Европа Иттифоқи – Марказий Осиё: режадан амалий натижага ўтилмоқда
26 ноябрь куни Тошкентда Европа Иттифоқи – Марказий Осиё учинчи иқтисодий форуми бўлиб ўтди.
ЕИнинг юртимиздаги делегацияси матбуот хизмати хабар беришича, форумда икки минтақа раҳбарлари иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, стратегик инвестицияларни илгари суриш ва барқарор ўсишни рағбатлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
ЕИнинг “Глобал дарвоза” стратегияси доирасидаги йирик мақсадларни амалий натижаларга айлантириш учун асосий майдон бўлиб хизмат қилган анжуманда давлат молиясини ислоҳ қилиш, ресурсларни масъулиятли бошқариш, чегараларни бошқариш ҳамда минтақавий экологик тиклашни қўллаб-қувватловчи бир қатор йирик дастурлар имзоланди.
Тадбирда Ўзбекистонни мамлакат бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев тамсил этди.
Форум давомида Европа Иттифоқининг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Йозеф Сикела қуйидаги икки томонлама ва минтақавий келишувларни тақдим этди.
• DATA4CRM – геомаълумотларни бошқаришни такомиллаштириш.
Европа жамоасининг (Team Europe) умумий қиймати 7,5 миллион евролик ушбу ташаббуси геомаълумот тизимларини модернизация қилиш, геологик маълумотларга киришни яхшилаш ва муҳим хомашё секторига инвестицияларни рағбатлантиришга қаратилган. Лойиҳа ЕИ (5 млн евро) ва Финляндия ташқи ишлар вазирлиги (2,5 млн евро) ўртасида имзоланган бўлиб, замонавий ва ишончли геологик маълумотларга бўлган инвесторлар эҳтиёжига жавоб беради.
• SECURE CRM – Марказий Осиёда хомашё қиймат занжирларини мустаҳкамлаш.
Умумий қиймати 3 миллион евро бўлган ушбу лойиҳа БМТнинг Ресурслар таснифи бўйича (UNFC) стандартларига мувофиқ бошқарувни кучайтириш орқали масъулиятли ва шаффоф таъминот занжирларини ривожлантиради. Лойиҳа Европа Иттифоқи ва UNODC/UNECE ўртасида имзоланган бўлиб, минтақанинг глобал талабни қондириш имкониятини кучайтиради, шу билан бирга барқарорлик ва трансчегаравий ҳамкорликни таъминлайди.
• GROW CRM – Марказий Осиёда муҳим хомашё фаолиятини кенгайтириш.
Умумий қиймати 3 миллион евро бўлган ушбу ҳамкорлик ЕТТБ билан биргаликда янги CRM лойиҳаларини ишлаб чиқиш, техник-иқтисодий асослаш тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш ва тартибга солиш тизимларини такомиллаштиришни назарда тутади. Бу минтақада хилмахиллашган ўсиш ва масъулиятли ресурсларни бошқариш учун мустаҳкам пойдевор яратади.
• Оролбўйи лойиҳаси.
Қуйи Оролбўйи ҳавзасида деградацияга учраган ерларни тиклашга қаратилган кўкаламзорлаштириш дастури экологик тикланиш, ижтимоий-иқтисодий жонланиш ва барқарор ер ресурсларидан фойдаланишни қўллаб-қувватлайди. ЕИ ушбу дастурга 8,8 миллион евро ажратади. EIB ва AFD эса ҳар бири 20 миллион евро миқдорида кредит билан ҳисса қўшади.
• Марказий Осиёда чегараларни бошқариш дастури (BOMCA) ва Марказий Осиё гиёҳвандликка қарши дастури (CADAP).
BOMCA ва CADAP дастурлари 2003 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. BOMCA (12 миллион евро) хавфсизликни ва чегара ҳудудларида яшовчи аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган бўлиб, бу зиддиятларнинг асосий омилларидан биридир.
CADAP дастури эса сезиларли даражада оширилган 18 миллион евролик бюджет билан гиёҳвандликнинг олдини олиш бўйича ҳозирги фаолиятни давом эттиради ҳамда наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш бўйича янги йўналишни қўшади.
“2025 йил Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи “Глобал дарвоза” стратегияси доирасида биргаликда қанча натижа бера олишини яна бир бор исботлади. Биз имкониятлардан рақамли ўзаро обоғлиқлик, тоза энергия ва замонавий транспорт йўналишларида амалий натижаларга ўтмоқдамиз. Бунга яққол мисол – муҳим хомашёлар бўйича ҳамкорлигимиздир. Бугун мен бошқарувни кучайтирадиган, стандартларни оширадиган ва Европа инвесторларининг асосий тўсиқларини бартараф этадиган учта янги муҳим хомашёлар бўйича лойиҳани эълон қилдим. Ушбу ташаббуслар орқали биз барқарор ўсишни қўллаб-қувватлаймиз, чидамлилигимизни мустаҳкамлаймиз ва иккала минтақа учун янги имкониятлар очамиз”, – деди ЕИнинг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Йозеф Сикела.
Учинчи бор ўтказилган иқтисодий форум ЕИ ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг тобора мустаҳкамланаётганини яққол намоён этди.
“Самарқандда илк бор ўтказилган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммити, Ашхободда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ва Вазирлар учрашуви ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийларини яқинда Брюсселга амалга оширган ташрифидан сўнг, Тошкентдаги форум Европа Иттифоқи – Марказий Осиё ҳамкорлигини янги стратегик босқичга олиб чиққан йилнинг навбатдаги муҳим воқеасига айланди”, – деб форумга баҳо берди ЕИ делегацияси.
Форум, шунингдек, икки минтақа ўртасидаги устувор йўналишларнинг тобора уйғунлашаётганини тасдиқлади. Хусусан, муҳим хомашёлар, рақамли трансформация, энергетика инфратузилмаси ҳамда бошқарув ислоҳотлари соҳаларида сезиларли яқинлашув кузатилди. Тошкентда келишилган натижалар ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда минтақа бўйлаб барқарорлик ва фаровонликни илгари суришда муҳим қадам ҳисобланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter