Фарғона прокуратураси 2 кишининг ўлими ортидан қўшимча текширув бошлади
Фарғона шаҳар прокуратураси 2 кишининг ўлими ва бир кишининг номаълум моддадан заҳарланиб шифохонада даволаниб чиққани юзасидан қўшимча текширув бошлади.
Бунга ижтимоий тармоқларда Фарғона шаҳрида яшаган 2 нафар фуқаронинг номаълум моддадан заҳарланиши оқибатида вафот этганлиги, бироқ ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилмаганлиги ҳақидаги видеомурожаати сабаб бўлган.
Аниқланишича, 2022 йилнинг 26 декабрида Фарғона шаҳридаги хонадонларнинг бирида Б.Эралиев танишлари А.Аминжонов ва Х.Мухторовлар билан бирга номаълум моддадан заҳарланиб, Б.Эралиев ва А.Аминжоновлар воқеа жойида вафот этган. Х.Мухторов эса оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.
Ўша пайтда ҳодиса жойи шаҳар прокурори раҳбарлигида, суд тиббий экспертиза бўлими эксперти, тезкор-тергов гуруҳи, ФВБ Фарғона шаҳар бўлими, СЭО ва ЖСХ шаҳар бўлими ва «Ҳудудгаз Фарғона» ГТФ шаҳар бўлими ходимларидан иборат мутахассислар иштирокида кримтехника воситалари ёрдамида кўздан кечирилган.
Мурдалар кўздан кечирилганида, уларда ташқи тан жароҳатлари ва улардан қолган излар аниқланмаган.
Терговга қадар текширув натижасига кўра, фуқаролар Б.Эралиев ва А.Аминжоновларнинг ис газидан заҳарланиб вафот этганлиги ҳолати бўйича Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатиш рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Мазкур қарорнинг қонунийлиги ўрганилиб, бекор қилинган ва ҳозирда қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter