Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

«Дракула» сақланган қалъа, Юлий Цезарнинг машҳур ибораси янграган шаҳар — Токатда қандай сирлар яширинган? (фото)

«Дракула» сақланган қалъа, Юлий Цезарнинг машҳур ибораси янграган шаҳар — Токатда қандай сирлар яширинган? (фото)

Истанбул шаҳридан Токатга йўл олар эканмиз, самолёт пастлай бошланганиёқ кўз олдимда таниш манзара гавдаланди: икки томонидан чўзилган тоғ тизмалари, улар орасида кенг далалар, қишлоқлар, тераклар… ўзимиздаги водий, воҳаларга ўхшаб кетади. Аэропортдан чиқишимиз билан бу ўхшашликни яна ҳис қилдим: табиати, иқлими, одамларнинг турмуш тарзи бизга анча яқиндек туюлди.


Онадўлининг сирли гўшалари: Туркиянинг ўзгача қиёфаси билан танишамиз (фото)


Токат – асосан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ҳудуд. Тамакичилиги Самарқанднинг Ургутини эслатса, боғлари, токзорлари водийларимизга тортади. Ўзингизни бегона юртдагидек ҳис қилмайсиз. Бу ердаги ҳаёт гавжум шаҳарлардагига нисбатан анча сокин, вазмин, табиий.

Фото: Маҳсулотлари Европагача боради

Яна диққатимни тортгани, Токатда ўқиш ўзбекистонлик талабалар учун ҳам анча қулай экан. Бизга ҳамроҳлик қилган Мустафо Ялчиннинг айтишича, Токат Газиосманпаша университетида таълим сифати яхши, яшаш харажатлари эса Туркиянинг катта шаҳарларига нисбатан анча арзон экан.

Фото: Университет кампуси

1992 йилда ташкил этилган ушбу университет бугун минглаб талаба таҳсил оладиган, ўнлаб факультетлардан иборат катта илм масканига айланган. Бу ерда қишлоқ хўжалиги, муҳандислик ва архитектура, тиббиёт, жисмоний тарбия, стоматология, иқтисодиёт, тасвирий санъат, ислом фанлари, юридик ва яна кўплаб йўналишларда мутахассислар тайёрланади.

Шу маълумотлар билан танишган ҳолда шаҳарнинг тарихий қисмига етиб бордик.

Фото: Xabar.uz

Тарих нафаси

Токат том маънода “Онодўлининг яширин гўшаси”. Шаҳар тарихи милоддан аввалги 3000 йилларга бориб тақалади. Хеттлардан тортиб Рим, Византия, Салжуқийлар ва Усмонийларгача — бу ҳудуддан ўтмаган империянинг ўзи йўқ. Македонский ҳам, Юлий Цезар ҳам ушбу шаҳарда бўлишган.

Фото: Xabar.uz

Қадимда бу ерлардан ипак йўли ўтган бўлса, ҳозирда Осиё ва Европани боғлайдиган энг серқатнов ҳаво йўлларидан бири ҳисобланади. Токат осмонидан ҳар дақиқада самолёт учиб ўтаётганини кузатишингиз мумкин.

Фото: Xabar.uz

Токат қалъаси

Шаҳарнинг шундоққина биқинида жойлашган машҳур Токат қалъаси 28 та минорадан иборат бўлиб, қояли чўққи устида қад ростлаган. Қалъанинг илк аҳолиси ҳақида аниқ маълумотлар бўлмаса-да, унинг V асрларга бориб тақаладиган тарихий излари бор. Рим империяси даврида йўл хавфсизлиги учун хизмат қилган қалъа кейин Салжуқийлар қўлига ўтган ва бир неча бор қайта таъмирланган.

Фото: Xabar.uz

Токат қалъаси ҳақидаги энг қизиқарли ривоятлардан бири — Влад Цепеш, яъни машҳур Дракула ҳақидадир. У XV асрда Усмонли султони Мурод II томонидан қисқа вақтга шу қалъада маҳбус сифатида сақлангани айтилади. Бугун эса қалъанинг баъзи яширин йўллари сайёҳлар учун очиқ.

Фото: Xabar.uz

900 қадамда 900 йиллик тарих

Токатнинг тарихий ҳудудини пиёда кашф этиш мумкин. Шаҳар марказида тарихий бинолар, мадрасалар, масжидлар, карвонсарою ҳаммомлар бир-бирига шунчалик яқинки, уларни бир неча соатда айланиб чиқиш мумкин. Шунинг учун махсус туристик йўналиш ҳам тузилган: “900 қадамда 900 йиллик тарих”.

Ушбу саёҳат давомида қуйидаги жойлардан ўтасиз:

  • Gök Medrese — 1277 йилда қурилган Салжуқий мадрасаси. Бугун музей сифатида фаолият юритади.

  • Mevlevihane, Taşhan, Arastalı Bedesten, Саат Minorasi — Усмонли давридан қолган ноёб архитектура дурдоналари.

Фото: Xabar.uz

Эски кўчалардан ўтар экансиз, ҳар бир қадамда тарих нафаси уфуриб туради.

Тошхон — ҳунармандлар маскани

1626–1632 йилларда қурилган, кенг ҳовлили икки қаватли Тошхон мажмуасида бугун ҳам ҳаёт қайнаган. Бу ерда мисгарлар, матога тош босиш усталари, уд ясовчилар, кўҳна қаҳвахоналар бор. Агар уд усталари билан танишиб қолсангиз, сиз учун кичик “концерт” ҳам уюштириб беришлари мумкин.

Фото: Xabar.uz

Шаҳарнинг юраги

Сулусокак — Токат вилоятидаги қадимги шаҳар маркази ва савдо марказини ташкил этувчи, тарихий ёдгорликларни ўз ичига олган муҳим кўча.

Бу ерда Усмонийлар уйлари, Сафранболуни эслатувчи анъанавий хонадонлар, қадимий ҳаммомлар, бозорлар, мадрасалар жойлашган.

Фото: Xabar.uz

Сулусокак бозори, Токат маданият уйи, мадраса ва карвонсарой — бари ўзгача руҳга эга.

Фото: Xabar.uz

Токат музейи

XV асрда қурилган қадимий иншоотда жойлашган Токат музейида милоддан аввалги 4000–3000 йилларга тегишли артефактлар, хеттлар даври қолдиқлари, Рим заргарлик буюмлари, этнографик намуналар мавжуд.

Фото: Xabar.uz

Эътиборлиси, Юлий Цезарнинг машҳур “Veni, vidi, vici” — “келдим, кўрдим, ғалаба қозондим” деган ибораси айнан Токатда айтилган, деган маълумот ҳам бор.

Токат ҳаммомлари

Токатда ҳаммом маданияти жуда ривожланган. Шаҳар марказида Парвона ҳаммоми, Султон ҳаммоми, Пошшо ҳаммоми, Чой ҳаммоми ва Али Пошшо ҳаммоми каби тарихий масканлар жойлашган бўлиб, уларнинг энг қадимгиси 1277 йилга оид Салжуқий иншоотидир.

Пошшо ҳаммоми ва Чой ҳаммоми бугунги кунда ҳам ишлайди.

Фото: Xabar.uz

Карвонсаройлар, ҳаммомлар жойлашган ҳудудда, албатта, жамоат ҳожатхонаси ҳам мавжуд бўлган. Ҳожатхона биноси бугунгача сақлаб қолинган, унинг канализацияси уникал архитектура ечимига эга.

Фото: Xabar.uz

Мустафо Камол Отатурк уйи

1924 йилда Мустафо Камол Отатурк ва унинг рафиқаси Латифа Хоним Токатга ташриф буюрганида тўхтаган уй бугун музейга айлантирилган.

Фото: Xabar.uz

Узум барги, машҳур кабоб ва бошқа мазали таомлар

Токат таоми деганда биринчи бўлиб унинг машҳур кабоби, узум баргидан тайёрланадиган дўлмаси, маҳаллий чойхона ва қаҳвахоналар эсга тушади. Шаҳар марказидаги Газиосманпаша кўчаси бўйлаб юрсангиз, бу мазали таомларни татиб кўриш учун ўнлаб жойларга дуч келасиз.

Энг муҳими, Токатнинг тузланган узум баргидан албатта сотиб олинг, у ҳудуднинг “рамзи”га айланган.

Фақат тарих эмас, табиат гўзаллиги ҳам мужассам

Табиатни яхши кўрувчилар учун Токат атрофидаги ғорлар, кўллар, ялпиз ҳиди таралиб турадиган далалару, тоғ йўллари ҳақиқий адреналин беради.

Айниқса, миллионлаб йиллар давомида шаклланган сталактит ва сталагмитларга тўла улкан ғор — ҳақиқий мўъжиза. Бу ҳақда ҳали алоҳида тўхталамиз.

Фото: Xabar.uz

Юракка яқин манзил

Токатга келганингизнинг биринчи кунидаёқ, уни ёқтириб қоласиз. Табиати гўзал, одамлари самимий, тарихи оламшумул, таомлари мазали, нархлари эса ҳамёнбоп.

Агар сиз ҳам Туркиянинг машҳур туристик шаҳарларидан ташқарида, тинч, табиий ва тарихий муҳитда дам олмоқчи бўлсангиз, Токат — кўришга арзирли манзил.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг