Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Экологик экспертиза соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Экологик экспертиза соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Жорий йилнинг 3 сентябрь куни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) мажлислар залида Давлат экологик экспертизаси маркази ҳамда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фаолият юритаётган ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Меморандум жорий йилнинг 24 февраль куни Давлат раҳбари томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Экологик экспертиза, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш тўғрисида”ги Қонуни нормаларида белгиланган экологик экспертиза фаолиятида иштирок этувчи субъектлар ходимларининг касбий билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда уларга белгиланган тартибда малака сертификатини бериш бўйича ўзаро ҳамкорликни назарда тутади.

Янги тартибга кўра, экологик экспертиза фаолиятида иштирок этувчи эколог-экспертлар ваколатли орган томонидан аттестациядан ўтказилиши шарт бўлади. Шунингдек, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш материалларини ишлаб чиқувчи ташкилотларнинг ходимлари малака сертификатига эга бўлишлари мажбурий этиб белгиланди.

Давлат экологик экспертизаси органлари томонидан 2024 йилда 32 мингга яқин экологик экспертиза хулосалари берилган бўлиб, уларнинг қарийб 700 таси экологик талабларга жавоб бермагани сабабли рад этилган. Ушбу рақамлар лойиҳачилардан юқори малака талаб этилишини, уларнинг билим ва кўникмаларини мунтазам ривожлантириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Ҳозирда мамлакатимизда тўрт юзга яқин лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқувчи тадбиркорлик субъектлари ва бошқа лойиҳа институтларида мингдан ортиқ лойиҳачилар фаолият олиб бормоқда. Шу билан бирга, эколог-экспертларга ҳам қатъий талаблар қўйилмоқда. Эндиликда улар ҳам ваколатли орган томонидан аттестациядан ўтказилиши белгиланган. Бу эса Малака ошириш марказининг масъулияти ва зиммасига юклатилган вазифалар аҳамиятини янада оширади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг