Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ФНҚИЗ хомашёни қайта ишлаш ҳажмини икки баробар кўпайтиришни режалаштирмоқда

ФНҚИЗ хомашёни қайта ишлаш ҳажмини икки баробар кўпайтиришни режалаштирмоқда

«Sanoat Energetika Guruhi» (Saneg) МЧЖ ХК томонидан Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини модернизациялаш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Модернизация жараёни тугаллангач, 2024 йилга келиб ФНҚИЗда хомашёни қайта ишлаш ҳажмини икки баробарга, яъни йилига 2 млн тоннагача, углеводородларни қайта ишлаш чуқурлигини эса 87 фоиздан 92 фоизгача ошириш имконияти туғилади.

«Лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасининг нефт маҳсулотларига бўлган тобора ортиб бораётган эҳтиёжини қондиришдан иборат. ФНҚИЗни модернизация қилиш заводда ишлаб чиқарилаётган нефт маҳсулотлари сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш, хусусан, мотор мойлари сифатини «Евро-5» тоифасигача, ёғлаш учун ишлатиладиган мойларни API бўйича II+/III гуруҳ даражасигача ошириш имконини беради. Янги турдаги маҳсулотлар экологик жиҳатдан тоза бўлиб, ташқи бозорда хорижий иштирокчилар билан рақобатлаша олади», — дейди Saneg компанияси бош директори Шокир Файзуллаев.

Айни пайтда модернизация лойиҳаси доирасида жиҳозларнинг қарийб 40 фоизи етказиб берилган. Кимёвий сув тайёрлаш қурилмасига эга бўлган буғ қозонини лойиҳалаш ва қуриш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Гидрокрекинг, водород ишлаб чиқариш, қисқа циклли ажратиш ускуналари қурилмоқда.

Шунингдек, ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнларини бошқариш бўйича ягона марказ қурилиши ҳам давом эттирилмоқда. Бирлаштирилган диспетчерлик хонаси мутахассислари учун иш ўринлари сони 200 дан ортади.

Углеводородларнинг йўқотилиш ҳажмини камайтириш ва завод резервуарлар паркини янгилаш модернизация лойиҳасининг муҳим жиҳати ҳисобланади. Шу муносабат билан ФНҚИЗ лойиҳа-конструкторлик бўлими томонидан 36 та янги резервуарларни қуриш бўйича лойиҳа тайёрланган бўлиб, айни пайтда халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда уларни ишлаб чиқариш жараёни йўлга қўйилмоқда.

Заводнинг тобора кўпайиб бораётган қувватларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида умумий узунлиги 12 км бўлган янги ташқи газ қувурини ётқизиш бўйича техник топшириқлар тайёрланди. Ишчи лойиҳага мувофиқ қурилиш материаллари ва ускуналари харид қилинди, қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилди.

Эски тозалаш иншоотларини нефт маҳсулотларидан тозалаш жараёни давом этаётган бўлиб, кейинчалик иккиламчи қайта ишланганидан кейин улардан яна фойдаланилади. Бу компаниянинг экологик хавфсизлик бўйича мажбуриятларининг муҳим қисмидир.

Модернизация лойиҳасини амалга ошириш ишларига жами 100 дан зиёд махсус техника ва 1000 дан ортиқ ишчи жалб этилган. Бугунги кунда заводда жами 4173 киши меҳнат қилмоқда.

Модернизация ишларининг якунланиши Фарғона НҚИЗнинг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини ошириш имконини беради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг