Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фарғонада кўп қаватли уйлар орасидаги қурилишлар тўхтатилади

Фарғонада кўп қаватли уйлар орасидаги қурилишлар тўхтатилади

Фото:«ЎзА»

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳридаги Дўстлик ҳамда Гулзор маҳалласида аҳолиси яшаш шароитларини ўрганди. Мазкур жараёнда кўп қаватли турар-жойлар орасида яшил майдонлар ҳудудидаги дарахтлар кесилгани, болалар ва спорт майдончалари бузилгани ва ўрнига янги бинолар қурилиши бошланганига гувоҳ бўлинган, дея ёзмоқда ЎзА.

Аҳоли вилоят ҳокими билан мулоқот чоғида янги қурилаётган бинолар сабабли маҳаллада яшаш учун ноқулайликлар пайдо бўлгани, болалар учун очиқ ҳавода ўйнаш, катталар ва кексалар учун сайр қилишга имконият қолмаганини билдиришди.

Вилоят раҳбари шаҳар ҳокими ва прокурорига бугундан эътиборан Фарғона шаҳрида кўп қаватли турар-жойлар ўртасида олиб борилаётган барча қурилишларни тўхтатиш ҳамда бундай қурилишларга рухсат бериш билан боғлиқ қарорларни бекор қилиш юзасидан топшириқ берди.

Пойдевор учун қазилган котлованлар барчаси кўмиб ташланади, қурилиши якунлашиш босқичида бўлган иншоотларнинг ҳар бирининг қонунийлиги бўйича шаҳар прокуратураси ўрганиш олиб боради. Барча ҳудудларда бузиб ташланган болалар ҳамда спорт майдончалари қайта тикланади, қурилиш эгалари кесилган ҳар бир дарахт ўрнига 100 тупдан манзарали дарахт экиши таъминланади.

Тўхтатилган қурилишлар ўрнига тадбиркорларга бино қуриш учун бошқа жойдан ер майдони таклиф этилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг