Евроиттифоқ: “Украина халқи ўз келажагини ўзи белгилашга ҳақли”

АҚШ ва Россия президентлари Доналд Трамп ҳамда Владимир Путиннинг учрашуви арафасида Европа Иттифоқи етакчиларининг Украинага оид баёноти эълон қилинди.
“Биз – Европа Иттифоқи етакчилари, президент Трампнинг Россиянинг Украинага қарши тажовузкор урушини тўхтатиш ҳамда Украина учун адолатли, мустаҳкам тинчлик ҳамда барқарорликка эришишга қаратилган саъй-ҳаракатларини олқишлаймиз. Барқарорлик ва хавфсизликни таъмин этувчи адолатли, мустаҳкам тинчлик халқаро ҳуқуқ, жумладан, мустақиллик, суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва халқаро тан олинган чегараларни куч билан ўзгартиришга йўл қўймаслик каби тамойилларга риоя этишга асосланмоғи лозим”, – дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, Украина халқи ўз келажагини ўзи белгилаш борасида эркин танловга эга бўлиши шарт.
“Украинада тинчликка эришиш йўли Украинасиз ҳал этилиши мумкин эмас. Конструктив музокаралар ўт очишни тўхтатиш ёки жанговар ҳаракатларни қисқартириш шароитидагина ўтиши мумкин. Россиянинг Украинага қарши тажовузкор уруши Европа ва халқаро хавфсизлик учун янада кенг оқибатларни келтириб чиқаради. Биз дипломатик ечим Украина ва Европа хавфсизлигига оид ҳаёт-мамот манфаатларини ҳимоя қилиши лозим деган ишончда собитмиз”, – деб ҳисоблайди ЕИ етакчилари.
Қайд этилишича, ЕИ АҚШ ҳамда ҳаммаслак ҳамкорлар билан биргаликда Украина ўзини мудофаа этиш ҳуқуқини тўлақонли рўёбга чиқариши йўлида Киевга сиёсий, молиявий, иқтисодий, гуманитар, ҳарбий ва дипломатик кўмак кўрсатишда давом этади. Брюссель, шунингдек, Россия Федерациясига қарши чеклов чораларини ҳам тўхтатмайди.
Украинанинг самарали мудофаа қобилияти келажакдаги ҳар қандай хавфсизлик кафолатининг ажралмас таркибий қисми ҳисобланади.
“Европа Иттифоқи Украинанинг ўз тақдирини ўзи танлашдек ажралмас ҳуқуқини эътироф этган ҳолда, ЕИга аъзолик йўлида Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини ҳам маълум қилади”, – дейилади баёнотда.
Аввал хабар берганимиздек, АҚШ президенти Д.Трамп ҳамкасби В.Путин билан 15 август куни Аляскада учрашиши кутилмоқда. Ушбу учрашувда асосан Украинада урушни тўхтатиш масаласи муҳокама этилади.
Маълумот ўрнида: Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Кая Каллас куни кеча Би-би-сига берган интервьюсида Украина тақдирига доир ҳар қандай битим Киев иштирокидагина тузилиши мумкинлигини таъкидлади.
ЕИ бош дипломати фикрича, музокараларда ҳудудий ён бериш Путин ва у каби ҳарбий куч ишлатиш тарафдорларини илҳомлантиради, холос.
“Шубҳасиз, босқинчини босқинчилик ҳаракати учун мукофотлаб бўлмайди. Акс ҳолда, бутун дунё бўйлаб босқинчиликнинг авж олишига гувоҳ бўламиз”, – деб огоҳлантирди К.Каллас.
Аввалроқ ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар ҳам Украина фақат ўз суверенитети учун эмас, балки ҳудудий яхлитлик, халқаро ҳуқуқ ва тинчлик учун курашаётгани, бинобарин, Украинага оид бирор бир қарор Украинасиз ҳамда Европасиз қабул қилинмаслиги кераклигини таъкидлаганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter