-сонли фармонда ҳам судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштиришнинг устувор мақсадлари белгиланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг