Элчихона фуқароларимизни имкон қадар Исроилни тарк этишга чақирди
28 февраль куни Исроил ва унинг атрофида хавфсизлик вазияти кескинлашгани муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг мазкур давлатдаги Элчихонаси расмий баёнот билан чиқди.
Унда Ўзбекистон фуқароларига хотиржамлик ва ҳушёрликни сақлаш, маҳаллий расмий органлар томонидан берилаётган хавфсизлик бўйича кўрсатмаларга сўзсиз амал қилиш тавсия этилган.
Элчихона хабарига кўра, юртдошлар махсус жиҳозланган ҳимояланган жойлар — бошпаналар яқинида бўлиши, маҳаллий ҳокимият органларининг қўшимча билдиришларига қадар уларни тарк этмаслиги зарур.
Агар имконият мавжуд бўлса, вазият барқарорлашгунга қадар Исроил ҳудудини вақтинча тарк этиш тавсия этилмоқда.
Элчихона маълумотига кўра, Исроил–Миср чегарасидаги «Бегин» («Таба») чегара пункти 24 соат давомида ишламоқда.
Амалдаги ҳужжатларга эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари учун Синай яриморолига киришда виза талаб этилмайди.
Чегара йиғимларини ортиқча кечикишларнинг олдини олиш мақсадида онлайн тўлаш тавсия этилади.
Қолган қуруқликдаги чегара ўтиш пунктларидан фойдаланиш хавфсизлик нуқтаи назаридан тавсия этилмайди.
Шу билан бирга, Исроил–Миср чегараларидаги ўтиш пунктларининг иш режимида ўзгаришлар бўлиши мумкинлиги қайд этилган. Шу боис сафарни режалаштиришдан олдин долзарб маълумотларни аниқлаш муҳим.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter