Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Экспортни қўллаб-қувватлашга қаратилган субсидия ва имтиёзлар бекор қилинади – лойиҳа

Экспортни қўллаб-қувватлашга қаратилган субсидия ва имтиёзлар бекор қилинади – лойиҳа

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши доирасида Миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш ишлари давом этмоқда.

Жумладан, ЖСТнинг Субсидиялар ва компенсация чоралари тўғрисидаги битими 3-моддасига асосан қуйидаги турдаги субсидиялар тақиқланган (ЖСТнинг Қишлоқ хўжалиги тўғрисидаги битимида истиснолар мавжуд) ва уларни бекор қилиш лозим:

  • қонун билан ёки амалда (де юре ёки де факто) экспорт қилиш шарти билан бериладиган субсидиялар;
  • импорт маҳсулотлар ўрнига маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш шарти билан тақдим этиладиган субсидиялар.

Мазкур битимга мувофиқ давлат ёки давлат ваколат берган ташкилот томонидан тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри пул маблағларининг ўтказилиши, уларнинг пул мажбуриятларини кафолатлаш, солиқ миқдори камайтирилиши ёки олинмаслиги, умумий фойдаланишдаги инфратузилмани тақдим этишдан ташқари товарлар ёки хизматларни тақдим этиш каби имтиёзлар субсидия сифатида қаралади.

Таъкидлаш лозимки, ЖСТ доирасида экспорт субсидияларининг тақиқланишидан асосий мақсад барча аъзо давлатлар учун товарлар савдосида тенг шароитларни таьминлаш ва халқаро савдода ҳалол рақобатни ривожлантириш. Экспорт субсидиялари экспорт қилинадиган товарлар нархини сунъий равишда бозор нархидан паст даражада белгилаш орқали халқаро савдога салбий таьсир кўрсатади. Бу эса мамлакатлар ишлаб чиқарувчиларининг бозорларда рақобат қилишини мураккаблаштиради. Натижада, экспорт субсидиялари халқаро савдонинг самарасиз бўлишига, савдо низоларининг кўпайишига олиб келади ҳамда чинакам очиқ ва шаффоф савдо тизимининг ривожланишига тўсқинлик қилади.

Шунга асосан амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ЖСТнинг асосий битимларидан бири ҳисобланган Субсидиялар бўйича битим талабларига мувофиқлиги жиҳатдан таҳлил қилинди ва ЖСТ қоидаларига номувофиқ бўлган экспорт субсидияларини бекор қилиш назарда тутилган.

Шунингдек, Президентнинг «Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2024 йил 3 июндаги ПФ–85 сон Фармонининг 8-бандида Миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилотининг Субсидиялар ва компенсация чоралари тўғрисидаги битимига (ASCM) мувофиқлаштириш мақсадида экспортни қўллаб-қувватлаш учун тақдим этилаётган субсидия ва преференцияларни, шу жумладан, товарларни (хизматларни) экспортга реализация қилишдан олинган даромадлар бўйича фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, транспорт харажатларини қисман қоплаб беришга оид имтиёзларни 2025 йил 1 январдан бекор қилиниши белгиланган.

Маълумот учун, қонунчилик маълумотлари миллий базасини хатловдан ўтказиш ва 15 мингдан ортиқ амалда бўлган қонунчилик ҳужжатларини таҳлил қилиш натижалари бўйича 15 дан ортиқ Президент ҳужжатларида ЖСТнинг Субсидиялар бўйича битимига номувофиқ имтиёзлар аниқланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг