Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ДХХ афғонистонлик наркосавдогарлар билан ҳамкор шахсларни қўлга олди

ДХХ афғонистонлик наркосавдогарлар билан ҳамкор шахсларни қўлга олди

Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келтирилган жами 47,2 кг. наркотик моддалар мусодара қилинди.

Сурхондарё вилоятининг Узун туманида яшовчи, 1971, 1974, 1985 йилларда туғилган 3 нафар фуқаро Тожикистон Республикасидан 10 кг. 50 гр. «опий» ва 10 кг. 29 гр. «гашиш» моддаларини контранбанда йўли билан олиб ўтган вақтларида ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан қўлга олинди.

ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, наркокуръерлар томонидан Афғонистондан олиб келиниб, Музработ тумани ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетилган 1 кг. 953 гр. «опий» ва 4 кг. 116 гр. «гашиш» моддаларини қабул қилиб олган вақтида Термиз шаҳрида яшовчи, 1981 й.т., муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс ушланди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу наркотик моддаларни Термиз шаҳрида қабул қилиб олган вақтида 1976 й.т. Қозоғистон Республикаси фуқароси ушланди.

Термиз туманида ўтказилган тезкор тадбирда, муқаддам наркокуръерлар томонидан хуфия жойга қолдириб кетилган 922 гр. «опий» ва 4 кг. 203 гр. «гашиш» моддаларини олиб, доимий яшаш манзилига кетмоқчи бўлган вақтида Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи, 1977 й.т. фуқаро ушланди.

Мазкур шахс ушбу ажал оғусининг ҳар бир килограммини афғонистонлик наркосавдогарлардан 2300 АҚШ долларидан сотиб олган.

Сариосиё туманида қайд этилган ҳолатда, Денов туманида яшовчи, 1968 й.т., муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган фуқаро тўхтатилиб текширилганда, унинг ёнида 4 кг. 80 гр. «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Маълум бўлишича, ушбу гиёҳвандлик воситаси Тожикистон Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган.

Бу йўналишда ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам тезкор тадбирлар ўтказишди.Хусусан, Қўқон шаҳрида яшовчи, 1979 й.т. шахс бошқарувидаги «Жентра» русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда, унинг салон қисмида 975 гр. «опий» моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг яшаш хонадонидан ҳам 789 гр. «опий» ҳамда 5 кг. 239 гр. «гашиш» моддалари олинди.

Аниқланишича, мазкур фуқаро тожикистонлик наркосавдогарлар томонидан юборилган ушбу заҳри қотилни Қўқон шаҳрида сотишни режалаштирган.

Бошқа ҳолатда эса муқаддам қирғизистонлик наркокуръерлар томонидан Қувасой шаҳри ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетилган 4 кг. 922 гр. «гашиш» моддасини олиб, доимий яшаш манзилига кетаётган вақтида Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи, 1998 й.т. фуқаро ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг