Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЕИ Ўзбекистонда ўтган президентлик сайлови юзасидан баёнот берди

ЕИ Ўзбекистонда ўтган президентлик сайлови юзасидан баёнот берди

Европа Иттифоқи Ўзбекистонда 9 июль кунги президентлик сайлови тинч муҳитда, пухта тайёргарлик ва электоратнинг юқори фаоллигида ўтди деб ҳисоблайди.

«Ўзбекистонда 30 апрель куни бўлиб ўтган янги Конституция бўйича умумхалқ референдуми ортидан бўлиб ўтган президент сайлови Президент Шавкат Мирзиёев ва ислоҳотларнинг очиқ қўллаб-қувватланишини кўрсатди. Европа Иттифоқи Ўзбекистонни демократик ислоҳотларга қаратилган саъй-ҳаракатларини ва ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловни кузатиш бўйича ушбу ва аввалги миссияларининг тавсияларини тўлиқ амалга оширишда қўллаб-қувватлашга содиқ қолади», – дейилади сайлов юзасидан берилган баёнотда.

ЕИ ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тўлиқ ҳуқуқли халқаро сайловларни кузатиш миссиясини жойлаштириш таклифини олқишлаган.

Баёнотда, шунингдек, айрим камчиликлар сайловчиларнинг онгли танлов қилишига тўсқинлик қилгани ҳам қайд этилган.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Европа Иттифоқининг муҳим ва қадрли ҳамкоридир.

«Биз 2024 йилда Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўрар эканмиз, ҳамкорлигимизни мустаҳкамлашни давом эттиришга умид қиламиз», – дейилади баёнотда.

Аввал хабар берганимиздек, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳам президентлик сайлови бўйича баёнот бериб, Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашини эълон қилган эди.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг