ДТМ «Газета.uz»дан 200 млн. сўм ундирмоқчи
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимояси важи билан «Газета.uz» ва унинг колумнисти Комил Жалиловни судга берди. Марказ жавобгарлардан 200 млн. сўм миқдорида маънавий зарар ундиришни сўрамоқда.
«...12 декабрдаги даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига юборилди. Бунда даъвогар — Давлат тест маркази, жавобгар эса «Газета.uz» ва унинг муаллифи Комил Жалиловдир. Ҳозирча суд даъвони кўриб чиқиш учун қабул қилган-қилмагани маълум эмас», деб ёзади электрон нашрнинг ўзи.
ДТМнинг судга мурожаат этишига сабаб нима?
Қайд этилишича, шу йилнинг 7−15 октябрь кунлари ДТМ мутасаддилари ҳокимликлар ва вазирликлар билан ҳамкорликда Сирдарё вилоятида мактаб директорлари, халқ таълими бошқармаси ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлими ходимларининг раҳбарлик қобилиятлари ва бошқарув маҳорати, методистлар ва ўқитувчиларнинг тегишли фан бўйича билимларини аниқлаш юзасидан тест синовларини ташкил этган. Синовларда ДТМ базасидаги топшириқлардан фойдаланилган.
4 декабрь куни «Газета.uz» сайтида рус тилида «Ўқитувчини ўқитиш: ХТВнинг педагоглар малакасини ошириш бўйича режалари» («Научить учителя: Планы МНО по повышению квалификации педагогов») сарлавҳали мақола эълон қилинади. Унда Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида Сирдарё вилоятидаги 12261 нафар педагог ва мактаб директорининг 66 фоизи қонақарсиз баҳо олгани маълум қилинади.
Матбуот анжуманида иштирок этган «Газета.uz» колумнисти Комил Жалилов халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаровга бир қатор саволлар беради. Савол Сирдарё вилоятида ўқитувчилар тест синовларида паст кўрсаткичлар олишига (адабиёт фанидан берилган) тест саволларидаги мавҳумликлар ҳам сабаб бўлмадими, деган мазмунда бўлиб, бир неча намуналар кетиради. (Тест саволидан намуналар: «Шоирнинг тарбияси билан ким шуғулланган?» Жавоблар: «опаси», «акаси», «бобоси», «бувиси». Бу саволда гап қайси шоир ҳақида экани айтилмаган. Бошқа саволлар: «Чеховнинг ҳикоясида йўғон ингичка билан хайрлашаётганда нечта бармоғини букади?» Жавоблар: «1», «2», «3», «4». Яна бир намуна: «Капитан қизи»да бош қаҳрамон онасининг исм-шарифи нима?» Юлия Васильевна, Виктория Васильевна, Авдотья Васильевна, Анна Васильевна»...)
ДТМ судга киритган даъво-аризада айнан ўша саволда келтирилган тест топшириқлари намуналари ДТМ базасида мутлақо мавжуд эмаслиги, Сирдарёда улардан фойдаланилмаганини таъкидлайди.
Мухтасар айтсак, электрон нашр ва муаллиф матбуот анжуманида берган саволи учун судга тортилмоқда. Савол ва унга берилган жавобдан келиб чиқиб ёзилган мақола ДТМ даъвосига кўра: «...Давлат тест маркази раҳбарияти ва ходимларига салбий таъсир кўрсатиб, уларнинг меҳнат унумдорлигининг камайишига, асабийлашишига олиб келди. Шу сабабли Давлат тест маркази «Газета.uz» электрон оммавий ахборот воситаси ва Комил Жалилов томонидан етказилган маънавий зарар миқдорини 200 млн. сўм деб баҳолайди».
Шунингдек, даъво-аризада суддан «Газета.uz» ва Комил Жалилов мақола бўйича раддия бериш ва ДТМдан оммавий равишда узр сўраш мажбуриятини юклаш ҳам сўралади.
... «Xabar.uz» воқеалар ривожини кузатиб боради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter