Дунёни табассуми билан лол қолдирган ҳайвон

Ер сайёраси ҳайратомуз ва хилма-хил табиатга эга. Ҳайвонот оламининг ўзи мўжизаларга тўлиб тошган. Ҳар бир ҳайвоннинг хусусияти ва «характери» бор. Масалан шер кучлилик рамзи. Унинг ҳар бир қадам ташлашида қудрат ва салобат бордек. Тулки айёр ва чиройли думи билан машҳур. У дуч келган муаммони найранг билан енгади. Жирафа узун бўйни билан ажралиб туради.
Буқаламун ранги билан ҳаётга мослашувчанликни намоён этади...
Аммо яна бир ҳайвон борки, у на қудрати, на айёрлиги, на узун бўйи билан эмас, балки... жилмайиши билан дунё эътиборини тортган.
(Суратлар очиқ интернет манбаларидан олинди)
Квокка ёки калта думли валлаби (Setonix brachyurus) кенгуру оиласига мансуб. Аммо кенгурадан фарқли ўлароқ танасининг ўлчамига нисбатан қисқа думи бор, у таянч бўлиб хизмат қила олмайди. Квокканинг катталиги катта уй мушуки ёки ўрта бўйли итга тенг. Тана узунлиги тахминан ярим метр, думи тахминан 30 см. Оғирлиги 2,5 дан 5 кг гача. Квокка ўтхўр ҳайвон, у асосан тунги ҳаёт тарзида фаол.
У нега «жилмаяди»?
Квокка йиртқичларга қарши ҳимоясиздир, шунинг учун у Болд, Пингвин кичик оролларида ва Aлбани минтақасидаги (Ғарбий Aвстралия) тулкилар ёки мушуклар бўлмаган ҳудудларда сақланиб қолган. Энг кўп қисми Роттнест оролида жойлашган. Квокка буталар кўп ўсган қуруқ ўтлоқли жойларни афзал кўради, аммо қурғоқчиликда у кўпинча ботқоқ жойларга кўчиб ўтади.
Дунёдаги «энг бахтли ҳайвон» деб тан олинган, ҳар доим табассум қилиб турганга ўхшайдиган бу жонивор шунчалик ёқимтойки, уни кўрган кишининг беихтиёр юзида кулгу пайдо бўлади. Характерли хусусияти унинг доимо «жилмайиб» туриши, яъни, жағ мушаклари бўшашганда ва у чайнашни тўхтатганда пайдо бўладиган «табассум».
Биз фақат кенгуру ўз боласини халтасида олиб юради деб ўйлаймиз. Аммо квокка ҳам кенгурулар сингари ўз боласини махсус «қопча»да олиб юради. Янги туғилган боласи жуда кичкина бўлади ва туғилганиданоқ қопига кириб, у ерда бир неча ой давомида хавфсизликда ривожланади.
Нега квокка одамлардан қўрқмайди?
Кўплаб ёввойи ҳайвонлар инсонларнинг яқинлашишидан қўрқади. Чунки тарихда одамзод ҳайвонларга нисбатан меҳрибонликдан кўра, зўравонликни кўпроқ намоён этган. Аммо квокка бундай эмас. У инсонларни кўриб, қочмайди. Аксинча, қизиқиш билан яқинлашади. Қўрқмасдан юзига қарайди, ҳатто баъзида ўзи яқин келиб одамлар орасида ўйнаб юради.
Бунга бир неча сабаб бор: Квокканинг яшаш жойи – Роттнест ороли (Австралия)да одамлар томонидан унга зиён етказиш тақиқланган. Ҳар қандай зўравонлик қонунан жазоланади. Бу эса квокканинг одамлар билан тинч муносабатда яшашига шароит яратган. Аҳоли зич эмас ва хотиржам муҳит яратилган. Квоккалар одамлар билан кўп юзма-юз келади, яъни уларнинг инсонлар билан учрашуви асосан ижобий бўлган. Шунинг учун улар инсонни хавф деб қабул қилмайди. Қолаверса, квоккалар табиатан қизиқувчан, Улар янги нарсаларга қизиқади.
«Селфи ҳайвони»
Интернетда квокка билан тушилган ҳазиломуз ва завқли селфилар тўлиб-тошиб кетган. Айримлар уни ҳатто «селфи ҳайвони» деб аташади. У суратга ҳар доим бир хил табассумли, бахтли қиёфада тушади. Сайёҳлар уни кўриш учун вақт ва маблағини аямайдилар. Одамлар квоккаларни томоша қилишлари ва ҳатто улар билан суратга тушишлари мумкин бўлган бир нечта қўриқхоналар яратилган. Бу ёқимтой жониворнинг одамлар билан суратга тушишига яна бир сабаб юқорида айтганимиздек уларнинг қизиқувчанлиги ва янги танишлардан ҳайиқмаслиги. Интернетда квокка ҳақида қизиқиб кўрсангиз, одамлар томонидан ушбу жониворни боқиб олиш мумкинми, деган савол жуда кўп марта берилган. Бу бежиз эмас, ахир ким ҳам ўзининг шундай кайфият кўтариб турадиган «ҳамиша баҳор», табассумли ҳайвони бўлишини истамайди, дейсиз.
Тўғри баъзилар бу ёқимли ҳайвонларни уйда сақлашади. Aммо бунга фақат Aвстралия фуқаролари учунгина рухсат берилган, квоккаларни чет элга экспорт қилиш тақиқланади.
Экологик таҳдидлар ва муҳофаза
Афсуски, табассум ортидаги ҳаёт унчалик ҳам бахтли эмас. Квоккаларнинг сони чекланган ва улар «муҳофазага муҳтож тур» сифатида рўйхатга олинган. Уларга йиртқичлар, ит-мушуклар, инсонлардан тарқалган касалликлар ва иқлим ўзгариши таҳдид солади. Қишлоқ хўжалиги ерларининг кенгайиши табиий яшаш жойларининг камайишига ва натижада бу тур сонининг озайишига олиб келди.
Шу боис махсус қўриқхоналар, ҳимоя лойиҳалари ишлаб чиқилган. Одамлар улар билан суратга тушишлари мумкин, аммо овқатлантириш, тегиниш, қучоқлаш ман қилинган.
Қаранг, улар ҳатто ухлаётганда ҳам табассум улашади...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter