Фидан: Туркия Евроиттифоқдан аъзолик борасида сиёсий ирода кутаяпти
Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан Германиянинг Welt am Sonntag газетасига берган интервьюсида Анқара Европа Иттифоқи (ЕИ) томонидан аъзо бўлиш масаласидаги сиёсий иродани қайта тиклашни кутаётганини маълум қилди.
Фиданнинг таъкидлашича, Туркия узоқ йиллардан бери ЕИ билан интеграцияни стратегик мақсад сифатида кўриб келади ва мамлакатнинг асосий истаги – Иттифоқнинг тўлиққонли аъзоси бўлиш.
Вазирнинг сўзларига кўра, Туркия ўз келажагини Европанинг сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик тизими билан боғлайди. Бироқ Анқара фикрича, Европа томонидан қўлланилаётган танқидлар аксар вақт субъектив бўлиб, реал сиёсий манфаатлар билан уйғун эмас. ЕИга аъзо бўлиш жараёни эса «объектив мезонлар»га асосланиши керак.
Фидан Европа мамлакатларининг Туркияга нисбатан муносабатида сиёсий омиллар устун келаётганини қўшимча қилган.
Ҳакан Фидан ушбу фикрларни Германияга амалга оширилган расмий ташрифи доирасида билдирди. Унинг таъкидлашича, Туркия–Европа Иттифоқи муносабатлари ҳозирча суст кечаётган бўлса-да, Анқарада музокараларни қайта жонлантириш бўйича умид мавжуд.
Маълумот учун, Туркиянинг ЕИга аъзо бўлиш жараёни 1999 йилда расман бошланган, аммо сўнгги ўн йилликда сиёсий келишмовчиликлар, ҳуқуқий стандартлар, инсон ҳуқуқлари ва Шарқий Европадаги геосиёсий муаммолар сабаб музокаралар деярли тўхтаган.
Анқара эса ЕИ билан божхона иттифоқини янгилаш, муҳожирлар масаласидаги ҳамкорлик ва хавфсизлик соҳасидаги яқинликни сақлаб қолишга интилиб келади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter