Электр истеъмоли бўйича бир хонадонда яшаётган уч-тўрт оила учун алоҳида ҳисобрақам очилиши мумкин
Жорий йилнинг 1 августидан республика бўйича биллинг тизими янгиланади.
Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Алвар Ғайбуллаев маълум қилди.
«Бугунги кунда ишлаётган биллинг тизими 2012 йилда жорий қилинган. Кейинги йилларда электр энергияга талабнинг шиддат билан ошаётгани ва замонавий биллинг тизимининг зарурлиги учун 2022 йилда техник шартлар ишлаб чиқилган. Жорий йилнинг 1 августидан эса республика бўйича биллинг тизими янгиланади», – дейди А.Ғайбуллаев.
Қайд этилишича, ҳозирда мазкур тизим синов тарзида Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жорий этилган. Амалдаги тизимда абонентнинг исм-фамилияси, паспорт маълумотлари ва ҳисоб-рақами бўлган бўлса, янги тизимда абонентнинг кадастр маълумотлари, битта одам номида нечта ҳисоб рақами борлиги каби маълумотлар жамланади. Янги тизимда мониторинг ишларини олиб бориш мақсадида истеъмолчининг шикоят ва таклифлари, уларнинг сони ҳам ёзиб борилади.
Мутахассис, шу билан бирга, 200 киловатт соат этиб белгиланган ижтимоий норма билан боғлиқ масалага ҳам тўхталиб ўтди.
«Ижтимоий норма масаласига келсак, битта кадастрга битта ҳисобрақами берилади. Бироқ айрим хонадонларда бир кадастр асосида тўрттагача оила мавжуд. Бундай хонадон 200 эмас, 800 киловатт соат электр энергиясини ишлатади. Шу асосда биз бир кадастр остида яшайдиган оилалар учун алоҳида ҳисобрақами ёки ижтимоий ҳолатга боғлаган ҳолда ечим қилиб бериш бўйича таклифлар бердик. Албатта, бу масалага ечим топилади», – дейди у.
А.Ғайбуллаев, шунингдек, шу ва бошқа ҳолатлар бўйича Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда ишланаётгани, шу сабабли, ҳар ойнинг бешинчи санасида агентликка бу ҳақида маълумотлар тақдим этиб борилаётгани ҳамда яқинда бу масалалар бўйича ҳам ечим бўлиши кўзда тутилаётганини маълум қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter