Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энди депорт қилинган фуқароларга 2 йил мобайнида хорижга чиқиш паспорти берилмайди

Энди депорт қилинган фуқароларга 2 йил мобайнида хорижга чиқиш паспорти берилмайди

Эндиликда, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ реадмиссия қилинган фуқароларга икки йил давомида хорижга чиқиш биометрик паспортини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатилмайди.

Бу борада Ҳукуматнинг «Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 313-сон қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан хорижий давлатнинг қонунчилик ҳужжатларини бузиши натижасида депортация қилинган, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузига ва обрў-эътиборига салбий таъсир кўрсатувчи хатти-ҳаракатларни содир этган фуқароларга доир маълумотлар Миграция жараёнларига доир маълумотларнинг ягона электрон базаси орқали юритилади.

Ягона маълумотлар базасига электрон реестр сифатида қуйидагилар киритилади:

  • Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларидан олинган маълумотлар;
  • Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан халқаро шартномаларга мувофиқ реадмиссия қилинган шахслар ҳақидаги маълумотлар;
  • Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ва унинг хориждаги ваколатхоналаридан (вакилларидан) олинган маълумотлар.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ реадмиссия қилинган фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4079-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ икки йил давомида хорижга чиқиш биометрик паспортини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатилмайди.

Бунда реадмиссия қилинган фуқароларга чет элга чиқиши учун биометрик паспорти расмийлаштириб бериладиган истисно ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

Маълумот учун, реадмиссия қилинган шахслар — Ўзбекистон ва бошқа давлатлар ўртасидаги халқаро келишувлар асосида, ўз ихтиёри билан ёки мажбурий равишда Ўзбекистонга қайтарилган фуқаролар ҳисобланади. Яъни, агар бирор ўзбекистонлик фуқаро чет элда ноқонуний қолган, визаси тугаган, депортация қилинган шахс Ўзбекистон томонидан қабул қилинади — бу жараён реадмиссия деб аталади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг