Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Деворнинг ҳам қулоғи бор». Донғи дунёга кетган махфий идора фаолиятига назар

«Деворнинг ҳам қулоғи бор». Донғи дунёга кетган махфий идора фаолиятига назар

Фото: Getty Images

Заҳарланган тиш пастаси, оғу қўшилган шоколад, миналанган телефон, бомба ўрнатилган автомобиль, соҳибжамол жазман ниқобидаги жосус... Исроил махсус хизмати – «Моссад» ҳақидаги гап кетганда, шу каби деталлар ёдга келади. Яҳудий давлати махфий идораси ҳақида маҳобату муболағага йўғрилган мишмишлар, афсонанамо гаплар ҳам кўп. Хўш, мазкур махфий хизматнинг қўли чиндан ҳам ҳаммаёққа етадими? «Моссад» айғоқчилари ростан ҳам ҳар ерда ҳозиру нозирми? Ушбу мақолада донғи дунёга кетган махфий идора фаолияти ҳақида ҳикоя қиламиз.

Давлат ичидаги давлат

«Моссад» (иброний тилида – «Разведка ва махсус вазифалар идораси», қисқа қилиб айтганда, «Идора») Исроилнинг  «АМАН», «Шабак» каби уч асосий махсус хизматларидан биридир. «АМАН» ҳарбий разведка фаолияти билан шуғулланса, «Шабак» кўпроқ мамлакат ички хавфсизлигига масъул саналади.  «Моссад» эса худди АҚШ Марказий разведка бошқармаси каби хорижий давлатларда жосуслик фаолияти олиб боради. Аксар қонунларга бўйсунмаслиги, биргина мамлакат бош вазирига итоат этгани сабаб «Моссад» «давлат ичидаги давлат» ҳам деб аталади.

Исроил махсус хизмати тарихи ўтган асрнинг 20-йилларига бориб тақалади. Буюк Британия мандати остидаги Фаластинга Европадан кўп сонли яҳудийлар кўчиб келиши маҳаллий аҳолига хуш келмайди. Келгинди яҳудийлар ва фаластинликлар ўртасида тез-тез зиддият ва тўқнашувлар рўй бериб туради. Шу тариқа 1929 йили яҳудийлар ўз жамоасини ҳимоя қилиш учун «Шай» деб номланган разведка гуруҳини ташкил этади. Яширин гуруҳ вакиллари ўз миллатдошларини ҳимоя қилиб қолмай, Исроил давлати тузилишига қарши бўлганларни ҳам таъқиб этади.   

«Шай» разведка гуруҳи вакиллари.1948 йил. Фото: AP

1948 йили Исроил давлати ташкил топгач, «Шай» разведка гуруҳи вакиллари мамлакат махсус хизматида асосий лавозимларни эгаллайди. Дастлаб Буюк Британия модели асосида мудофаа вазирлиги тизимида «Аман» ва «Шабак» ташкилотлари тузилади. Махсус хизмат вакиллари ўртасидаги зиддиятлар ортидан  1951 йили АҚШ модели асосида «Моссад» ташкил этилади.

1952-1963 йилларга Исроил разведка ва хавфсизлик хизматига раҳбарлик қилган Иссер Харель кам сонли ходимлардан иборат мўъжаз тузилмани бир неча минг кишилик улкан кучишлатар ташкилотга айлантирди. Унинг даврида хизматга қабул бўйича қатъий стандартлар ишлаб чиқилди, махсус таълим муассасаси очилди.

«Гирдогирдимизда сон жиҳатдан устун душманлар. Шу боис биз разведка хизматимизни имкон қадар кучли қилишимиз керак. У қўлимизни узун қилади, вақт ва макон тақчиллигини тўлдиради», – деган эди Иссер Харель.

Харель Исроил тарихида ички ва ташқи разведкага раҳбарлик қилган ягона шахс саналади. У бош вазир Давид Бен-Гурион даврида мамлакатнинг иккинчи одамига айланганди.

«Моссад»нинг отаси Иссер Харель (1912-2003). Фото: Google Images

Харель даврида дунё бўйлаб «Моссад»нинг яширин айғоқчилик тармоғи тузилди. Минг бир чиғириқдан ўтказиб ишга қабул қилинган ходимлардан профессионализм ва фидойилик талаб қилинган. Масалан, «Моссад»нинг номи чиққан агентларидан бири Эли Коэн Сурия раҳбарияти ишончини қозониб, Тель-Авивга ўта муҳим маълумотларни етказишга муваффақ бўлган эди. Коэн Исроил айғоқчиси экани фош этилиб,  1965 йил 18 май куни Дамашқда осиб ўлдирилган бўлса-да, у тақдим этган маълумотлар кейинчалик Олти кунлик урушда ғалаба қозониш ва Суриядан Жўлон тепаликларини тортиб олишда Исроилга қўл келгани айтилади.

«Моссад» четда ўз айғоқчиларини кўпайтириш билан бирга кўнгиллилар (сайаним) хизматини ҳам йўлга қўйди. Сайаним бу Исроил махсус хизматига ихтиёрий равишда кўмак берувчи яҳудий диаспораси вакилларидир. Штатдан ташқари ходим вазифасини бажарувчи сайанимлар штатдаги жосуслар каби тизимда муҳим ўрин тутади.

«Дамокл қиличи»дан «Худонинг ғазаби»га қадар

1960-йиллардан бошлаб «Моссад» чет элларда йирик амалиётларни ўтказишга киришди. Нацистлар бошқаруви даврида юқори лавозимда фаолият юритган Адольф Эйхманнинг Лотин Америкасидан тутиб келтирилиши идора тарихидаги энг машҳур амалиётлардан бири саналади.

Иккинчи жаҳон уруши даврида яҳудийлар нацистлар ҳокимияти томонидан таъқид ва тазйиққа учрагани маълум. Исроил ташкил этилган илк кунларданоқ давлат раҳбарияти махсус хизматга турли йўллар билан жазодан қутулиб қолган собиқ нацист амалдорларни топиш вазифасини юклаган эди. 

«Ҳолокост меъмори» деб аталган, Ҳитлер ҳукуматида «яҳудийлар масаласини узил-кесил ҳал этиш»га масъул саналган Адольф Эйхман урушдан кейин Аргентинага қочиб кетган, бошқа исм-фамилия билан янги ҳаёт бошлаган эди.

Адольф Эйхман Исроил судида. Фото: Getty Images

1960 йили Исроил махсус хизмати Эйхман Аргентинада яширинганини аниқлайди. Ўша йилнинг май ойида агентлар уни уммон оша ўғирлаб келади. Учинчи рейх офицери суд ҳукми билан Исроилда қатл этилади.

Бир неча йил ўтиб «Моссад» Мисрга қарши амалиёт уюштиради.

1962 йилнинг 22 июлида Миср ўрта масофага учувчи баллистик ракеталарни синовдан ўтказади. Қўшни давлат ҳарбий салоҳияти ошишини Исроилга таҳдид деб билган махсус хизмат немис мутахассислари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган баллистик ракета лойиҳасини йўққа чиқаришга қарор қилади. «Дамокл қиличи» деб аталган амалиёт доирасида аввалига немис муҳандисларига таҳдидли мактублар юборилади. Бундан натижа чиқмагач, террор усули қўлланади. Почта орқали юборилган, портловчи модда жойланган мактубни олган муҳандислар ҳалок бўлади. Лойиҳанинг айрим аъзолари эса изсиз йўқолади. 

1963 йил март ойида Швейцарияда Исроилнинг икки жосуси қўлга олинади. Улар Миср ракета лойиҳаси иштирокчиларининг яқинларига таҳдид қилишда айбланади. Яширин амалиётдан халқаро жамоатчилик хабар топгач, «Моссад» раҳбари Иссер Харель истеъфо беришга мажбур бўлади.

«Худонинг ғазаби» деб аталган амалиёт «Моссад» тарихида энг узоқ – 20 йилдан зиёд давом этган.

1972 йили Мюнхендаги Олимпиада ўйинлари пайти Фаластинга алоқадор деб айтиладиган «Қора сентябрь» ташкилоти уюштирган қўпорувчилик ҳаракати оқибатида Исроил термаси жамоасининг 11 аъзоси ҳалок бўлади. «Моссад» ушбу терактга алоқадор шахсларни йўқ қилиш учун айнан террор усулидан фойдаланган ҳолда амалиёт ўтказади.  Мюнхен терактига алоқадор сўнгги шахс 1991 йилда ўлдирилган.

Бошқа амалиётларда бўлгани каби «Худонинг ғазаби» деган рамзий ном билан аталган қасос операцияси даврида ҳам тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлган. Хусусан, 1973 йили «Моссад» агентлари Норвегиянинг Лиллехаммер шаҳрида фаластинлик Али Ҳасан Саламий ўрнига марокашлик официантни отиб ўлдиради. Саламий охир-оқибат 1979 йили Байрут шаҳрида ўлдирилади, аммо портлаш оқибатида тўрт нафар бегуноҳ одам ҳам ҳалок бўлади. Амалиётда мобайнида тергов ва судсиз қатллар амалга оширилгани, бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилгани танқидларга сабаб бўлган.

1986 йили Исроил ядро маркази ходими Мордехай Вануну Австралияга қочиб кетади ва халқаро жамоатчиликка Исроил ядро дастури, атом бомбаси ҳақида маълумот беради. «Моссад» агентлари Мордехай Ванунуни Римга алдов йўли билан келтириб, сўнг Исроилга ўғирлаб келишади. Давлатга хиёнатга айбланган ядрочи олим 18 йилга озодликдан маҳрум этилади.

«Моссад» ўз фаолияти мобайнида судсиз қатлларни амалга оширгани ҳақида юқорида айтган эдик. 1988 йилнинг 16 апрелида ФАТҲ ҳаракатининг ҳарбий қаноти раҳбари Халил ал-Вазир (Абу Жиҳод) ҳам айни шу усулда ўлдирилади. Операцияга кейинчалик Исроил бош вазири лавозимига сайланган Эхуд Барак бошчилик қилади.

Абу Жиҳоднинг уйи тарҳини қўлга киритган «Моссад» агентлари аввалига худди шундай тузилишга эга уйда машқлар ўтказади. 16 апрель тунида резина қайиқлар орқали Тунис соҳилига чиққан махсус гуруҳ автобусда ливанлик сайёҳлар ниқобида ФАТҲ ҳаракатининг ҳарбий қаноти раҳбари уйига етиб боради. Операция давомида Абу Жиҳоднинг қўриқчилари ва ўзи ўлдирилади.

Манбаларга кўра, ўшанда амалиёт раҳбари Эхуд Барак қўшни уйда ФАТҲнинг яна бир етакчиси (айни пайтда Фаластин президенти) Маҳмуд Аббос яшашидан хабар топади ва уни ҳам ўлдиришни таклиф қилади. Гуруҳ аъзолари қўлга тушиб қолиш хавфи сабаб бу режани рад этади. Тунис полицияси ёлғон чақирувчилар орқали чалғитиб турилади. Агентлар гуруҳи Исроилга талафотсиз қайтади.

Амалиётдан хабар топган Тунис ҳукумати БМТ Хавфсизлик кенгашига шикоят қилади. Хавфсизлик кенгаши Тунис суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузган ҳолда амалга оширилган амалиётни қораловчи резолюция қабул қилади.

«Моссад» директорлари мамлакат бош вазири ва президенти билан. Чапдан: Йоси Коэн, Шабтай Шавит, Тамир Пардо, Нахум Адмони, Эфраим Халеви. Фото: Исроил ҳукумати

Хатолар, муваффақиятсиз амалиётлар

«Моссад» агентлари ҳақида кўпчиликда ўз ишининг устаси, ҳар қандай мураккаб топшириқни бехато ва мукаммал адо этадиган ходим деган тасаввур шаклланган. Аммо Исроил махсус хизматининг муваффақиятсиз якунланган амалиётлари ҳам талайгина.

1997 йилнинг 25 январида Иордания пойтахти Амман шаҳрида Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати раҳбари Холид Машъалга суиқасд уюштирилади. Кўчада кетаётган Машъалнинг қулоғига заҳар сепиб қочмоқчи бўлган икки «моссад»чи қўлга олинади. Иордания ҳукуматининг талаби билан Исроил ҳукумати зидди заҳарни тақдим этади. Шу тариқа айни пайтда ҲАМАСнинг раҳбарларидан бири саналган Холид Машъал тирик қолади. Исроил икки агентини иордан полицияси қўлидан қутқариш учун ҲАМАСнинг маънавий раҳбари Аҳмад Ёсин ва унинг 70 нафар сафдошини озод қилишга мажбур бўлади. Исроил агентлари Иордания ҳудудига Канада паспорти билан кирган эди. Шу сабаб Тель-Авив ва Оттава ўртасида дипломатик таранглик ҳам юзага келади.

1998 йил февраль ойида «Моссад» ходими Исхак Бен-Таль Швейцарияда Эроннинг БМТдаги ваколатхонасини яширин равишда тинглаш уриниш пайти қўлга олинган. Ушбу можаро ортидан «Моссад» раҳбари Дани Ятом ишдан кетган.

«Моссад» агентининг Польшада ҳибсга олиниши. Фото: AP

2004 йили Исроил махсус хизматининг икки ходими ноқонуний йўл билан Янги Зеландия паспортини олишга уриниш пайти ҳибсга олинган.

Дарвоқе, 1995 йил 4 ноябрь куни Исроил бош вазири Исхак Рабиннинг пойтахт Тель-Авивда ўта ўнгчи экстремист Игаль Амир томонидан отиб ўлдирилиши ҳам махсус хизматлар учун шармандали ҳодисалардан саналади.

Бир йил аввал, 2023 йил 7 октябрида Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ва «Ислом жиҳоди» гуруҳи жангчилари Исроил ҳудудига бостириб кирди.  «Исроилнинг 11 сентябри» деб баҳоланган ҳужум оқибатида 1200 дан зиёд исроиллик ҳалок бўлди. Таҳлилчилар фикрича, бу воқеа «Моссад»нинг «қудратли, енгилмас ва ҳар ерда ҳозиру нозир» экани ҳақидаги тасаввурларнинг чок-чокидан сўкилишига олиб келди.

Нишонда – Эрон

Экспертларга кўра, сўнгги вақтларда Тель-Авив ва Теҳрон ўртасида зиддиятларнинг кучайиши фонида «Моссад» Эронга қарши амалиётларни кучайтирган.

2020 йил 27 ноябрь куни Теҳрон шаҳри яқинида Эрон ядро дастурининг раҳбари Муҳсин Фахризода сирли равишда ўлдирилди. «The New York Times» газетасининг хабар беришича, таниқли физик олим «Моссад» агентлари томонидан робот қотил ёрдамида маҳв этган.

Исроил жосуслик хизмати Муҳсин Фахризодани 2009 йилдан буён ўлдиришга ҳаракат қилиб келган. 2018 йили АҚШ Эрон билан тузилган ядро битимидан бир томонлама чиқиб кетгач, Исроил разведкаси Фахризодага қарши янги суиқасд режасини тузган.

Фото: Getty Images

Маълум бўлишича, Фахризода ҳаракатланаётган автомобиль масофадан туриб бошқарилган «FN MAG»  пулемётидан ўққа тутилган. Бир тонналик конструкция Эрон ҳудудига қисмларга бўлган ҳолда олиб кирилган ва қайта йиғилган. Робот қотил Эронда кенг тарқалган Zamyad автомобилига ўрнатилган. Автомобиль Фахризода доим ўтадиган йўлда кутиб турган ва унинг машинаси яқинлашиши билан масофадан туриб ўқ ёғдирган. Нишон йўқ қилингач, машина портлатиб юборилган.

«Моссад»нинг собиқ раҳбари Йоси Коэн 2021 йилда берган интервьюсида Исроил махсус хизматининг Фахризоданинг ўлимига алоқадор эканини на тан олди, на рад этди. Аммо эронлик олим кўп йиллардан буён «Моссад»нинг нишонида бўлгани, чунки унинг ядро физикаси бўйича билимлари хавотир уйғотганини қайд этган.

2021 йил апрель ойида форс ўлкасининг Натанз шаҳрида жойлашган ядро иншоотида портлаш рўй берган. АҚШ матбуоти ушбу портлашда ҳам Исроилнинг қўли борлиги ҳақида ёзади.

«Тинчлик хоҳласанг, урушга тайёрлан!»

Исроил давлати «Моссад»га жуда катта моддий ва маънавий дастак бериб келади. Манбаларда идоранинг йиллик бюджети 10 миллиард шекель (қарийб 2,73 миллиард доллар) экани, штатдаги ходимлари сони 7000 нафарни ташкил қилиши қайд этилган. Дунё бўйлаб тарқалган штатдан ташқари ходимлар, ахборот етказувчилар ҳам алоҳида катта армия саналади.   

«Моссад» тарихи ва тадрижини ўрганган тадқиқотчилар тизим вакиллари душманларини йўқ қилишда шафқатсиз усуллардан ҳам тоймаслигига эътибор қаратган. Яҳудий диний китобларида келтирилган «Хийла ва алдов йўли билан уруш олиб бор» деган нақл махфий хизматнинг шиорларидан саналади.

«Одам ўлдиришга одатланиб қоласан. Инсон жони худди пуф этса учиб кетадигандек қадрсиз туюлади. 15-20 дақиқа ўйлаб, кимни ўлдириш борасида қарор қабул қиласан. 2-3 кун ўйлаб, буни қандай усулда амалга оширишни ҳал қиласан. Сени оқибатлар эмас, тактика қизиқтиради», – дейди махсус хизмат тизимида раҳбар лавозимларда ишлаган Ами Аялон.

«Моссад» вакиллари совуққонлик, шафқатсизликни, судсиз қатлларни ватан хавфсизлиги мақсади билан оқлашга уринади.

«Сенга ҳимояси ишониб топширилган фуқаролар ҳаётини сақлаб қолар экансан, қандайдир ахлоқий дилеммалар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас», – дейди «Моссад» раҳбарининг собиқ ўринбосари, Кнессет депутати Рам Бен-Барак.

Журналист Ронен Бергманинг ёзишича, Исроил раҳбарияти давлат мавжудлиги хавф остида деб ҳисоблайди. Шунга кўра, рақиблар қалбига қўрқув ва саросима солиш учун шафқатсиз усулларга бемалол мурожаат этилади.

Дунё ҳамжамияти Исроил махсус хизмати ўз амалиётларида халқаро ҳуқуқ меъёрлари, қонун чегараларини бузишига эътироз билдириб келади. Мисолни узоқдан излаш шарт эмас.

Жорий йил 17-18 сентябрь куни Ливан бўйлаб пейжерлар ва бошқа электроника маҳсулотларининг оммавий портлаши рўй берди. Портлашлар натижасида минглаб киши жароҳатланди, ўндан зиёд киши ҳалок бўлди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва «Моссад»нинг амалдаги раҳбари Давид Барнеа. Фото: KOBI GIDEON/GPO

«Reuters» агентлиги ва «Al Monitor» нашри Яқин Шарқдаги разведка хизматларига таяниб ёзишича, портлашлар «Моссад» томонидан амалга оширилган.

Қайд этилишича, Исроил махсус хизмати «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати Тайвань ширкатидан сотиб олган пейжерларни маҳсулот буюртмачига етиб боргунга қадар бўлган жараёнда миналаштирган.

Амалиёт гарчи Исроилнинг душмани – «Ҳизбуллоҳ» аъзоларига қаратилган бўлса-да, бундан тинч аҳоли вакиллари, бутун Ливан аҳолиси азият чекди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк ҳам Ливандаги портлашларни кескин қоралади.

«Тинч аҳоли орасида ваҳима уйғотишга қаратилган зўравонлик ҳаракатлари ҳарбий жиноят саналади», – дейилади баёнотда.

Олий комиссар ҳатто уруш шароитида ҳам амал қилиниши керак бўлган қоидалар мавжудлигини эслатган.

«Тинчлик хоҳласангиз, урушга тайёрланинг» деган гап бор. Бу нақл дунё киприкдаги ёшдек қалқиб турган, курраи арз бўйлаб қирғинбарот урушлар авж олган бугунги замонда янада долзарблик касб этаётгандек. Таҳлилчиларга кўра, Исроил Яқин Шарқда бир неча фронтда уруш олиб борар экан, махсус хизматлар зиммасидаги масъулият ҳам ошиб боради. Айғоқчилик хизматининг хатти-ҳаракатлари қонунийлиги бўйича саволлар ҳам кун тартибидан тушмайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг