“Дўстона руҳ, очиқ шакл” – Япония ТИВ вакили Ўзбекистонда ўтган музокараларни баҳолади

Стратегик диалог бўйича қўшма коммюнике имзолаш пайти.
Япония Марказий Осиёдаги энг кўп нуфусга эга давлат, ишончли, масъулиятни ҳис этувчи ҳамкор бўлган Ўзбекистон билан алоқаларни айрича қадрлайди. Бу ҳақда Япония ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби, вазирликнинг Матбуот ва жамоатчилик билан алоқалар дирекцияси бош директори Китамура Тосихиро 27 август куни Тошкентда журналистлар билан учрашувда маълум қилди.
Хабарингиз бор, Япония ташқи ишлар вазири Такэси Ивая юртимизда меҳмон бўлиб турибди.

Фото: Xabar.uz
“Бу – Япония ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистонга сўнгги уч йилдаги биринчи ташрифидир. Бугун Япония ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари даражасидаги биринчи стратегик учрашув бўлиб ўтди. Мен ушбу учрашувни дўстона руҳда, очиқ ва самимий шаклда ўтганини таъкидлашни истардим. Музокаралар якунида икки давлат ташқи ишлар вазирлиги ўртасидаги Стратегик диалог бўйича қўшма коммюнике имзоланди. Қўшма коммюнике ҳамкорликка доир кенг қамровли масалаларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир”, – деди Китамура Тосихиро.
Қайд этилишича, Япония ташқи ишлар вазирининг ташрифи давомида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда “Марказий Осиё + Япония” мулоқотини янада такомиллаштиришга эътибор қаратилмоқда.
“Япония Марказий Осиё билан ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган “C5+1” форматининг ташаббускори сифатида минтақа давлатлари билан ҳамкорликни янада кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. Ўтган йил август ойида Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг биринчи саммити бўлиб ўтиши режалаштирилган, аммо Япониядаги зилзила сабаб ушбу олий даражадаги учрашув кейинги қолдирилган эди. Айни пайтда саммитни имкон қадар тез муддат ўтказиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Ушбу форматдаги мулоқот минтақада
бирдамлик ва фаровонликка замин ҳозирлайди”, – дейди Япония ТИВ расмий вакили.
Маълум қилинишича, вазир Такэси Иваянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида иккита грант битими ҳам имзоланди. Жумладан, “Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар тақдим этиш” дастури доирасида расмий Токио йигирмага яқин давлат хизматчисининг Япония университетларида таҳсили учун грант ажратади.
Қайд этиш жоизки, ҳозирга қадар 430 дан зиёд ўзбекистонлик давлат хизматчиси Кунчиқар ўлкада билим ва малака оширди. Жумладан, Япония ҳукуматининг беғараз ёрдам дастури доирасида 2024 йилда Ўзбекистоннинг 18 нафар ёш давлат хизматчиси магистратура (2 йил) ва 1 нафар ёш давлат хизматчиси докторантура (3 йил) босқичида таълим олган эди.
Имзоланган иккинчи битимга кўра эса, Япония БМТТ дастурлари доирасида Сурхондарё вилоятида аҳоли заиф қатламининг касбий таълими учун молиявий кўмак ажратади.
Таъкидланишича, Япония Ўзбекистон ҳукуматининг устувор мақсадлари билан ҳамоҳанг йўналишларда кўмак, хайрихоҳлик ва ҳамкорликда давом этади.
Япония ТИВнинг матбуот котиби кўплаб соҳалар қатори “яшил” энергетика, рақамлаштириш, инсон ресурслари каби йўналишларда ҳамкорлик истиқболи порлоқ эканини урғулади.
Катта демографик салоҳиятга эга Ўзбекистон Япония учун малакали мутахассислар тайёрлаш борасида ҳам манфаатли таклифлар илгари суриши мумкин.
“Билишимча, Ўзбекистон аҳолиси йилига тахминан 800 минг кишига кўпаймоқда. Японияда эса бунинг тескариси кузатилмоқда. Ҳозирда мамлакатимиз аҳолиси 125 млн кишини ташкил этаётган бўлса, 50 йилдан кейин бу рақам 70-80 млн нафарга тушиши кутилмоқда. Шу боис Япония ўзига хос вазминлик билан малакали хорижий ишчи кучини жалб этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқот ва
музокараларда меҳнат миграцияси масалалари ҳам четда қолмайди”, – дейди Япония ТИВнинг матбуот котиби Китамура Тосихиро.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов япониялик ҳамкасби Такэси Ивая билан мулоқотни ижобий баҳолаб, бугун имзоланган Стратегик диалог бўйича қўшма коммюнике сиёсатдан тортиб иқтисодиётгача, таълимдан халқаро алоқаларгача – барча йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлашига ишонч билдирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter