Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларнинг 12-пакетини тайёрлаяпти

Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларнинг 12-пакетини тайёрлаяпти

Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 12-пакетини тайёрлаяпти. Унга кўра 47 нафар россиялик ва яна Россиянинг 72 та ташкилоти санкция остига тушиши мумкин. Бу ҳақда Reuters ЕИ дипломатлари орасидаги манбаларига таяниб ёзмоқда.

Агентлик маълумотларига кўра, уларнинг Европага кириши тақиқланади ва минтақадаги активлари музлатилади.

«Еврокомиссия 12-санкция пакети доирасида ЕИ бош дипломати Жозеп Боррел билан қўшма таклифларни қабул қилди», – деб ёзади РБК Европа Иттифоқи вакилига таяниб.

Комиссия вакилига кўра, янги санкциялар пакети энди Европа Иттифоқига аъзо давлатлар томонидан муҳокама қилинади ва у бир овоздан қабул қилиниши керак.

«Биз бу масаланинг имкон қадар тезроқ кўриб чиқилишини таъминлаш учун ЕИ Кенгаши билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз», – дея қўшимча қилган Еврокомиссия вакили.

РБК суҳбатдошига кўра, 12-санкция пакети Россиянинг Европа ва ҳамкор мамлакатларга олмос экспортидан қиладиган даромадини қисқартиришга қаратилган.

Bloomberg нашрига кўра эса, 12-санкция пакети ЕИнинг Россияга дастгоҳлар, кимёвий моддалар, литийли аккумуляторлар, дронлар учун двигателлар экспортини тақиқлашни назарда тутади. Агентлик маълумотларида, шунингдек, чекловлар суюлтирилган пропан, мис ва алюминий сим, фолга ва қувурлар импортини ҳам ўз ичига олади.

Қолаверса, 1 январдан бошлаб Россия олмосларини ЕИ ҳудудига олиб киришни тақиқлаш ва билвосита чекловларни босқичма-босқич жорий этиш ҳам режалаштириляпти. Бу чора аввалроқ Боррелл томонидан ҳам эълон қилинган ва ўз навбатида ноябрь ойидаги «Катта еттилик» мажлисида Россия олмосларига қарши санкциялар бўйича келиша олмагани ҳам маълум эди.

«Янги чекловлар Россия экспорти ва импортига 5 миллиард евро зарар келтиради», – деб ёзади Bloomberg.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг