Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Электр энергияни субсидиялаш учун ажратилган маблағ тизимни янгилашга ишлатилади

Электр энергияни субсидиялаш учун ажратилган маблағ тизимни янгилашга ишлатилади

Бугунги кунда республика истеъмолчиларига электр энергияси ва табиий газ учун 14 триллион сўмдан ортиқ субсидия бериляпти. Мазкур рақам жуда катта бўлиб, уни соҳани модернизация қилишга сарфлаш орқали аҳолининг электр энергияси ва табиий газга бўлган эҳтиёжини тўлақонли қондириш мумкин.

Ҳозир вазият қандай?

Давлат 14 триллион сўмдан ортиқ маблағни истеъмолчиларни субсидиялашга йўналтирмоқда. Натижада энергетика тизимида модернизация ишлари кўнгилдагидек кетмаяпти. Бунинг оқибатида эса аномал совуқ ёки аномал иссиқ маҳалида аҳолини энергия ресурслари билан тўлақонли таъминлашнинг имкони бўлмаяпти.

Свети ўчган ёки хонадонида газ бўлмаган одам учун эса яна ким ёмон – давлат ёмон! Оддий айтганда, давлат биз учун ҳам пул тўлагани ҳолда, биз яна уни айблаяпмиз. Тармоққа бозор механизмларининг жорий этилиши эса вазиятни тубдан ўзгартиради. Аввал субсидия учун ажратилган маблағлар энди тизимни янгилашга ишлатилади.

Бугун электр энергияси жами юқори кучланишли 84 та подстанция ва 11,7 минг километр электр узатиш тармоқлари ҳамда паст кучланишли 1 минг 789 та подстанция, 274,8 минг километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 94 мингга яқин трансформаторлар орқали етказиб берилмоқда.

Шундан 125 минг километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари, 912 та подстанция ва 33 мингдан ортиқ трансформаторлар 40 йилдан зиёд эксплуатация қилиб келиняпти.

Шунингдек, 2027 йилга бориб, 15,4 минг мегаватт янги ишлаб чиқариш қувватларини ҳамда 24 та электр станциясини (11 та иссиқлик электр станцияси ва 13 та гидроэлектр станцияси) ишга тушириш режалаштирилган. Шунда бу бор эҳтиёжни қондиришга етади.

Ушбу тармоқларни тўлиқ янгилаш ва қуриш мақсадида келгуси 5 йилда амалга оширилиши лозим бўлган ўта муҳим вазифалар турибди. Булар:

5,8 минг километр магистрал электр узатиш тармоқлари, 36 та подстанция ва жами 1 483,8 мегаватт қувватли энергия сақловчи (батарея) қурилмаларини қуриш (дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бунга 1,5 миллиард доллар маблағ талаб этилади);

56,3 минг километр тақсимлаш электр узатиш тармоқлари ҳамда 15,8 мингта трансформатор пунктини янгилаш (бунга 700 миллион доллар талаб этилади).

Аммо буларнинг барчасини амалга ошириш учун маблағ зарур. Янги тарифларга ўтилиши ҳар йили нархни субсидиялашга ажратилаётган катта маблағларни соҳага йўналтириб, мазкур ишларни жадаллаштиришга хизмат қилади.

Албатта, электр энергияси ва газ нархларини шакллантириш механизмларини либераллаштириш вақти аллақачон етиб келган.

Янги тариф тизимига ўтиш, аввало, давлат бюджетидан нархни ушлаб туришга йўналтирилаётган 14 триллион сўмдан зиёд субсидия маблағларининг бўшашига олиб келади. Ушбу маблағларни эса 30, 40 йиллар, баъзи жойларда 50 йилдан буён ишлатилиб келинаётган ва эскирган инфратузилмани модернизациялаш ҳамда янгилашга жалб қилиш имкони пайдо бўлади.

Бироқ энергиядан самарали фойдаланиш йўлга қўйилмас экан, тизим моддий-техника базасини янгилашга қанчалар эътибор қаратилмасин, энергия манбаларини ишлаб чиқариш нечоғли кўпайтирилмасин, ортиб бораётган талабни таъминлаш мушкул вазифа бўлиб қолаверади.

Шу боис нархларни эркинлаштириш сиёсати келгусида энергия сарфи миқдори устидан фуқароларнинг индивидуал назорати кучайишига, лоқайд ва самарасиз фойдаланишга чек қўйишга, тежамкорликка олиб келиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг