Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиби қандай?
«Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамага эълон қилинди.
Таъкидланишича, қуйидаги мақсадларда ер участкаларини компенсация эвазига олиб қўйиш жамоат эҳтиёжлари ҳисобланади:
— мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, махсус иқтисодий зоналарни ташкил қилиш ва уларнинг фаолият юритиши учун ерларни бериш;
— Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
— фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш (кенг тарқалган фойдали қазилмаларнинг конлари бундан мустасно);
— республика ва маҳаллий аҳамиятга эга бўлган автомобиль ва темир йўллари, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, туннеллар, энергетика ва алоқа тизими муҳандислик объектлари ва тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини, ирригация ва мелиорация тизимларини қуриш (реконструкция қилиш);
— аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига объектлар қуриш қисмида ижро этиш;
— давлат инвестицион дастурларида белгиланган давлат таълим, тиббиёт, маданият ва ижтимоий ҳимоя муассасаларни марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан қуришни назарда тутувчи лойиҳаларни амалга ошириш.
Қайд этилишича, ер участкасини олиб қўйиш бўйича очиқ муҳокама ташаббускор томонидан ташкил этилади ва муҳокама ўтказилиши жараёнининг мажбурий тартибда аудио- ва видео қайд қилиниши таъминланади. Очиқ муҳокама оммавий ахборот воситалари иштирокида ўтказилиши ва уларнинг иштироки ташаббускор томонидан таъминланиши шарт.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter